Карвонсарой
Энергия

Қозоғистон ва Ўзбекистондаги таҳлилчилар Россиянинг «газ иттифоқи» таклифига шубҳа билан қарамоқда

Рустам Темиров

Август ойида Ўзбекистоннинг Наманган шаҳридаги маҳаллий аҳоли газ баллонларини харид қилмоқда. [Тоҳир Турсунов]

Август ойида Ўзбекистоннинг Наманган шаҳридаги маҳаллий аҳоли газ баллонларини харид қилмоқда. [Тоҳир Турсунов]

ТОШКЕНТ – Россиянинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан табиий газ бўйича уч томонлама иттифоқ тузиш таклифи иккала мамлакат кузатувчиларида шубҳа уйғотган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қайта сайланганидан бир неча кун ўтиб, Москвага амалга оширган илк расмий ташрифи чоғида – 28 ноябр куни шундай таклиф билдирилгани ҳақида маълум қилди.

«[Россия президенти] Владимир Путин ва Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия газини Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали ташиш чораларини мувофиқлаштириш мақсадида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан иборат «уч томонлама газ иттифоқини» тузиш масаласини муҳокама қилдилар». Tengrinews.kz хабарига кўра, бу ҳақда Тўқаевнинг матбуот котиби Руслан Желдибай воқеадан бир кун ўтиб маълум қилган.

Шу куннинг ўзида Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак журналистларга давлат раҳбарлари Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида газ иттифоқи тузиш имкониятини муҳокама қилганини тасдиқлади, деб хабар беради «ТАСС».

Марказий Осиё давлатлари – Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги белгиланган табиий газ заҳиралари чапдан ўнгга триллион кубометрларда кўрсатилган. Оч кўк, яшил ва тўқ кўк устунларда мос равишда OPEC, British Petroleum ва мамлакатлар миллий газ компанияларининг баҳолари акс эттирилган. [Карвонсарой]

Марказий Осиё давлатлари – Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги белгиланган табиий газ заҳиралари чапдан ўнгга триллион кубометрларда кўрсатилган. Оч кўк, яшил ва тўқ кўк устунларда мос равишда OPEC, British Petroleum ва мамлакатлар миллий газ компанияларининг баҳолари акс эттирилган. [Карвонсарой]

Иттифоқ газ ташиш, экспорт қилиш, қайта ишлаш ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорликни қамраб олади, деди у.

«Ҳа, шундай ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилмоқда, чунки Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон СССР давридан бери умумий газ транспорти тизимига эга», деди Новак.

Хитой газ ва газ маҳсулотлари экспорт қилинадиган йўналишга айланиши мумкин, деб қўшимча қилди у.

Таклиф «ўрганиб чиқилиши керак», деб айтган Тўқаев.

Айни пайтда расмий Тошкент бу борада сукут сақламоқда.

Новак ўтган жума (2 декабр) куни Самарқандга ташрифи чоғида Ўзбекистон ушбу иттифоққа қизиқиш билдираётганини айтган бўлса-да, ўзбекистонлик сиёсатчилардан ҳеч бири бу ҳақда очиқ баёнот бермаган.

Марказий Осиё назорати

Иттифоқ тузиш ғояси Тошкент (ёки Остона) билан келишилмаган, балки Тўқаевнинг ташрифи чоғида қўққисдан пайдо бўлиб, Марказий Осиёдагиларни шошириб қўйди, деди Лондондаги Central Asia Due Diligence ташкилоти директори Алишер Илҳомов.

Илҳомовнинг сўзларига кўра, Кремл Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида Россиянинг эҳтимолий ҳарбий таҳдидларига қарши тура оладиган потенциал иттифоқ тузилишидан «жиддий хавотирда».

Бундай иттифоқ Туркия ёки ҳатто НАТОнинг бошқа давлатлари таъсирига тушиши мумкин, дейди у.

1993 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг собиқ президентлари Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевлар Марказий Осиё Иттифоқини тузганида, Кремл ўзини аъзоликка «таклиф» қилиб, лойиҳага путур етказган эди, деди у.

Кейинчалик Москва бу иттифоққа раҳбарлик қилишга уринган бўлар эди, охир-оқибат бу Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) ўз аксини топди.

Россия постсовет ҳудудидаги энергетик оқимларни қатъий назорат қилмоқчи, дейди тошкентлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

«У аллақачон Ўзбекистон ва Туркманистон қувурларини назорат қилмоқда. Шундай экан, бу иттифоқ тузиладиган бўлса, Ашхободнинг унга қўшилишдан бошқа чораси қолмайди», деди у Карвонсаройга.

«Россия Марказий Осиёни назорат қилади, энди эса Хитойдаги энергия олди-сотдисини ҳам назорат қилмоқчи».

