| Аёллар ҳуқуқлари

Қирғизистонда келин ўғирлаш ҳолатларига барҳам бериш чоралари кўрилмоқда

Канат Алтинбаев


20 яшар тиббиёт билим юрти талабаси Бурулай Турдаали Қизининг қариндошлари Қирғизистоннинг Сўқулуқ шаҳридаги уйи олдида қурилган ўтовда 40 кунлик маърака ўтказмоқдалар. Қурбон ўз ўғриси томонидан милиция идорасида ўлдирилган эди. 28-июнь. (Вячеслав Оселедко/AFP)

20 яшар тиббиёт билим юрти талабаси Бурулай Турдаали Қизининг қариндошлари Қирғизистоннинг Сўқулуқ шаҳридаги уйи олдида қурилган ўтовда 40 кунлик маърака ўтказмоқдалар. Қурбон ўз ўғриси томонидан милиция идорасида ўлдирилган эди. 28-июнь. (Вячеслав Оселедко/AFP)

БИШКЕК – Қирғизистон ҳукумати ўтган йили 20 яшар тиббиёт билим юрти талабаси Бурулай Турдаали Қизининг шафқатсизларча ўлдирилиши ортидан келин ўғирлаш ҳолатлари юзасидан огоҳликни кучайтирмоқда.

30 яшар Марс Бодошев ўтган йили муваффақиятсиз келин ўғирлаш ҳодисаси ортидан Турдаали Қизини Чуй вилоятининг Жайил туманидаги милиция идорасида пичоқлаган. Суд декабрь ойида Бодошевни айбдор деб топди ва унга 20 йиллик қамоқ жазоси тайинлади .

Ҳодисадан кейин бир нечта милиция ходими ўз ишига бепарво қарагани учун жазоланган.


Келин ўғриси ролини ўйнаётган йигит ўз қурбонини уйига олиб келди, видеолавҳа «Очиқ линия» нодавлат ташкилоти томонидан суратга олинган. («Очиқ линия»)

Келин ўғриси ролини ўйнаётган йигит ўз қурбонини уйига олиб келди, видеолавҳа «Очиқ линия» нодавлат ташкилоти томонидан суратга олинган. («Очиқ линия»)


«Очиқ линия» томонидан тарқатилган огоҳликка чақирувчи постерда келин ўғирлаш ҳолатларидан жабрланган қирғиз қизларига нима қилиш кераклиги уқтирилади. («Очиқ линия»)

«Очиқ линия» томонидан тарқатилган огоҳликка чақирувчи постерда келин ўғирлаш ҳолатларидан жабрланган қирғиз қизларига нима қилиш кераклиги уқтирилади. («Очиқ линия»)

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари томонидан 2018 йилнинг энг муҳим ҳодисаларидан бири деб аталган мазкур ҳолат Қирғизистонда келин ўғирлаш одати ва оилада аёлларга қарши зўравонлик муаммоларига эътиборни жалб қилди.

Ҳужум мамлакатни ларзага солиб, минглаб намойишчиларни кўчаларга олиб чиқди ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг кескин танқидига учради.

Огоҳликни ошириш

Кўпинча жабрланувчилар бундай ҳолатларнинг жиноят эканлигини билмайдилар , дейди Иссиқкўл вилояти милиция бўлинмаси матбуот котиби Сталбек Усубакунов Карвонсарой нашрига.

«Шу билан бирга, ўғирланган қизлар шарманда бўлишдан қўрқиб, милиция чақиришга шошилмайдилар», деди у.

Бу амалиёт қонунга зид эканига қарамай, Қирғизистонда келин ўғриларини суд қилиш ҳолатлари жуда кам учрайди.

Ўтган беш йил ичида вилоят милиция бошқармасига келин ўғирланиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича атиги 78 та шикоят келиб тушган, деди Усубакунов.

«Уларнинг кўпчилиги тергов босқичида томонларнинг муросага келиши ва бошқа сабаблар билан бекор қилинган», деди у. «Кўплаб тергов ишларида жиноят изи бўлмаган ва фақат 12 та жиноий иш қўзғатилган, бу ишлар юзасидан саккиз киши жазога тортилган ва тўрт нафари жабрланувчилар билан келишиб, жавобгарликдан қутулиб қолган.»

Иссиқкўл милиция бошқармаси чекка ҳудудларда, жумладан, таълим муассасаларида учрашувлар ўтказиш орқали жамоат огоҳлигини ошириш устида ишлаб келмоқда, деди Усубакунов.

