Карвонсарой
Энергия

Тарихий анжуман ортидан Марказий Осиё минтақавий энергетика бозорини шакллантиришни бошламоқда

Карвонсарой

Марказий ва ғарбий Осиё мамлакатлари энергетика вазирлари, ривожлантириш ташкилотлари расмийлари ва ОТБ вакиллари 20 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган МОМИҲ энергетика вазирлари учрашувида. (ОТБ)

Марказий ва ғарбий Осиё мамлакатлари энергетика вазирлари, ривожлантириш ташкилотлари расмийлари ва ОТБ вакиллари 20 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган МОМИҲ энергетика вазирлари учрашувида. (ОТБ)

ТОШКЕНТ – Жума (20 сентябрь) куни Марказий ва ғарбий Осиёдаги тўққиз давлат энергетика соҳасидаги трансчегаравий ҳамкорликни жадаллаштириш ва минтақавий энергетика бозорини кучайтириш бўйича тарихий декларацияни имзоладилар, деб хабар берди Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўз баёнотида.

Афғонистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлигининг (МОМИҲ) энергетика вазирларининг учрашувида 10 банддан иборат декларацияни имзоладилар.

Марказий ва Ғарбий Осиё энергетика вазирлари илк марта минтақавий энергетика муаммоларини муҳокама қилиш учун йиғилдилар.

ОТБ хабарига кўра, иштирокчилар имзолаган декларация янада эркин энергия бозорини шакллантирувчи ислоҳотларни тезлаштиради. Улар орасида «хусусий секторнинг кенг иштироки ва инвестициялар, мамлакатлараро энергия алмашинуви ва алоқаларни кучайтириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва соф технологияларни қўллаш бўйича қатъий мажбуриятлар» мавжуд.

Иштирокчилар минтақада хавфсиз энергия келажагини таъминлашга қаратилган 10 йиллик МОМИҲ энергия стратегиясини маъқулладилар.

Ушбу тадбир Марказий Осиё мамлакатлари давлатларини Россияга қарамликдан халос этадиган энергетик келажакни яратиш билан боғлиқ. ОТБ маълумотларига кўра, «Туркия ва Грузия орқали нефть ва газнинг стратегик транзит имкониятлари» муҳокама қилинган.

Айнан шу йўналишда, Туркманистон денгиз остидан ўтувчи Транскаспий қувурини таклиф қилмоқда. Бу қувур ишга тушадиган бўлса, Туркманистон ва Қозоғистон табиий газини бу икки давлатнинг собиқ мустамлакачиси бўлган Россия қувурларидан фойдаланмаган ҳолда Жанубий Европага экспорт қилиш имконини беради.

Айни вақтда, энергетик тақчилликдан азият чекаётган Покистон ва Ҳиндистонни таъминлаши кўзда тутилган Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) табиий газ қувури барпо этилмоқда.

Бу лойиҳа Афғонистоннинг ўз ҳудудидан ўтган ТАПҲ қувурини эронликлар бошқарувидаги Толибонларнинг путур етказишидан сақлай олишига боғлиқ бўлади. Урушдан азият чеккан мамлакат буни уддалай олган тақдирда, ТАПҲ ўта зарур газ етказиб берилиши, бунинг натижасида яратиладиган иш жойлари ва маблағ оқимини англатади.

Кўп сонли муаммолар

Минтақанинг энергетика соҳаси қатор муаммоларга тўқнаш келмоқда. ОТБ маълумотларига кўра, табиий ресурсларнинг нотекис тақсимланиши, яроқсиз инфратузилма ва давлат коммунал хизматларининг самарасизлиги шулар жумласидандир. Бунинг натижасида, айрим давлатлар, хусусан Покистон, сурункали равишда электр тақчиллигини бошдан кечирмоқда.

ОТБ тахминларига кўра, 2030 йилга қадар талабни қондириш учун минтақа энергетика тизимининг қувватини икки баравар оширилиши керак. Бунинг учун жами 400 миллиард доллар инвестиция киритиш талаб этилади.

Минтақавий ҳамкорлик, замонавий энергия бозорлари ва хусусий инвестицияларнинг ўсиши мамлакатларнинг ўзидаги ва ташқи бозорлар эҳтиёжларини қондириш учун етарли қувват яратиши мумкин.

«Йирик хусусий сармояларсиз минтақа зарур инвестициялар даражасига эриша олмайди», деди ОТБнинг марказий ва ғарбий Осиё бўйича бош директори Вернер Лиепах. «Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) мамлакатларининг ислоҳотлар йўлидаги қатъийлиги мени ҳайратда қолдирди.»

«Бу тарихий ютуқ ва муҳим мажбурият», дейди ОТБ вице-президенти Дивакар Гупта. «Энергетика соҳаси минтақадаги иқтисодий ўсишни жадаллаштиради, шу боис ҳам энергия соҳаси етакчиларининг ушбу мисли кўрилмаган учрашуви улкан аҳамиятга эга.»

Осиё тараққиёт банки МОМИҲ дастурининг котибияти ҳисобланади. У 2001 йилдан бери МОМИҲга аъзо мамлакатларда транспорт, энергетика ва савдо бўйича умумий қиймати 34,5 млрд. долларлик 196 та минтақавий лойиҳани молиялаштирган.

МОМИҲга 11 мамлакат: Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аъзо бўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиясиз

Жавоб бериш