Россия анчадан бери газдан сиёсий таъсир ва қўрқитиш воситаси сифатида фойдаланиб келади, дейди Олмаотадаги Public Policy Research Center маркази директори Меруерт Махмутова.

«Европа бозорини бой бериб бўлган Кремл энди янги бозорларни қидирмоқда. Унинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ иттифоқи тузишни таклиф қилганини шундай изоҳлаш мумкин», дейди Махмутова.

Бугунги кунда Путин ниҳоятда оғир, нохуш ва умуман ёмон аҳволга тушиб қолди, дейди қозоғистонлик иқтисодчи Айдар Алибоев Карвонсарой нашрига.

Кўп сонли санкциялар ва халқаро изоляция, шунингдек, Европа Иттифоқи тарафидан Россиянинг терроризм ҳомийси деб эълон қилиниши унга жиддий босим бўлди, деди у.

Россия 24 феврал куни Украинага бостириб кирганидан бери халқаро ҳамжамиятининг босими остида қолган.

«Бундай шароитда МДҲдаги қўшнилар билан исталган соҳадаги ҳар қандай иттифоқ, унинг учун тоза ҳаводан нафас олишдек гап ва ҳали ҳаммаси ҳам йўқотилмаганидан далолатдир. Россия бу билан яккамохов эмаслиги, ким биландир дўст бўла олишини кўрсатиб қўймоқчи», деди Алибоев.

Қозоғистон ЕОИИ, КХШТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо, аммо бу иттифоқлар анча олдин тузилган, деди у.

«Террорчи деб эълон қилинган давлат билан ҳозир қандай шартнома имзолаш мумкин?»

«Бугунги кунда бу иттифоқ ҳеч қайси давлатга керак эмас», деди Алибоев Ўзбекистон ва Қозоғистонни назарда тутиб.

Нотўғри қадам

Катта эҳтимол билан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Россиянинг таклифини индамай рад этади, дейди таҳлилчилар.

Бу иттифоқ газ масаласида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистоннинг манфаатларига мутлақо жавоб бермайди, дейди Илҳомов.

Аксинча, у зарар келтиради. Газ иттифоқига кирганидан кейин Тошкент муқобил савдо ва логистика йўналишларини ривожлантириш, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида НАТО давлатлари билан ҳамкорлик қилишга оид режаларини Москва билан мувофиқлаштиришга мажбур бўлади, деди у.

Тошкент ўз хатти-ҳаракатлари учун Кремлнинг маъқулловини олиши (ёки олмаслиги) керак бўлади.

Қозоғистонда газнинг 80 фоизи «КазМунайГаз» (Қозоғистон давлат нефт-газ компанияси) иштирокидаги Ғарб компаниялари консорциуми томонидан ишлаб чиқарилади. Улар санкциялар хавфи мавжуд бўлган лойиҳаларга қўшилиши даргумон, деди Махмутова.

«Мамлакат ичидаги газ истеъмоли йил сайин ўсиб бормоқда. 2025 йилдан кейин Қозоғистонда экспорт учун газ қолмаслиги мумкин», деб қўшимча қилди у.

Россия таклиф қилаётган газ блокидан Қозоғистон учун ягона потенциал фойда – «газ транзитишдан даромад олиш. Лекин, юқоридагилар ҳисобга олинса, бундай даромаднинг барқарорлигига шубҳа бор», деди Махмутова Карвонсаройга.

Шунингдек, Махмутова Тошкентнинг позицияси Остонаникига яқин бўлишига шубҳа қилмаяпти.

У «Қозоғистон билан бир хил хатарларга» дуч келади: ички газ истеъмолининг ўсиб бориши ва Россия билан савдо қилганлик учун халқаро жазо сифатида иккиламчи санкциялар хавфи, деди у.

«Будапешт меморандуми каби халқаро миқёсда имзоланган шартномаларни қўпол равишда бузган Россия билан ҳар қандай битим асосланмаган хатардир», деб қўшимча қилди Махмутова 1994 йилда Россиянинг хавфсизлик кафолатлари эвазига ядро қуролидан воз кечган Украина иштирокидаги шартномани назарда тутиб.

Сиёсатшунос Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистон газ иттифоқига қўшилишни истамаяпти.

Ўзбекистон «жамоавий Ғарб» ва ўз қўшнилари билан муносабатларни кучайтирмоқда, дейди у.

«Ўйлайманки, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон-Қозоғистон жуфтлиги Ғарбга векторни кучайтиради. Энергетика иттифоқини тузиш таклифи жуда силлиқ ва дипломатик йўл билан рад этилади», деди Раббимов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500