http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/05/18/feature-02
| Хавфсизлик

Қирғизистонда «экстремистик» деб топилган SoundCloud блокланди, фойдаланувчилар норози

Арман Калиев

image

Қирғизистонда 20 дан ортиқ вебсайт, жумладан, SoundCloud хизмати экстремистик материаллар мавжудлиги сабаб блокланган. [File]

БИШКЕК – Қирғизистон ҳукуматининг экстремизм тарқалишини тўхтатишга қаратилган сўнгги чоралари интернет фойдаланувчилари, расмийлар ва таҳлилчиларни ўйлантириб қўйди.

Мамлакат олий суди 14 май куни бир нечта вебсайтлар, жумладан, мусиқа улашиш учун мўлжалланган SoundCloud хизматини таркибида экстремистик материал мавжудлиги сабаб блоклаш ҳақида буйруқ берган.

Қарор Бош прокуратура SoundCloud сервисини экстремистик деб эълон қилганидан кейин қабул қилинди, деди Олий суд ходими Сюита Соурбаева Озод Европа/Озодлик (RFE/RL) радиосининг қирғиз хизматига.

Мазкур иш ўтган йил октябрь ойида Октябрь тумани суди илк бор экстремистик вебсайтлар ҳақидаги қарорни қабул қилгандан бери судда кўриб чиқилаётган эди.

image

Қирғизистон олий суди 14 май куни бир нечта вебсайтлар, жумладан SoundCloud, LiveLeak саҳифаларини экстремистик деб эълон қилди. Суд зали, 17 май. (Арман Калиев)

Айбланган сайтлар қаторида LiveLeak видео хизмати ҳам мавжуд. Суд қарори таъсир этган саҳифалар экстремистик ҳаракатлар, жумладан «Ислом Давлати» (ИД), Ҳизб ут-Таҳрир ва Толибонлар учун ташвиқот платформаси сифатида хизмат қилаётгани айтилган, дейди бу сайтлар контенти таҳлилчиси.

Дунё бўйлаб 175 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган SoundCloud мусиқа улашиш платформасидир.

Мавжуд техник муаммолар

Бироқ, Қирғизистоннинг SoundCloud сервисини блоклагани билан боғлиқ ҳолатда айрим ноаниқликлар бор.

Чора-тадбирлар «техник сабабларга» кўра кучга кирмаган, дейди Қирғизистон Ахборот технологиялари ва коммуникациялар давлат қўмитаси матбуот котиби Сапар Баҳирдинов RFE/RL қирғиз хизматига.

«Биз чекловлар қўйиши мумкин бўлган ҳар бир интернет-провайдерга мурожаат қиляпмиз», деди у RFE/RL радиосига. «Айни дамда уларнинг баъзиларида техник имкониятлар мавжуд эмас.»

Аслида бундан нозикроқ чора кўрилиши керак, лекин ҳозир бунинг иложи йўқ, деди у. Ҳукумат SoundCloud ижтимоий тармоқ сифатида хизмат қилишини ҳисобга олиб, «фақат экстремистик деб топилган аудиофайлларни» блоклашини афзал кўрган эди», деб қўшимча қилди у.

«Аммо, техник имкониятлар йўқлиги сабаб, интернет провайдерлари ёрдамида бутун веб-сайтни блоклашга мажбурмиз», деди Баҳирдинов.

Шунга қарамай, Қирғизистоннинг Kloop янгиликлар сайти Қирғизистондаги кўпчилик фойдаланувчилар йил бошидан бери SoundCloud сайтини оча олмаётгани ҳақида 14 май куни хабар берган ва мамлакат бўйлаб мусиқа алмашиш хизмати секин-аста блокланишиини айтиб ўтган.

Янги чекловлар

Қирғизистонликлар бир нечта шубҳали аудиофайлларни деб, бутун хизматнинг блокланишидан норози.

«Бу кимларнингдир постлари сабабли, бутун Facebookни ёпиб қўйишга ўхшайди», деди 28 яшар Асел Шакирова Карвонсаройга. «SoundCloudда диний даъватлар эмас, балки ўзларининг севимли мусиқаларини тинглайдиган фойдаланувчилар нега бундан азият чекиши керак?»

Келажакда экстремистик оқимларга қарши кураш кучаяди, бунинг ортидан яна кўплаб интернет-ресурслар блокланади, дейди бишкеклик диншунос Индира Асланова Карвонсарой билан суҳбатда.

Унинг огоҳлантиришича, бундай ёндашувни жамиятни ҳимоя қилишнинг самарали усули деб бўлмайди.

«Интернет устидан мутлоқ назорат ўрнатиб бўлмайди» дейди у. Фуқаролар, айниқса, ёшларга танқидий фикрлашни ўргатиш устида ишлаш керак.»

Олий суднинг ушбу қарори қирғиз ҳукуматининг экстремистик ҳаракатларга қарши курашининг навбатдаги босқичи бўлди. Зеро, сўнгги пайтларда уларнинг Қирғизистон ахборот кенгликларидаги ҳаракатлари фаоллашган.

Ўтган йили Қирғизистонда Бишкек шаҳар Октябрь туман судининг буйруғи билан таркибида экстремистик ва террорчиликка оид материаллар бўлган 159 та сайт ва ижтимоий тармоқлардаги ҳисоблар ёпилган эди. Бу ҳақда январь ойида мамлакат Бош прокуратурасига асосланиб, Озод Европа/Озодлик сайти хабар берган.

Сизга мақола ёқдими?
22
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha