Карвонсарой
Сиёсат

Белгиянинг Грузияни «хавфсиз мамлакат» мақомидан маҳрум қилиши жиддийроқ оқибатларга олиб келиши мумкин

Тенго Гоготишвили

8 июл куни Тбилисидаги Pride фестивалининг ўтказилишига тўсқинлик қилаётган ЛГБТга қарши фаоллар полиция билан тўқнаш келганлар. [Стрингер/AFP]

8 июл куни Тбилисидаги Pride фестивалининг ўтказилишига тўсқинлик қилаётган ЛГБТга қарши фаоллар полиция билан тўқнаш келганлар. [Стрингер/AFP]

ТБИЛИСИ – Грузия Россиянинг «қучоғига» кириб борар экан, унинг Европа билан интеграциялашув йўлидаги интилишлари ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ хавф остида қолмоқда.

Грузия ҳукумати Белгия ва унинг халқига 21 июл – Белгия миллий куни муносабати билан расмий табрик йўлламади, Тбилиси телеминораси ҳам мамлакат байроғининг қора, сариқ ва қизил ранглари билан ёритилмади.

Бу ҳолат кузатувчилар эътиборидан четда қолгани йўқ, баъзилар буни Белгиянинг таънаси учун Тбилиси томонидан олинган қасос, деб тахмин қилишди: икки кун аввал Белгия Грузияни «хавфсиз мамлакатлар» рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги фармонни эълон қилган эди.

Қирол Филипп номидан Белгия ички ва ташқи ишлар вазирлари ҳамда Бошпана ва миграция масалалари бўйича давлат котиби томонидан имзоланган фармонга илова қилинган ҳужжатда Грузия мақомининг нима учун ўзгартирилгани батафсил баён қилинган.

8 июл куни Тбилисидаги Pride фестивалининг ўтказилишига тўсқинлик қилаётган ЛГБТга қарши фаоллар полиция билан тўқнаш келганлар. [Стрингер/AFP]

8 июл куни Тбилисидаги Pride фестивалининг ўтказилишига тўсқинлик қилаётган ЛГБТга қарши фаоллар полиция билан тўқнаш келганлар. [Стрингер/AFP]

ЛГБТ аъзоларининг юришига қарши намойиш чоғида ултра ўнгчилар томонидан қаттиқ калтакланган телеоператор ҳалок бўлганидан сўнг, 2021 йилнинг 11 июл куни Тбилисидаги митинг чоғида ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, плакат кўтариб турган аёл. [Вано Шламов/AFP]

ЛГБТ аъзоларининг юришига қарши намойиш чоғида ултра ўнгчилар томонидан қаттиқ калтакланган телеоператор ҳалок бўлганидан сўнг, 2021 йилнинг 11 июл куни Тбилисидаги митинг чоғида ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, плакат кўтариб турган аёл. [Вано Шламов/AFP]

«Ушбу мезонлар нафақат умумий сиёсат соҳалари (масалан, демократик институтлар, сиёсий барқарорликнинг мавжудлиги), балки ҳуқуқий вазият ва инсон ҳуқуқларининг риоясига тааллуқлидир, ҳам мамлакат томонидан қабул қилинган расмий мажбуриятлар (Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ратификацияси) ва уларнинг амалдаги риояси нуқтаи назаридан», дейилади ҳужжатда.

«Бизни инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашгани учун рўйхатдан чиқариб ташлашди», дейди Грузия мухолифатчи депутати, мамлакатнинг Бельгия, Люксембург ва Европа Иттифоқидаги (ЕИ) собиқ элчиси Саломе Самадашвили.

Бу мақомнинг йўқотилиши шу йилда кузда Украина ва Молдовадан кейин Европа Иттифоқига номзодлик аризасининг жавобини кутаётган Тбилиси учун муайян оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Украина ва июн ойида россияпараст қочқин олигарх Илан Шорнинг мухолифат партиясини ноқонуний деб эълон қилган Молдова бир неча ой аввал номзодлик мақомини олган эди.

2012 йилдан бери россияпараст «Грузия орзуси» партияси томонидан бошқарилаётган Грузия эса бошқа икки номзоддан анча ортда қолмоқда.

