2017-11-29 | Терроризм

Алмати шаҳри полицияси Қозоғистондаги «жиҳодчи» гуруҳ вакилларини ҳужум қилишни режалаштираётганлари паллада ҳибсга олди

Карвонсарой

Гумондорлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳукумат вакилларига қозоқ тилида таҳдид қилинган видеода кўриниш берганлар.

Уч нафар ниқоб тақиб олган шахс таъқиқланган Ҳизбут Таҳрир гуруҳининг байроғи остида видео ёзувда кўриниш бериб, бошқаларни қуролли жиҳодга чақирганлар. Қозоғистон расмийлари видеода чиққан шахсларни 2017 йил 28 ноябр куни ҳибсга олганларини айтмоқда. [YouTube]

АЛМАТИ – Zakon.kz нашрининг хабар беришича, Алмати полицияси сешанба куни (28 ноябрда) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳужум қилишни ва аҳолига таҳдид қилишни режалаштиришда гумон қилинган бир гуруҳ қозоғистонликларни қўлга олган.

Ҳибсга олинганларнинг умумий сони ҳақида хабар берилмаган.

Ҳибсга олинганлар орасида фақатгина фамилиялари ва туғилган йиллари билан кўрсатилган – Жумагулов (1966 й.т.), Омиров (1970 й.т.) ва Абишев (1974 й.т.) каби гуруҳ раҳбарлари дея тахмин қилинган шахслар ҳам бор.

Улар Қозоғистоннинг турли ерларидан келганлар, дея хабар берди Алмати полицияси матбуот котибаси Салтанат Азирбек.

Гуруҳ «Алмати шаҳрида жамоатчилик тартибини бузиш, аҳоли орасида қўрқувни ёйиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ишини чиппакка чиқаришга тайёргарлик кўрган», деди у.

Полиция хабарига кўра, гумондорлар ўз қарашларига яқинроқ бўлган инсонлар орасида тарғибот олиб борганлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат органлари ходимларига таҳдид қилишни режалаштирганлар. Улар аноним телефон қўнғироқларини амалга ошириб, ўзларининг нишонларидаги шахслар ва уларнинг оила аъзоларига таҳдид ёзилган хабарларни юборишни режалаштирганлар.

Гуруҳ «Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан чет элларда яшириниб юрган жиноятчилардан олинган йўриқномалар асосида ҳаракат қилган бўлиш» эҳтимолдан ҳоли эмас, деди Азирбек.

Экстремистик хабар

Полицияга кўра, гуруҳ, шунингдек, қуролли жиҳодга чақирувчи тарғибот ва ташвиқот материаллари, ҳамда видео хабарни ҳам тайёрлаган.

Видеоларнинг бирида гуруҳ аъзолари ниқоб тақиб, қурол кўтарган ҳолда таъқиқланган Ҳизбут Таҳрир гуруҳи байроғи остида кўриниш берган. Ушбу видео полиция уларни ҳибсга олишидан олдин мулоқот учун мўлжалланган мессенжерларнинг бирида пайдо бўлган.

Гумондорларнинг яшаш манзилларида олиб борилган қидирув ишлари давомида полиция ичида экстремистик видео материаллар бўлган турли хил электроник сақлаш қурилмалари ва китоб шаклидаги экстремистик адабиётларни қўлга туширган. Қўлга туширилган материаллар экспертизага юборилган.

Кейинчалик, мухбирлар қўлига видео лавҳа келиб тушиб, унда қандайдир инструктор бошқа инсонларни видео орқали одамларга мурожаат қилишга ўргатаётгани тасвирланган.

«Мана шундай гапиринг – биз инсонлар номидан гапираяпмиз денг», деган инструктор. «Ишонтириш учун бетўхтов гапиринг. Дангал-дангал гапиринг».

«Биз бу ҳукуматни ағдаришимиз керак», дейди видеода кўриниш берган инсонлардан бири. «Эй ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчилик фаоллари, агар бизларни таъқиб қилишни бас қилмасангиз биз Аллоҳ йўлида сизларга қарши жиҳод эълон қилишга тайёрмиз».

Онги тўлиқ шаклланмаган ёшларни нишонга олиш

Жангариларнинг тажрибали тарғиботчилари яхши таълим олмаган ва онги тўлиқ шаклланишга улгурмаган ёшларни ўз томонларига оғдирадилар, дейди Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) Алмати шаҳридаги заҳирадаги ходими, полковник Арат Нарманбетов.

Бу каби ёлланган ёшлар «ҳудди террорчи гуруҳлар томонидан ўз мақсадлари йўлида моҳирона фойдаланиладиган ҳудкуш террорчилар кабидирлар», деди у Карвонсарой билан суҳбатда.

Ушбу видеолардаги «қаҳрамонларни» уларнинг заҳарли ахборотлари ҳатто интернетда тарқалиб улгурмасидан қўлга олишга муваффақ бўладиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг иши мақтовга сазовор, деди у.

Гумондорлар томонидан қилинган видео мурожаатда қозоқ тилининг танланиши расмийлар томонидан улар ушбу йўл билан ёшлар, камбағаллар ва оилаларини боқиш илинжида юрган қишлоқ аҳолисининг қўллаб-қувватлашига эришишга интилганлар деган тахмин олға сурилди.

Шаҳарларда яшовчи ва маълумоти олий бўлган инсонларга мурожаатларда эса рус тилидан фойдаланиш давом этилмоқда.

«Бу йигитлар зомбилар – мисоли компьютердай, улар нима қилишга дастурланган бўлсалар ҳудди ўша ишларни бажарадилар», деди Карвонсарой билан суҳбатда Шимкентлик диний уламо Абдуллоҳ Баҳодир. «Қуролли жиҳодга чақирув динга алоқаси йўқ нарса. Бу шафқатсиз, қонга ташна сиёсатдан бошқаси эмас».

Қозоғистон ҳукумати террорчиликка қарши кураш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда, деди у ва «хавфсизлик кучлари кўпинча ҳибсга олишлар ҳақида ва террорчилик ҳужумларини олдини олиш ҳақидаги маълумотларнинг барчасини ошкор қилолмайдилар», дея қўшимча қилди.

«Кундан кунга шу нарса аёнлашиб бормоқдаки, Қозоғистонда чинакам кураш кетмоқда», деди у. «Видео эса террорчилар томонидан улар қўл қовуштириб ўтирмаганларини намоён қилишга уриниш бўлиши мумкин».

[Ушбу хабарни Алматидан Ксениа Бондал тайёрлади.]

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 10

Фикрлар

* Мажбурий
Captcha
Асосий мақола
2017-11-24 | Хавфсизлик

Сурия ва Ироқдан қайтаётган Қозоғистонликларни қийинчиликлар кутмоқда

«Ислом давлати» мағлубият арафасида турган бир пайтда, гуруҳга аъзо бўлган Қозоғистонликлар ўз уйларига қайтадиган кўринади, уларни ватанларида аксил-террор чоралар кутмоқда.

Сўровнома

Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги исломий исёнларнинг Марказий Осиёда қўллаб-қувватланиши сустлашмоқда.

Натижаларни кўриш