Карвонсарой
Сиёсат

Ўзбекистон чегараларидаги низоларнинг ҳал этилиши Марказий Осиёнинг тобора бирлашаётганидан дарак бермоқда

Рустам Темиров

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қолган тўрт мамлакати билан чегарадош ягона давлатдир. Унинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан умумий чегараларининг узунлиги минглаб километрларда кўрсатилган [Карвонсарой]

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қолган тўрт мамлакати билан чегарадош ягона давлатдир. Унинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан умумий чегараларининг узунлиги минглаб километрларда кўрсатилган [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистоннинг қўшнилари билан чегарадаги келишмовчиликларини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга ёрдам бериши мумкин, дейди таҳлилчилар.

Ўнлаб йиллар давом этган мавҳумликдан сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўтган ойда умумий чегараларга оид ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилишган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 22 декабр куни Тошкентда бўлиб ўтган саммитнинг ёпилиш маросимида чегарани демаркация қилиш тўғрисидаги битимни имзоладилар.

«Ушбу келишув Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида давлат чегарасини халқаро-ҳуқуқий белгилаш жараёнини якунлайди», деди Тўқаев «Газета.уз»га кўра.

Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош Мирзачўл тумани, 17 октябр кунги сурат. [Ҳакимжон Фозилов]

Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош Мирзачўл тумани, 17 октябр кунги сурат. [Ҳакимжон Фозилов]

Имзоланган ҳужжат минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди Мирзиёев.

«Бизнинг чегараларимиз азалдан дўстлик ва яхши қўшничилик чегараси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади», деди у.

Чегара масаласини ҳал қилиш

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповга кўра, яқинда имзоланган келишув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 31 йил аввал мустақилликка эришилганидан бери илк марта чегара бўйича доимий баҳс йўқлигини англатади.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар анча илиқлашди, декабр ойидаги келишув эса уларнинг кульминацияси бўлди, деди у.

«Украинада ҳозирги уруш контексти бунга қўшимча туртки берган бўлиши мумкин, аммо Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларининг бутун эволюцияси ва тарихи ҳам шу натижага олиб келди».

Минтақадаги энг йирик икки давлат сифатида уларнинг зиммасида Марказий Осиё давлатларининг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги учун алоҳида масъулият бор, деди Толипов.

Бу келишув Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ҳам муҳим мужда йўллайди, деди у.

«Икки мамлакат чегарада ҳеч қандай келишмовчилик йўқлигини намойиш эта олдилар. Ҳанузгача ўз ечимини топмаган чегара сегментлари мавжуд бўлса, масалан... Ўзбекистон ва Қирғизистон ёки Тожикистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги муносабатларда – уларни ҳал қилиш мумкин», дейди у.

Чегаралар демаркацияси шунчаки сиёсий қадам эмас, балки иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши ва трансчегаравий савдонинг ривожланиши белгисидир.

Жумладан, 2021 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,3 миллиард долларга етди, деб ёзган Kursiv.kz ўтган йилнинг февралида.

Биргина 2022 йилнинг 10 ойида у 4 миллиард доллардан ошди, деб айтган Қозоғистон бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин декабр ойида Тошкентда, Қозоғистон бош вазири Алихон Смаиловнинг матбуот хизмати хабарига кўра.

Икки давлат беш йил ичида йиллик савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказмоқчи, деб ёзди Astana Times ўтган йилнинг май ойида.

Яхши қўшничилик

Совет Иттифоқининг парчаланиши Ўрта Осиё халқларига мустақиллик олиб келиш билан бирга, ҳал этилмаган чегара муаммолари ва низоларни ҳам мерос қилиб қолдирди.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қолган тўрт мамлакати билан чегарадош ягона давлатдир.

Сўнгги йилларда Тошкент ўз қўшнилари билан чегарадаги келишмовчиликларни ҳал қилиш учун мувофиқлашган чораларни амалга оширди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон 3 ноябр куни ўзбек-қирғиз чегарасининг 302,29 километрлик алоҳида баҳсли участкалари, хусусан, Ўзбекистондаги Андижон сув омбори деб номланувчи Кампиробод сув омбори билан боғлиқ келишувни имзолади.

Икки давлат умумий чегарасининг жами узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. 2017 йилгача унинг фақат 85 фоизи демаркация қилинган эди.

Сўнгги келишув ер участкалари алмашинувини ҳам ўз ичига олади, унга кўра, Ўзбекистон сув омбори жойлашган 4957 гектар ҳамда қўшимча 19,5 гектар ҳудудни «тўғонни сақлаш ва ҳимоялаш учун» олди, дея хабар берди Diplomat январ ойида.