У Россия моделига асосланган репрессив қонунларни қабул қилишга уриниб, бир неча бор ЕИнинг норозилигини келтириб чиқарди; кўп йиллардан бери иштирок этиб келган 2023 йилги НАТО машғулотларида қатнашишдан бош тортди ва Россиянинг Украинага босқинига қарамай, май ойида Москвага икки тарафлама тўхтовсиз авиақатновларни тиклади.

Визасиз режим хавф остида

Воқеаларнинг бундай ривожи жиддийроқ оқибатларга олиб келиши мумкин, дейди Грузия президентининг ташқи алоқалар бўйича собиқ маслаҳатчиси Тенгиз Пхаладзе Карвонсарой билан суҳбатда.

«Бу кўпчилик шериклар Грузияни хавфсиз давлатлар рўйхатига киритганидан кейин бизга берилган визасиз режим билан бевосита боғлиқ», деди у янги чора «визасиз режимни сўроқ остида қолдириши мумкинлигини» таъкидлаб.

Европа Иттифоқи 2017 йилда грузияликларга Иттифоқ ҳудудига визасиз кириш ҳуқуқини берган эди.

Қарор эълон қилинган куни – 19 июлда Грузия ташқи ишлар вазири Илья Дарчиашвили Брюсселда эди. Аммо у Бельгия ҳукумати расмийлари билан эмас, фақат Европа Иттифоқи раҳбарлари билан учрашди ва ташриф давомида ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч қандай брифинг ўтказмади.

Грузия ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида ҳам Бельгия қарори ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Ҳукуматнинг ягона жавоби Бельгиядаги элчи Вахтанг Махароблишвилининг ҳукуматпараст оммавий ахборот воситаларига берган интервьюси бўлди.

«Биз маслаҳатлашувларни давом эттирамиз... Статистика ёки маълумотлар қайта ўрганилганидан сўнг Грузия бўйича қарорнинг ўзгартирилишини сабр билан кутамиз», деб айтган элчи Биринчи канал, «Имеди» ва Prime-News телеканаллари томонидан эфирга узатилган аудиоёзувда.

Энг яхши ҳолатда Бельгия бир йилдан сўнг «статистика»ни қайта кўриб чиқиши мумкин. Аммо унгача Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари, эҳтимол, Жанубий Кавказ мамлакати бундай ишончга лойиқ эмас, деб ўйлай бошлаши ва Брюсселнинг йўлидан бориши мумкин.

«Хавфсиз давлатлар рўйхати ҳар йили эълон қилинади», деди Пхаладзе.

«Ўтган йили Грузияда нималар содир бўлганини, аксилевропа кайфияти қандай кучайганини ва парламент биноси олдида икки марта Европа Иттифоқининг байроғи йиртилганини эсласак (зўравонлик ва озчиликларга нисбатан таъқиблар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади), вазият яхшиланмаётгани аниқ», деди у.

«Улар бу ҳолатларнинг муносиб тарзда текширилмаётганини кўриб туришибди», деб қўшимча қилди у. «Шуларни инобатга оладиган бўлсак, бизни хавф даражаси юқори мамлакат деб ҳисоблашаётгани ажабланарли эмас».

«Хавфсиз мамлакат» мақоми

Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан 20 таси хавфли мамлакатлар рўйхатини эълон қилади. Уларнинг 16 тасида Грузия яхши ҳолатда қолмоқда. Аммо Тбилисининг Ғарбдан қандай тезликда узоқлашаётгани ҳисобга олинса, вазият доимий равишда ўзгариб туради.

«Европанинг қайси қадриятлари билан муштараксиз? Қонун устуворлигими? Инсон ҳуқуқлари риоясими?» деб ёзган Эстониянинг собиқ президенти Тоомас Илвес 24 июл куни Твиттерда Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвилига.

«Европада ҳеч ким Грузияни жиддий қабул қилмаяпти», деди Илвес гарчи у «Грузия орзуси»нинг эмас, Грузиянинг азалий дўсти ва мамлакатнинг Евро-Атлантика интеграцияси тарафдори бўлса ҳам.

