Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия расмийлари тилни яхши билмайдиган меҳнат мигрантларини жаримага тортишни таклиф қилмоқда

Рустам Темиров

2011 йил 24 ноябр куни Санкт-Петербургдаги дўкон яқинида араваларни йиғиб юрган Марказий Осиёлик меҳнат мигранти. [Ольга Малцева/AFP]

2011 йил 24 ноябр куни Санкт-Петербургдаги дўкон яқинида араваларни йиғиб юрган Марказий Осиёлик меҳнат мигранти. [Ольга Малцева/AFP]

ТОШКЕНТ – Россиялик амалдорлар мамлакатга иш излаб келаётган муҳожирларни ёмонотлиқ қилишга навбатдаги уриниш ўлароқ, рус тилини яхши билмайдиганларни жаримага тортишни таклиф қилишмоқда.

Россия ички ишлар вазирлигининг (МВД) миграция масалалари бўйича бош бошқармаси директори Валентина Казакова 23 март куни ҳукумат «тил рейтинги» паст бўлган хорижлик меҳнат муҳожирларидан жарима ундириши кераклигини айтган.

Бу ҳақда Россия давлат Думасидаги давра суҳбати чоғида маълум қилинган.

Ҳукумат рейтинг тизимини жорий қилган тақдирда, меҳнат муҳожирларига тилга оид ҳар қандай камчиликларини бартараф этиши учун «мослашиш даври, масалан, меҳнат мигранти ID-карта олганидан кейин бир ойдан уч ойгача» муддат бермоқчи, деди Казакова.

Сахарова (Россия)даги мигрантлар билан ишлаш марказида ўтирган меҳнат муҳожирлари, 23 феврал. [Даниил Каримов]

Сахарова (Россия)даги мигрантлар билан ишлаш марказида ўтирган меҳнат муҳожирлари, 23 феврал. [Даниил Каримов]

23 феврал куни Москвада қор кураётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари. [Даниил Кариимов]

23 феврал куни Москвада қор кураётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари. [Даниил Кариимов]

Департамент шахснинг рус тилини қай даражада билишини баҳолаш алгоритми асосида ҳисобланадиган балл тизимини таклиф қилмоқда, деди у.

Мигрантларни рус тилини билиш даражаси бўйича бир неча тоифаларга бўлиш кўзда тутилмоқда.

Паст рейтинг олган мигрантлар жаримага тортилиши мумкин. Бошқа томондан, юқори рейтингли ишчиларга солиқ имтиёзлари ваъда қилинмоқда.

Солиқ имтиёзлари тил билишнинг бошланғич даражаси учун – 10%, ўрта даража учун 15% ва юқориси учун 20% гача. Она тили рус тили бўлган мигрантлар солиқдан 50% чегирма олиши мумкин.

Аксилиммиграция сиёсати

Бу таклиф оммавий аксилиммиграцион ксенофобиядаги навбатдаги бурилишдир, дейди асли ўзбекистонлик ҳуқуқбон Валентина Чупик.

Унинг мақсади – жамоатчилик эътиборини ҳақиқий муаммолардан чалғитиш ва «ҳаммаёқни эгаллаётган, руслардан иш ўринларини тортиб олаётган, калтафаҳм ва маданиятсиз рус бўлмаганлар»га нисбатан нафратни кучайтириш, деди у.

Чупик Путиннинг 2013 йилда ўз машҳурлигини ошириш йўлидаги уринишини эслатиб ўтган. Ўша йили, уруш бўлмаса ҳам, Путин Москвада мигрантлар лагерларини ташкил қилди, унинг машҳурлиги эса барибир тушиб кетди, дейди у.

«Энди унинг машҳурлиги яна пасайиб бораётганини кўряпмиз», деди Чупик.

Ҳозирги вақтда ишлашга рухсат олиш учун мигрантлар рус тили ва тарихини ҳамда Россия қонунчилиги асосларини қамраб олувчи имтиҳон топширишлари талаб этилади.

Ўзбекистоннинг Андижон вилоятилик меҳнат мигранти 35 ёшли Абдурасул Мирзакаримов илк бор 16 ёшида Россияга келганида рус тилини умуман билмас эди.

У новвойхонада, қурилишда ва омборларда ишлади, ҳозир эса Москвада такси ҳайдайди.

Россия расмийларининг меҳнат мигрантларини жаримага тортиш таклифи барбод бўлиши муқаррар, чунки Россиядаги мавжуд тест тизими коррупциялашган, дейди Мирзакаримов.

«Рус тилини шу ерга келиб ўргандим. Умуман олганда, кўпчилик мигрантлар бу ерга рус тилини билмасдан келади ва бу нафақат Ўзбекистон фуқароларига, балки МДҲнинг бошқа давлатларидан келган мигрантларга ҳам тегишли».

