Карвонсарой
Дин

Мусулмонлар Хитойнинг масжидларни бузиши ва исломни «хитойлаштиришига» қаршилик кўрсатмоқда

Карвонсарой

Пекиндаги ёпиқ Нюцзе масжиди олдидан ўтиб кетаётган эркак, 2022 йил, 3 апрел. Хитойда ҳукуматнинг «хитойлаштириш» режаси доирасида масжидларнинг минора ва гумбаз каби арабча ва исломий услубдаги архитектураси бузиб ташланмоқда. [Ноэл Селис/AFP]

Пекиндаги ёпиқ Нюцзе масжиди олдидан ўтиб кетаётган эркак, 2022 йил, 3 апрел. Хитойда ҳукуматнинг «хитойлаштириш» режаси доирасида масжидларнинг минора ва гумбаз каби арабча ва исломий услубдаги архитектураси бузиб ташланмоқда. [Ноэл Селис/AFP]

ПЕКИН – Хитой жануби-ғарбидаги тоғларда жойлашган Юннан провинцисиядаги Нагу қишлоғида маҳаллий мусулмонлар ҳукумат томонидан масжидларининг айрим қисмлари бузилишига қаршилик қилишмоқда.

Нацзяин масжиди шаҳарчада яшовчи хуэй мусулмон озчилигининг фахри ҳисобланади.

Илк марта 1370 йилда қурилган масжид бир неча марта кенгайтирилган. 2001 йилда янги масжид биноси барпо этилган. Оқ рангли баланд иншоот беш қаватдан, 10 минг кв.м. зал, 72 метрдан баланд тўрт минора ва яшил гумбаздан иборат.

Ҳозир эса бу масжид Хитой президенти Си Цзинпиннинг «хитойлаштириш» кампанияси доирасида нишонга олинган.

27 май куни эрталаб Хитойнинг Юннан провинциясидаги Нацзяин масжиди ташқарисида маҳаллий мусулмонлар полиция билан тўқнашди. Низо ҳукуматнинг масжидни мажбуран бузиш режаси туфайли келиб чиққан, деб ёзади «Teacher Li is Not Your Teacher» Twitter аккаунти. [@whyyoutouzhele/Twitter]

27 май куни эрталаб Хитойнинг Юннан провинциясидаги Нацзяин масжиди ташқарисида маҳаллий мусулмонлар полиция билан тўқнашди. Низо ҳукуматнинг масжидни мажбуран бузиш режаси туфайли келиб чиққан, деб ёзади «Teacher Li is Not Your Teacher» Twitter аккаунти. [@whyyoutouzhele/Twitter]

Ҳукуматнинг Юннан провинциясидаги Нацзяин масжидини мажбуран бузиб ташлаш режаси ортидан юз берган намойишлар ортидан 27 май куни воқеа жойига полициячилар юборилган. [@whyyoutouzhele/Twitter]

Ҳукуматнинг Юннан провинциясидаги Нацзяин масжидини мажбуран бузиб ташлаш режаси ортидан юз берган намойишлар ортидан 27 май куни воқеа жойига полициячилар юборилган. [@whyyoutouzhele/Twitter]

Полиция Хитойнинг Юннан провинциясидаги Нацзяин масжидидан одамларни чиқариб, ортига қайтгач, маҳаллий мусулмонлар масжидга кириб ҳавозаларни бузиб ташлашган. [@whyyoutouzhele/Twitter]

Полиция Хитойнинг Юннан провинциясидаги Нацзяин масжидидан одамларни чиқариб, ортига қайтгач, маҳаллий мусулмонлар масжидга кириб ҳавозаларни бузиб ташлашган. [@whyyoutouzhele/Twitter]

«Хитой коммунистик партияси (ХКП) мамлакат бўйлаб Хуэй анклавидаги масжидларнинг гумбаз ва минора каби арабча архитектура қисмларини Хитойдаги исломга исталмаган хорижий таъсир сифатида мунтазам равишда ёпиб, бузиб ёки мажбуран таъмирлаб келган, деб хабар беради New York Times (NYT) 8 июн куни.

Юннан шаҳридаги Нацзяин масжиди ва Шадиан катта масжиди Хитойда ҳали ҳам шундай архитектурали сўнгги йирик масжидлардан биридир.

Хитой ўн йил аввал Си ҳокимиятга келганидан бери динни қаттиқроқ назорат қилишга уринди. Мусулмонларни таъқиб қилаётган Пекин терроризм ва экстремистик ғояларга қарши кураш олиб бораётганини даъво қилмоқда.

Халқаро ҳамжамият геноцид деб атаган ҳукумат кампанияси доирасида 2017 йилдан бери Ғарбий Шинжон вилоятида бир миллионга яқин уйғур, хуэй ва бошқа мусулмон озчиликлар ҳибсга олинган.

Ҳисоботлар, текширувлар ва фош қилувчи материалларда кенг кўламли қийноқлар, ўзбошимча ҳибслар ҳамда мусулмонларнинг диний ва репродуктив ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида батафсил маълумот берилган.

Айбловлар оммавий ҳибсга олиш, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, тизимли зўрлашлар ҳамда уйғурлар маданияти ва исломий обидаларининг йўқ қилинишини ўз ичига олади.

Қаршилик

Шинжон ташқарисидаги жамоаларга нисбатан чоралар бироз юмшоқроқ бўлса-да, кўпчилик уларнинг масжидлари Хитой эстетикаси ҳақидаги расмий тасаввурларга мос келиш учун бузиб ташлангани ёки «мажбурий таъмирланганини» кўрган, дейди Англиядаги Манчестер университетининг хуэйларни ўрганувчи мутахассиси Девид Строуп.