«Европа Иттифоқи давлатлари доимо бир-бирининг позициясини инобатга олади», деди мухолифатдаги грузиялик депутат Самадашвили Карвонсаройга. «Агар бундай қарорлар тенденцияга айланса, бошқа давлатлар ҳам Грузияни хавфсиз мамлакатлар рўйхатидан чиқариши мумкин.»

«Бу унинг номзоди масаласидаги қарорга ҳам таъсир қилади», деб қўшимча қилди Самадашвили «номзодликни илгари суришнинг энг муҳим омили – инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш» эканлигини таъкидлаб.

«Грузияда вазият фақат ёмонлашмоқда», деди у.

Брюссел Грузияни 2016 йилда, Европа Иттифоқи мамлакатга узоқ кутилган визасиз режимни тақдим этишидан бир йил аввал хавфсиз мамлакат деб топган эди.

Грузиянинг Даниядаги собиқ элчиси Гиги Гигиадзе Карвонсаройга айтишича, «Сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ёмонлашуви ва одамларнинг таъқиб қилиниши визасиз режимнинг бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкин».

«Грузия орзуси» ҳукмрон партияси Белгиянинг Грузияни «хавфсиз мамлакат» мақомидан маҳрум қилиш қарорида ғарбпараст мухолифатни айблашга ошиққан.

«Мухолифат Европада салбий маълумотларни тарқатишда фаол ҳаракат қилмоқда. Аммо, шунга қарамай, Грузия сайёҳлик маркази ва хавфсиз давлат бўлиб қолмоқда», деди парламент раисининг биринчи ўринбосари ва «Грузия орзуси» раҳбари Гия Волский.

Бошпана учун аризалар кўпайган

«Грузия орзуси» партияси мамлакатни Россиядан фарқ қилмайдиган ҳолатга етказиш устида ишлар экан, унинг фуқаролари мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган йили 1026 нафар грузиялик Белгиядан бошпана кутаётган эди. 2022 йилда ЕИга бошпана cўраб мурожаат қилган грузияликлар сони ўтган йилдагига қараганда икки баравар ошган.

«Белгия ҳар доим озчиликларнинг, шу жумладан бизнинг ҳамжамият ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилади», деб айтган чет эл ҳукуматининг бошпана сўрови бўйича қарорини кутаётган LGBTQ фаоли.

«Грузияда яшаш биз учун хавфли бўлиб қолган. Одамлар буни тушунади», дейди хавфсизлик важидан исмини ошкор қилишни истамаган фаол Карвонсарой нашрига.

Озчилик гуруҳлари учун Грузияда яшаш ҳақиқатан жуда мушкул.

Белгиянинг қарори эълон қилинишидан бир неча кун аввал Грузиянинг православ черкови тўплаган омма LGBTQ Pride ҳафталиги муносабати билан концерт ўтказиш режаланган Тбилисидаги клубни ағдар-тўнтар қилишган.

Tbilisi Pride ташкилотчилари Грузия ҳукуматини Россиядаги ўта ўнг Alt Info гуруҳи билан мувофиқлашган ҳолда тадбирни ўтказишга тўсқинлик қилишда айблади, деб хабар беради CNN.

2021 йил июл ойида LGBTQ парадига қарши намойишлар чоғида ультраўнгчилар телевидение операторини ўлдириб қўйишганидан сўнг минглаб одамлар Тбилида ҳукумат истеъфосини талаб қилиб намойишга чиққанлар.

«Агар Европадан бошпана сўраб мурожаат қиладиганлар сони кўпайса, Белгия ва бошқа давлатлар ҳақиқатан ҳам бу масалани кўриб чиқиши мумкин», деб айтган Даниядаги собиқ элчи Гигиадзе.

«Визасиз режимни тўхтатиш механизми бор, аммо уни тиклаш механизми мавжуд эмас», деб айтган у. «ЕИда ҳеч қачон бундай вазият содир бўлмаган.»

АҚШдаги Миллий демократик институт томонидан март ойида ўтказилган сўровлардан маълум бўлишича, ҳар олти грузияликдан бири мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйламоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500