«Ишлашга рухсатнома олиш учун рус тилидан имтиҳон топширдим, лекин кўпчилик яхши балл олиш учун шунчаки пул беради», деди Мирзакаримов бундай пора 50-100 доллар эканини таъкидлаб.

Рус тилини ўрганишга рағбат йўқ

Ҳуқуқшунос ва Migrant.uz сайти муҳаррири Ботиржон Шермуҳаммедов сўнгги пайтларда муҳожирларнинг рус тилини ўрганишга ва бу тилда эркин мулоқот қилишга интилаётганини қайд этди.

«Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги рус тили билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда», деди у уларнинг «кўпчилиги тилни ўрганмаслигини» қўшимча қилиб.

«Аммо мезбон давлат истак билдиришдан бошқа ҳеч қандай ёрдам бермади. На юзма-юз, на онлайн бепул ўқув курслари йўқ», деди у.

Унинг айтишича, гарчи Россиянинг ўзи бундан манфаатдор бўлса-да, мамлакатда мигрантларга рус тилини ўргатиш бўйича ҳеч қандай ташаббус йўқ. Қайтанга, ҳукумат рус тилини яхши билмайдиган мигрантларни жаримага тортиш ғоясини илгари сурмоқда.

Иш берувчига қандай ишчи ва рус тилини билиш даражаси кераклигини бозорнинг ўзи белгилайди, деди у.

Агар иш берувчи рус тилини яхши билмайдиган конкрет одамга муҳтож бўлмаса, уни ишга олмайди, деди Шермуҳамедов. Шунда мигрантда тил ўрганиш учун рағбат пайдо бўлади.

Қурилишдаги ишчи билан дўкондаги сотувчи ёки кассирдан рус тилини бир хил даражада билишни талаб қилиш тўғри эмас, деб қўшимча қилди у.

«Жарима солишдан олдин рус тилини ўрганиш учун шароит яратиш ва рағбат ҳосил қилиш керак», деди у.

Москва ва бошқа йирик шаҳарларда мигрантларга рус тилини билиш шарт бўлмаган айрим ҳудудлар бор – у ерда ўзбек ва тожик тилларини билиш етарли, дейди Шермуҳамедов.

«Мигрантларнинг Россия жамиятига мослашиши ва интеграциялашувига эришишнинг энг оддий йўли – бу жарима солиш ва жазолаш эмас, балки ўқитиш ва таълим беришдир», деди у.

«Шунингдек, аввалдан белгиланмаган ҳар қандай мураккаб талаблар Россия воқелиги шароитида коррупцияни пайдо қилади», деди у. «Муҳожирлардан рус тилини билишни талаб қилинса-ю, аммо уларга ҳеч қандай ёрдам берилмаса, муҳожирлар шунчаки пул сарфлашади, холос».

«Бу яхшиликка олиб келмайди»

Бишкеклик журналист Одил Турдиқуловнинг айтишича, Россия доимо дилеммага дуч келган ва у Путин ҳукмронлиги даврида янада кучайган.

Бир томондан, ишчи кучининг етишмаслиги ва бошқа иш ўринларини Марказий Осиёлик мигрантлар билан тўлдириш зарурати мавжуд. Бошқа томондан, миллатчилик ва постколониал синдром деб аталадиган кайфият кучаймоқда, бу эса Кремлнинг турли миллатчи гуруҳлар билан ўйин олиб боришига сабаб бўлмоқда.

«Умуман олганда, буни калтабин сиёсат деб биламан», деди Турдиқулов. «Бу яхшиликка олиб келмайди. Мигрантлар Пушкин ёки Лев Толстой каби рус тилида гапириш керак бўлмайдиган жойларда ишлашади. Лекин уларнинг ҳар бири бошланғич даражада мулоқот қила олади».

Турдиқуловнинг фикрича, ҳукуматнинг «тил рейтинги» ва рус тилини яхши билмаганларни жаримага тортишга оид янги ғояси соф сиёсий ўйин бўлиб, минтақада салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

«Қирғизистонда ҳам... рус тилини расмий тил мақомидан маҳрум қилиш ҳақидаги гап-сўзлар янграмоқда... Менимча, бу режа мутлақо тескари натижа бериши мумкин», дейди у. «Шундай экан, яна бир бор таъкидлаб айтишим мумкинки, бу узоқни кўра билмайдиган сиёсат.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Албатта, рус тилини билишса керак. Фақат русларнинг ўзлари. Мигрантлар бошқа давлат фуқаролари, уларни тинч қўйинг.

Жавоб бериш

Россия ва Хитой қўшнилари учун энг хавфли маслакатлар ҳисобланади.

Жавоб бериш

Қирғизистондаги мигрантлар, айниқса русларни ОДДИЙ ҚИРҒИЗ ТИЛИНИ билмагани учун жаримага тортишни таклиф қиламан! Шунингдек, Қирғизистон қонунчилигида рус тилининг расмий мақоми олиб ташлансин.

Жавоб бериш

Бу нацизм!

Жавоб бериш