http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/17/feature-01
| Терроризм

Тожик фаоллари радикаллашувга қарши кураш лойиҳаси ёрдамида хавф остидаги гуруҳларни аниқламоқда

Канат Алтинбаев

27 август куни IWPR вакиллари Тожикистоннинг Хатлон вилояти Ҳамадоний туманида маҳаллий фаоллар билан учрашдилар. Ҳамадоний экстремизм таъсири олдидаги энг заиф туманлардан бири бўлиб қолмоқда. (IWPR)

ХАТЛОН ВИЛОЯТИ, Тожикистон – Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) тожикистонлик фаолларнинг, аҳоли, айниқса террорчилар сафига қўшилиш хавфи остида бўлган ёшлар билан тушунтириш ишлари олиб боришига кўмаклашиш мақсадида тренинг ўтказди.

Тожикистон «Марказий Осиёда очиқ мулоқот орқали барқарорлик» номли IWPR лойиҳасининг диққат марказида бўлиб, унинг доирасида маҳаллий фуқаролик жамияти фаоллари билан мунтазам учрашувлар ўтказилмоқда, диний тоқатсизлик ва ёшларнинг экстремистик ташкилотларга қўшилиш сабаблари муҳокама қилинмоқда.

Лойиҳа 2018 йил август ойида бошланган бўлиб, 2020 йил мартгача давом этиши белгиланган.

Координаторлар бутун Марказий Осиё минтақаси бўйлаб ўнлаб учрашувлар, мунозаралар ва интеллектуал ўйинлар ташкил этишга улгурдилар. Дастур якунида, ташкилот ҳар ой маҳаллий фаоллар учун ўқув машғулотлари ўтказишни режалаштирмоқда.

IWPR бу каби учрашувларни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам ўтказмоқда.

Терроризм хавфи Тожикистон учун долзарб муаммо бўлиб, аҳолининг радикаллашув ва жанговар экстремизм борасидаги хабардорлиги паст даражада, дейди IWPRнинг Марказий Осиё бўйича лойиҳа менежери Илҳом Умарохунов.

IWPR мамлакат фуқароларига «бағрикенглик ва динлараро мулоқот каби дунёвий тамойиллар ҳақида тўғри тушунча» беришга интилмоқда, деди Умарохунов.

Экстремизмга мойиллик

IWPR таҳлилчилари 27 август куни Хатлон вилоятининг Ҳамадоний туманида Хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича ҳукумат қўмитаси билан биргаликда маҳаллий фаоллар учун сўнгги тренингни ўтказдилар.

Ночорлик кенг тарқалгани туфайли, мазкур туман экстремизм таъсири олдидаги энг заиф ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда 20 дан ортиқ фуқаро, шу жумладан уч аёл Ироқ ва Суриядаги радикал гуруҳлар сафига қўшилган.

Ҳамадоний туманида яшовчилар IWPRга ишсизлик ва турмуш даражасининг пастлигидан шикоят қилишган. Ушбу ҳудуддаги аҳвол шундоқ ҳам иқтисодий ночор бўлган Тожикистоннинг бошқа минтақаларига нисбатан ёмонроқ.

IWPRнинг Марказий Осиё таҳлилий ҳисобот идорасига (CABAR) кўра, 138 мингдан ортиқ одам истиқомат қиладиган Ҳамадонийда саноат корхоналарининг йўқлиги сабабли ҳам ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда.

Иш билан таъминланганлар эса жуда кам маош олади, ҳудуднинг аксарият аҳолиси асосан томорқаларда етиштирилган ҳосилни сотиш орқали кун кўради, дейилади хабарда.

Ушбу тренинг фуқароларнинг дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар ҳамда терроризмга қарши кураш борасидаги хабардорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди, дейди Умарохунов.

«Биз дунёвийлик тамойиллари ва давлатнинг дин борасидаги сиёсати тўғрисида тушунча берамиз. Террорчи гуруҳларнинг ижтимоий тармоқлардаги постларини «ёқтирганликлари» ёки экстремистик мазмундаги материалларни ўқиганликлари сабаб қамоққа тушмасликлари учун одамларни қонунчилик базаси билан таништирамиз. Биз уларда (бошқа динларга нисбатан) бағрикенгликни тарбиялашга ҳаракат қиламиз», деди у.

Маҳаллий аҳоли айниқса, радикал одамларни қай тарзда ажратиш ва жанговар экстремизм, жумладан террорчиликка ёллашга уриниш ҳолатларига қарши қандай курашиш кераклиги билан қизиқмоқдалар, деди Умарохунов.

«Ҳар бир инсон, айниқса адолат излаётган одамлар радикаллашув хавфи остидадирлар, уларнинг аксари ўзларини адолатсиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган деб ҳисоблайди», деди Умарохунов. Бу хавф гуруҳига собиқ маҳкумлар, шунингдек қашшоқлик чегарасидан қуйида яшовчи шахслар киради, дея қўшимча қилди у.

«Ҳар бир одамнинг ўз сабаблари бор», деди Умарохунов.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha