http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/07/16/feature-01
| Бизнес

Иқтисодиёт ва энергетика соҳасида Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

Максим Енисеев

1 июль куни Мозори Шарифда Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. [Абдуллоҳ Абдуллоҳ/Twitter]

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Орипов ва Афғонистон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ 1 июль куни Мозори Шарифда савдо кўргазмасини очиб бердилар. [Абдуллоҳ Абдуллоҳ/Twitter]

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Орипов ва Афғонистон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ 1 июль куни Мозори Шарифда ўтказилган савдо кўргазмасида ўзбек маҳсулотларини кўздан кечирмоқда. [Абдуллоҳ Абдуллоҳ/Twitter]

Афғонистон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ 1 июль куни Мозори Шарифда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тракторни синаб кўрмоқда. [Абдуллоҳ Абдуллоҳ/Twitter]

1 июль куни Мозори Шарифда кўргазмага қўйилган ўзбек маҳсулотларини кўздан кечираётган афғонистонликлар. [ЎзА]

Афғонистонликлар 1 июль куни Мозори Шарифда намойишга қўйилган ўзбек маҳсулотларини томоша қилмоқдалар. [ЎзА]

ТОШКEНТ – Бу ой Ўзбекистон ва Афғонистонда бўлиб ўтаётган савдо кўргазмалари икки давлат ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган алоқалар ҳамда Ўзбекистоннинг уруш ва террорчиликдан азият чекаётган қўшнисига ёрдам беришга тайёрлигини англатади.

15 июль куни Тошкент Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форумига мезбонлик қилди, бу ҳақда AKIpress.com нашри хабар берган. Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон компаниялари ҳамда вазирликларидан 200 дан ортиқ вакил иштирок этди, деб хабар берган Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.

Бундан икки ҳафта олдин, 1 июль куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» савдо кўргазмасини очиб берди.

1 июль куни Мозори Шарифда бўлиб ўтган савдо кўргазмасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Орипов Афғонистон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан учрашди. [Абдуллоҳ Абдуллоҳ/Twitter]

Икки кун давом этган кўргазмада ўзбекистонлик тадбиркорлар фойдали қазилмалар, саноат, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, таълим ва транспорт соҳаларидаги маҳсулот ва хизматларини намойиш этдилар.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирдан мақсад – савдо ва иқтисодий алоқаларни янада кучайтириш, икки давлатнинг экспорт имкониятларини ошириш бўлди.

Савдо кўргазмасига келганлар ўзбек автобуслари, юк машиналари, трактор ва фермерлик соҳасида қўлланиладиган бошқа жиҳозларга катта қизиқиш билдирдилар, деб хабар берди Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА).

Ўзбекистоннинг пойабзал ишлаб чиқарувчиси – «Ўзчармсаноат» афғонистонлик мижозларга маҳсулот етказиб беришга оид шартнома имзолади. Ўзбекистонлик тадбиркорлар чарм ва сунъий материалдан ишланган 10 дан ортиқ турдаги пойабзаллар билан бир қаторда, махсус униформа ва иш кийимларини ҳам намойиш этдилар.

Иқтисодчиларнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ва афғонистонлик тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро манфаатлар кўлами тобора ортиб бормоқда.

«Ўзбекистон афғон бозорида ўз маҳсулотлари учун катта салоҳият кўрмоқда. Мева ва сабзавотлардан ташқари, ўзбек маҳсулотлари Қозоғистон ва Россия бозорида Хитой маҳсулотлари билан рақобатлашиши керак», деди тошкентлик иқтисодчи Шукурулло Мавлонов.

«Ўзбекистон афғон бозорида автомобиль ва маиший жиҳозларини муваффақият билан сотиши мумкин», деди Мавлонов.

Тинчлик йўлидаги ҳамкор

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Афғонистон бош вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ 1 июль кунги савдо кўргазмаси доирасида учрашдилар.

«Афғонистон ҳукумати икки давлат ўртасида савдо алоқаларини мувозанатга келтиришда давом этади. Биз ўзбекистонлик инвесторлар учун янада кўпроқ имкониятлар яратишни мақсад қилганмиз, Ўзбекистонда ҳам афғон инвесторларига шундай имкониятлар яратилишига умид қиламиз», деб айтган Абдуллоҳ TOLOnews хабарига кўра.

«Мозори Шарифда бўлиб ўтган савдо кўргазмаси икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кучайтириш учун улкан имкониятларни тақдим этди, бу эса савдо сиёсатимизнинг муҳим қисмидир», деб ёзган Абдуллоҳ 1 июль куни ўзининг Твиттер саҳифасида.

У Ўзбекистонни «тинчлик, савдо ва тараққиёт йўлидаги муҳим ҳамкор», деб атаган.

Учрашув чоғида Арипов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линияси қурилишига 45 миллион АҚШ доллари инвестиция киритишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Ариповнинг сўзларига кўра, 200 километр узунликдаги электр узатиш линияси учун 110 миллион АҚШ доллари сарфланади.

Иқтисодчи Мавлоновнинг сўзларига кўра, лойиҳани молиялаштириш масаласи анчадан бери ҳал этилмай келаётган эди.

Ўзбекистон энергетика вазири Шерзод Хўжаевнинг 1 июль куни Тошкентда ўтган брифингда баёнот беришича, Ўзбекистон ва Афғонистон энергетика соҳасига оид 10 йиллик шартнома имзолайдилар, деб хабар беради Gazeta.uz.

Хўжаевнинг сўзларига кўра, қолган суммани Афғонистонга Осиё тараққиёт банки тақдим этади.

Бундан ташқари, банкнинг мамлакатга бўлган ишончи сабабли, Ўзбекистон лойиҳани дастлабки халқаро тендерсиз амалга ошириш учун алоҳида ҳуқуққа эга бўлади, деди у.

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-07-24

Ажойиб янгилик!

Жавоб бериш