http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/08/23/feature-02
| Терроризм

Тожикистонда террорчиларнинг интернетдан фойдаланишига қарши кураш бўйича машғулотлар ўтказилди

Карвонсарой

ИД видеолавҳасидан олинган кадр – «онлайн-жиҳод» билан машғул бўлган «Ислом давлати» (ИД) тарафдорларидан бири. (Файл)

ДУШАНБE – Жума (23 август) куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Тожикистонда интернетдан террорчилик мақсадларида фойдаланишга қарши кураш бўйича уч кунлик назарий машғулотларни якунлади.

Тадбир ЕХҲТнинг Душанбедаги идораси ва Терроризмга қарши кураш бўлинмаси томонидан ташкил этилди.

Машғулотлар чоғида асосий эътибор Террорга қарши кураш бўлинмаси томонидан ишлаб чиқилган шартли интерфаол сценарийга қаратилди. У Марказий Осиёга хос бўлган реал воқеалар ва юзага келувчи хавфсизлик таҳдидларига асосланган.

(Чапдан ўнгга): Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказининг минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича раҳбари ўринбосари Комрон Ҳидоятзода; Душанбедаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари вазифасини бажарувчи Филиппо Кривелларо ва ЕХҲТнинг трансмиллий таҳдидлар дастурлари департаменти вакили Отабек Рашидов. 21 август, Душанбе (ЕХҲТ)

Тадбирда давлат муассасалари, судлар, фуқаролик жамияти, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳаси, оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг 45 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Асосий эътибор халқаро ҳамкорлик ҳамда хусусий ва давлат секторини ифода этувчи иштирокчилар орасида мавжуд ташаббуслар, лойиҳалар ва илғор тажриба алмашинуви орқали интернетда террорчилик мазмунидаги материалларнинг тарқалишига қарши кураш бўйича миллий салоҳиятни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилди.

«Интернетдан терроризм мақсадида фойдаланишнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда ҳукумат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорлик ниҳоятда муҳим», дейди Душанбедаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари вазифасини бажарувчи Филиппо Кривелларо.

«Нодавлат ташкилотлар, ОАВ, маҳаллий ҳамжамиятлар ва ҳар бир шахс, онгли фуқаро сифатида террорчиларнинг интернет ва АКТдан фойдаланишининг олдини олиш ва уларга қарши курашда муҳим роль ўйнаши мумкин», деди у.

Хавф остидаги ҳаёт

Тожикистон давлат алоқа хизмати директори ўринбосари Илҳомиддин Атоевга кўра, терроризмга қарши курашни жадаллаштириш зарур, сабаби жангарилар технологиялардан тобора кўпроқ фойдаланмоқдалар.

«Замонавий технологияларнинг ривожланиши ва улардан фойдаланишнинг осонлашгани террорчилар ва жангари экстремистларга ҳужумларни режалаштириш ва уларни амалга ошириш учун янги имкониятлар тақдим этади», деди Атоев. «Виртуал оламда террорчиларга қарши чоралар кўрмас эканмиз, реал дунёда ўз ҳаётимиз ва тинчлигимизни хавф остига қўйган бўламиз.»

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказининг минтақавий хавфсизлик департаменти раҳбари ўринбосари Комрон Ҳидоятзода ЕХҲТ машғулотларини юқори баҳолади.

«Ушбу назарий машғулотлар муаммони таҳлил қилиш ва ҳал этиш бўйича амалий чоралар ва тавсияларни ишлаб чиқиш учун асос бўлишига ишончимиз комил», деди Ҳидоятзода.

Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, Европолнинг интернет-ахборот гуруҳи, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бўйича ижроия дирекцияси томонидан олиб борилаётган аксилтеррор ташаббус ва интернет сиёсати бўйича фуқаролик ташаббуси, шунингдек, ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили ҳамда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тақдимотларини ўз ичига олган.

Машғулотлар якунида интернетдан террорчилик мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашда қўлланиладиган амалий чоралар ва тавсияларни ўз ичига олган ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.

Бу тавсиялар маҳаллий шароитларга мослаштирилади, террорчиларнинг интернет ва АКТдан фойдаланишига қарши кураш ҳамда бунинг олдини олишда ижрочи органларга инсон ҳуқуқлари ва гендер масалаларини эътиборга олган ҳолда тегишли сиёсий чоралар ва қоидаларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Бу интернетдан террорчилик мақсадларига фойдаланишга қарши кураш бўйича ЕХҲТ ҳудудида ташкил этилган иккинчи назарий машғулотлардир. Илк машғулотлар 2019 йилнинг январида Тошкентда ўтказилган эди.

Аксилтеррор бўлинма 2019-2020 йилларда бу каби тадбирларни Марказий Осиё ва Жануби-шарқий Европа мамлакатларида ҳам ўтказишни режалаштирмоқда.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha