http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/newsbriefs/2019/03/01/newsbrief-02

АҚШ Марказий қўмондонлиги зобити Бишкекка келди

Карвонсарой

БИШКЕК – АҚШ Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) режалаштириш ва сиёсат бўйича раҳбари, денгиз пиёда қўшинлари корпуси генерал-майори Майкл Э. Лэнгли чоршанба-пайшанба (27-28 февраль) кунлари Бишкекда Қирғизистон қуролли кучларининг юқори лавозимли раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси хабар қилган.

Лэнгли Қирғизистон Қуролли кучлари Бош штабининг юқори лавозимли шахслари билан музокара ўтказди. Шунингдек, у «Пантера» махсус кучлар бўлинмасининг террорга қарши кураш имкониятлари билан танишган.

«Лэнглининг ташрифи АҚШ ва Қирғизистон республикаси ўртасида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини белгилашга қаратилган туркум ташрифларидан биридир», дейилади хабарда.

Марказий Осиё давлатлари минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим ўринга эга асосий стратегик ҳамкорлар ҳисобланади, деди Лэнгли.

Унинг қайд этишича, АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ва уларга «хавфсизлик таҳдидларига қарши курашда кўмаклашади».

Лэнглининг ташрифидан аввал – 21 февраль куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари мудофаа маҳкамалари раҳбарларининг анжумани бўлиб ўтди. Жорий йилда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, армия генерали Жозеф Вотел Ўзбекистон мудофаа вазирлиги билан бирга Тошкент анжуманининг ҳамташкилотчиси бўлди.

Баёнотда айтилишича, анжуманда Вотел минтақанинг юқори лавозимли ҳарбий мансабдорларини Афғонистондаги хавфсизлик муаммоларидан бохабар этган ҳамда жорий ва истиқболдаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.

Анжуман АҚШ ва минтақадаги ҳамкорларга билим ва тажриба алмашинуви учун имкон яратди, «бу ҳамкор мамлакатларнинг кутилмаган вазиятларга тайёр туриш учун биргаликда ишлаш қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади», дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?
4
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

Агар америкаликлар бирор ҳудудни «муҳим ҳудуд» деб номласалар, бу инқироз навбати етиб келган давлат эканини билдиради. Буларнинг охири эса доим бир хил – хаос ва вайроналар (Ироқ, Ливия...)

Жавоб бериш