Қирғизистон компенсация сифатида чегаранинг алоҳида қисмида 1019 гектар яйлов ва 12 849 гектар ерга эга бўлди.

Келишувда Ўзбекистон қирғиз қишлоқларини сув билан таъминлаши ҳам назарда тутилган, бу эса келажакда ҳаётий муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

1 миллиард 578 миллион куб метр сиғимга эга сув омбори муҳим стратегик ва иқтисодий объект ҳисобланади, деди ноябр ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.

У Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида 175 минг гектар, Қирғизистонда 25 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларини суғоради.

Ўзбекистон сўнгги беш йил ичида Қирғизистон билан 1170, Тожикистон билан 193 ва Қозоғистон билан 2356 км чегарани демаркация қилиш бўйича шартномалар имзолади, деди Арипов. Шунингдек, ўн бешта чегара пункти қайта очилди.

Тошкент шунингдек, Душанбе билан ҳамкорликда чегара масалаларини ҳал қилди.

2017 йилнинг март ойидан Ўзбекистон ўзбек-тожик чегарасининг бир қанча ҳудудларини миналардан тозалаш ва назорат-ўтказиш пунктларини очишни бошлади.

Ўзбекистон 1990-йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) жангариларининг киришига тўсқинлик қилиш учун чегаранинг баланд тоғли ҳудудларини миналаштирган эди.

2018 йил август ойида икки мамлакат биргаликда Зарафшон дарёсида иккита гидроэлектростанция қуришга келишиб олдилар.

Ҳамкорлик модели

Ўзбекистон чегарадаги низоларни тинч ва дипломатик йўл билан ҳал этиш қобилиятини намойиш этди, дейди кузатувчилар.

Бу орада Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида чегараларни белгилаш тўғрисидаги пакт имзоланишидан олдин катта ташкилий ва тайёргарлик ишлари олиб борилди, дейди ўзбекистонлик тарихчи олим Равшан Назаров.

«Ташқи ишлар вазирлиги экспертлари, божхона, чегара, карантин ва бошқа хизматлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар бир неча бор учрашув ўтказдилар. Улар эски ва замонавий хариталарни кўриб чиқдилар ва бир қатор баҳсли сегментлар бўйича бир қарорга келишди».

«Яна бир муҳим элемент томонларнинг ўзаро хайрихоҳлиги бўлди.

Тошкентда имзоланган келишув бошқа Марказий Осиё давлатлари учун ажойиб мисол бўлиб хизмат қилади, дейди Олмаотада жойлашган Озодлик нодавлат ташкилоти Галим Агелеулов.

Ўзбекистон ва Қозоғистон бир-бирига ишона олишларини намойиш этдилар, бу минтақадаги бошқа мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир қилиши мумкин, деб айтган у.

Бу Марказий Осиё давлатларини бирлаштириш ва кўп масалаларда умумий сиёсат юритишнинг ибтидоси бўлиши мумкин, деб қўшимча қилди Агелеулов.

«Бу Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараларни белгилаш учун амалий намуна», деб айтган у икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатдан бери давом этаётган муаммони назарда тутиб.

Расмий манбаларга кўра, ўтган йилнинг сентябр ойида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо икки давлат чегарасидаги тўқнашувлар натижасида камида 100 киши, жумладан, тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган, 200 дан ортиқ одам яраланган. Улар 2021 йилда ҳам низолашган эдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сўнгги келишув «ўзаро мақбул ечимлар ва муросага келиш мумкинлигини кўрсатади».

«Марказий Осиё мамлакатлари биргаликда ҳаракат қилишни бошлаши керак», деб айтган Агеулов. «Бу барчамиз юз келаётган ташқи таҳдидларга қарши курашни осонлаштиради.»

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара муаммолари узил-кесил ечим топди ва бу натижа Марказий Осиё бўйлаб барқарорлик ва фаровонликка хизмат қилади, деб айтган бишкеклик сиёсий таҳлилчи Марс Сариев.

«Кейинчалик Европага ўтадиган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши шу йил бошланиши керак», деди у. «Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги мулоқот яқинда бошланади. Бу масала ҳамма учун манфаатли якун топиши борасида умид берувчи белгилар бор.»

«Марказий Осиё республикалари барқарорлик ва фаровонлик йўлида секин-аста ягона минтақага айланмоқда», дейди Сариев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500