NYT хабарига кўра, ХКПнинг «хитойлаштириш» чоралари 2021 йилда Нагуга етиб борган.

«Ҳукумат амалдорлари аҳолини масжиддаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга кўндириш учун баъзан ҳар куни уларнинг уйларга бора бошлаган», дейилади хабарда. «Шаҳардаги реклама баннерида ҳукумат режаси тасвирланган: уларда гумбазлар йўқотилиб, миноралар пагодага ўхшаш қаватлар билан безатилган».

Бу каби саъй-ҳаракатлар Шодиёнда ҳам амалга оширилган. Расмийлар аҳолининг қўллаб-қувватловига эришиш учун уйма-уй юришган. Саудиянинг Мадина шаҳридаги Набавий масжидига ўхшатиб қурилган жомеъ масжиди олдидаги катта қизил белгида «Хитойлаштирилган исломга амал қилинг» деб ёзилган.

«Маҳаллий мусулмонлар тасаввурида бу жойларнинг обрў-эътибори юқори бўлгани учун улар яқин-яқингача бу икки масжидга тега олмаган эди», дейди Гарвард университетининг Хитой ва исломшунос мутахассиси Руслан Юсупов NYTга берган интервьюсида.

Аҳоли бу ишларга қаршилик кўрсатмоқда.

Маҳаллий аҳоли орасидаги гувоҳлар ва интернетда жойланган видеоёзувларга кўра, 27 май куни эрталаб қурилиш кранлари, ҳавозалар ва булдозерлар билан жиҳозланган ишчилар 400 га яқин полициячи ҳамроҳлигида Нагу шаҳридаги Нацзяин масжиди ҳудудига кириб келган.

Бундай кўламдаги полиция кучларининг сафарбар қилиниши норозилик намойишлари кутилганидан дарак беради.

Шиддатли тўқнашувда минглаб маҳаллий аҳоли полицияга қаршилик кўрсатиб, уларни ортга чекинишга ва эртаси куни янада кўпроқ сондаги қуролланган кучлар билан қайтишга мажбур қилди, деб хабар беради эътиқод эркинлигига масалаларини ёритувчи Bitter Winter нашри ижтимоий тармоқлардаги хабарларга таяниб.

Айрим манбаларга кўра, шаҳарчага 5000га яқин полиция ва ҳарбий хизматчилар йўналтирилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ва гувоҳнинг сўзларига кўра, қўлларида дубинка ва қалқон кўтарган ўнлаб зобитлар уларга қарата турли буюмларни отаётган масжид ташқарисидаги оломонни ҳайдаб солган.

«Масжидни мажбуран бузиб ташлашмоқчи, одамлар бу ерга уларни тўхтатиш учун келишди», деди 27 май куни AFPга исмини ошкор қилмасликни сўраган аёл.

«Масжид биз каби мусулмонларнинг уйидир», дейди у. «Уни бузишга ҳаракат қилишса, бунга йўл қўймаймиз.»

«Бинолар шунчаки бино – улар одамларга ва жамиятга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Улар нима учун бузилиши керак?»

Чегара

Нагу шаҳарчасини бошқарувчи Тонгай ҳокимияти 28 май куни хабарнома эълон қилган бўлиб, унда «ижтимоий бошқарув ва тартибнинг жиддий бузилиши» тергов қилинаётгани айтилади.

«Хабарномада иштирокчиларга «ноқонуний ва жиноий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш» буюрилган бўлиб, ўзларини қонун ихтиёрига топширмаганларни «жиддий жазолашга» ваъда берилган.

6 июнга қадар таслим бўлганларга нисбатан юмшоқ муомала қилинади, деб қўшимча қилинган хабарномада.

Икки гувоҳнинг айтишича, полиция воқеа юзасидан қанча одамни ҳибсга олгани маълум эмас. 30 май ҳолатига кўра, бир неча юз нафар зобит шаҳарда қолган.

Тўқнашувлар ортидан масжид атрофида яшовчи аҳоли интернет ва бошқа алоқа турлари узилиши муаммосига дуч келган, дейилади хабарда.

31 май куни AFP нашри Тонгхай ҳокимияти расмийси билан боғланганида, у интернет тармоғидаги узилишларни рад этган, аммо қўшимча изоҳ беришдан бош тортган.

Бир ҳафта ўтиб NYT нашри ходимлари Нагу шаҳарчасига ташриф буюрганида қурилиш кранлари ҳали ҳам масжид ҳовлисида бўлган. Хавфсизлик чоралари қатъийлигича қолган, масжид устида дрон учиб юрган. Мухбир олдига фуқаро кийимидаги полиция ходимлари келиб уни шаҳардан ташқарига чиқариб юборишган.

Хукумат томонидан кўриладиган чоралардан қўрққан ва фақат фамилиясини очиқлаган 30 яшар жаноб Нага кўра, бузилишдан қочиб бўлмайди.

Шу билан бирга, у аҳолига улар муросага келишни истамаган бошқа эркинликларни, жумладан, ўз динини фарзандларига қолдириш ҳуқуқини ҳам сақлаб қолишга рухсат берилишига умид билдирди.

«Агар чегарангизни ҳимоя қилмасангиз, унда бошқалар сизни чегараси йўқ одамдек кўришади ва уни қайта-қайта топтаб, бузиб ўтишади», деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мусулмонлар менга намоз ўқишни ўргатишган. Буни ҳеч қачон унутмайман. Худо ва Исога қайтишим мусулмонлар сабабли бўлганини хеч қачон унутмайман. Масжидда қўрқувсиз жума намози ўқиганимдан мамнун инсон сифатида бу дунёни тарк этаман ва дўстона миллатларни қўллаб-қувватлайман.

Жавоб бериш