«Биз оммага келинни унинг истагига зид равишда ўғирлаш одат эмас, балки жиноят эканлигини уқтиришга ҳаракат қиляпмиз», деди у.

Ноқонуний ўғирликлар

2016 йилда БМТ томонидан ўтказилган сўровга кўра, жуда кам аёллар шикоят билан мурожаат қилган бўлса-да, Қирғизистондаги ҳар бешта турмушдан бири келин ўғирланиши билан қурилган .

Бундай ҳолларда, эркак ўз дўстлари билан кўчадан қизни ўғирлайди ва «куёв»нинг уйига олиб келади, бу ерда қариндошлар анъанавий тўй ўтказишга тайёрланиб туришади.

Одатга кўра, қирғизистонликлар бу ишга «қалин пули» (келин учун тўланадиган пул ёки унинг ота-онасига бериладиган совға) тўлашга имкони йўқлиги сабабли ёки ота-онаси қизнинг ўз севгилисига турмушга чиқишига қарши бўлганида қўл урадилар.

Аммо, кўпчилик эркаклар ўз истакларига қарши рад жавобини олганларида ҳам бу одатни суиистеъмол қилганлар. Бу «одат» қамоқ жазоси бериладиган жиноят бўлишига қарамай, қишлоқларда ҳалигача сақланиб қолган.

Иссиқкўл вилоятининг Барскун қишлоғида яшовчи Асел Чотонованинг сўзларига кўра, ўтган йили унинг синфдошларидан бири дугонасини йигити борлигига қарамай ўғирлаган ва турмушга чиқишга мажбурлаган.

«Ўғрининг қариндошлари қизни уйда ушлашган ва уни қўйиб юборишмаган», деди у Карвонсарой нашрига. «У бақирган, йиғлаган, қўйиб юборишларини сўраб ялинган, аммо ҳеч ким унга қулоқ солмаган.»

Жабрдийдалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Келин ўғирлаш билан боғлиқ воқеа жабрдийдалари иҳоталанган бўлиб, ўз ҳуқуқларини қай тарзда ҳимоя қилишни билмайди, дейди Бишкекдаги «Очиқ линия» аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилоти директори Мунара Бекназарова.

Ташкилот «Хавфсизлик харитаси» деб номланган мобил иловани тақдим этган бўлиб, у фойдаланувчиларга кўчаларда содир бўладиган нохуш ҳодисаларни реал вақт режимида юбориш ва улар ҳақда бир-бирларини огоҳ қилишга имкон беради.

«Ҳар ким ўзини хавфсиз ва ишончли ҳис қилиш ҳамда ҳужумлар, ҳақоратлар, шилқимлик, талон-тарож, ўғирлик каби ҳолатлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга», дейилади илова вебсайтида.

Бундай илова милицияга келин ўғирлаш ҳолатларига қарши ўз вақтида чора кўриш имконини бериши мумкин. Зеро, бундай вазиятларда милицияга мурожаат қилиш ҳар доим ҳам фойда бермайди, сабаби ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай ҳолатларни камдан-кам тергов қиладилар, деди Бекназарова Карвонсарой билан суҳбатда.

«Ўрганишларимиз натижасида маълум бўлишича, айрим ҳолларда милиция идорадари ўғирланган аёлларнинг аризасини қабул қилишдан бош тортган. Норин, Талас ва Иссиқкўл вилоятида яшовчилар бизга шундай ҳолатлар ҳақида хабар берганлар», деди у.

«Бир аёлнинг бизга айтишича, у милиция идорасига борган вақтида ариза бермаслиги учун унга психологик босим ўтказишга ҳаракат қилишган», деб қўшимча қилди у.

Бекназаровага кўра, келин ўғирлаш ҳолатлари бўйича малакали адвокатни топиш, ҳатто шаҳарда ҳам қийин масала.

«Қирғизистон конституцияси эркаклар ва аёллар учун бирдек ҳуқуқлар, шунингдек тенг имкониятларни кафолатлаши инобатга олинса, бу ҳолат бемаъниликдан бошқа нарса эмас», деди у. «Бундан ташқари, Қирғизистон инсон ҳуқуқларига оид кўплаб халқаро шартномалар, жумладан, аёлларга нисбатан камситишнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияга қўшилган.»

Сизга мақола ёқдими?

24
6
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha