Карвонсарой
Таълим

«Ўзимизники бўлсин деймиз»: Қозоқ ёшлари миллий ўзлигини англаб бормоқда

Ольга Чепил

Қозоғистон халқаро миқёсда нуфузли ҳисобланувчи университет дарсликларининг қозоқ тилидаги юқори сифатли нашрларини тайёрлаш устида ишламоқда. [Файл]

Қозоғистон халқаро миқёсда нуфузли ҳисобланувчи университет дарсликларининг қозоқ тилидаги юқори сифатли нашрларини тайёрлаш устида ишламоқда. [Файл]

ОСТОНА – Ўнлаб йиллар давом этган руслаштириш сиёсатидан сўнг ёшлар ўз она тили ва миллий ўзлигига қайтиш заруратини ҳис қилаётган Қозоғистонда маданий уйғониш юз бермоқда.

Мамлакатда истаган одам қозоқ тилини ўрганиши ва машқ қилиши мумкин бўлган суҳбат клублари оммалашмоқда.

«Ҳозир қозоқ тили курслари кўп. Дўстларим бу тилни ўз ҳаётларига татбиқ қилишга уринмоқдалар», дейди Карвонсарой нашрига олмаоталик журналист ва таълим лойиҳалари координатори Назерке Муҳамедия.

«Улар бу тилни фарзандларига ўргатиш учун уни том маънода нолдан ўрганишлари керак», деди у. «Мамлакатимизда тил масаласи жуда долзарб бўлиб турибди.»

1930-йилларда Қозоғистондаги очарчилик ҳақида ҳикоя қилувчи «Дашт йиғиси» филмидаги ушбу саҳнада актриса Саяжан Қулимбетова Қозоғистон-Хитой чегарасидаги Суиқсой қишлоғи яқинида елкасида болаларини кўтариб, Қизил армиядан қочаётган аёл ролини ижро этган. Фильм 2020 йилда суратга олинган. [Канат Алтинбаев]

1930-йилларда Қозоғистондаги очарчилик ҳақида ҳикоя қилувчи «Дашт йиғиси» филмидаги ушбу саҳнада актриса Саяжан Қулимбетова Қозоғистон-Хитой чегарасидаги Суиқсой қишлоғи яқинида елкасида болаларини кўтариб, Қизил армиядан қочаётган аёл ролини ижро этган. Фильм 2020 йилда суратга олинган. [Канат Алтинбаев]

Олмаоталик журналист ва таълим лойиҳаси координатори Назерке Муҳамедия 2022 йил июл ойида Олмаота шаҳрида қозоқ ижрочилари иштирокидаги OYU фестивалида иштирок этмоқда. [Назерке Муҳамедия]

Олмаоталик журналист ва таълим лойиҳаси координатори Назерке Муҳамедия 2022 йил июл ойида Олмаота шаҳрида қозоқ ижрочилари иштирокидаги OYU фестивалида иштирок этмоқда. [Назерке Муҳамедия]

Муҳамедиянинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда қозоқ тили курсларига талаб кескин ошган. Дўстларидан фарқли ўлароқ, у қозоқ тилини бувисидан ўрганган ва яхши билади.

Фридрих Эберт жамғармаси томонидан 2020 йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Қозоғистон фуқароларининг атиги 39 фоизи қозоқ тилида равон сўзлаша ва ёза олади, рус тилини яхши биладиганлар эса 51 фоизни ташкил қилади.

Муҳамедия Қозоғистондаги тил сегрегациясини тадқиқ қилувчи «Мамбет» фильми устида ишламоқда.

«Мамбет – туркийзабон халқлар орасида кенг тарқалган исм. Тарихимизда Мамбет ботир [18-асрдаги қозоқ жангчиси] юртимизни душманлардан ҳимоя қилган. Лекин ҳозир рус тилини яхши билмайдиган, қорачадан келган ёки ўқимаган қозоқларни шундай аташади. Мамбет лақаби камситувчи атама бўлиб қолди», дейди Муҳамедия.

Филм қозоқ тили ва маданиятига нисбатан муносабатни ўзгартиришга чақиради ва томошабинларни миллий ўзлигини излашга ундайди.

«Бу нега шахсан мен учун муҳим? Чунки бу бизнинг тилимиз», деди у. «Тил барчамизни бирлаштира оладиган жиҳатлардан биридир.»

«Ўзимизники бўлсин деймиз»

Авваллари қозоқлар ўз тили, маданияти ва урф-одатларидан уялар эди, аммо кейинги йилларда вазият кескин ўзгарди, дейди кузатувчилар.

Қозоқ маданияти русларникидан фарқ қилади, дейди Олмаотада яшовчи қозоғистонлик сиёсатшунос Димаш Алжанов.

«Биз руслашмаганмиз. Биз Россия ахборот маконининг бир қисми бўлишни истамаймиз. Биз Кремлдан ёйинлаётган алоқалар ва нарративга қўшилмаймиз. Ўз қарашимизга эга бўлишни истаймиз», деди у Карвонсаройга.

Қозоқ тили ва маданиятига бўлган муҳаббатнинг кучайиши нафақат Украинадаги уруш, балки 2022 йилда Қозоғистонда юз берган «Қонли январ» намойишларининг маҳсулидир.

Ҳукуматга қарши намойишларда 238 нафар қозоғистонлик, асосан ёшлар ҳалок бўлган эди.

«Намойишларнинг ўзагини – барча намойишчиларнинг қарийб 80 фоизини… 20 дан 35 ёшгача бўлганлар ташкил қилган», деди Алжанов.

Таҳлилчиларга кўра, январдаги намойишлар ва жамиятнинг ўзини фуқаролик жамияти ўлароқ англашига, ўтмишни ва Россия ролини қайта кўриб чиқишига ҳамда руслаштириш натижасида йўқ бўлиб кетган миллий ўзликни қайта тиклашига туртки бўлган.

Қозоқ ёшлари Қозоғистон тарихига кўпроқ қизиқа бошлаганлар.

Масалан, Муҳамедия деколонизация ва икки миллиондан ортиқ қозоқларнинг ҳаётига зомин бўлган 1931-1933 йиллардаги очарчилик ҳақида суҳбатлашиш мақсадида дўстлари билан тез-тез йиғилиб туради.

«Деколонизация ҳақида турли адабиётларни ўқишимиз ёки маърузаларда иштирок этишимиз мумкин бўлган кўплаб университет курслари мавжуд. Улар халқимизнинг тарихини қайта кўриб чиқишга ва бу ҳақда очиқ суҳбатлашишга имкон берадиган терапия жойларидир», дейди у.

Ўзгаришлар – ёшлар қўлида

Миллий ўзликни англаш жараёни нафақат қозоғистонлик ёшлар, балки бошқа Марказий Осиё давлатларида ҳам бошланган, дейди Шарқий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи, киевлик Наталия Бутирская.

«Миллий ўзлик масаласида ўзбекистонликлар илгарилаб кетишди, чунки собиқ президент Ислом Каримов даврида Совет қолдиқлари йўқ қилинди», дейди у.

«Темурнинг шахси улуғланди, ўзбеклар Бухоро ва Самарқандни тикладилар. Улар кўп нарсаларга эътибор қаратишмоқда», деб айтган у.

Минтақавий нуқтаи назардан Россиянинг Украинага нисбатан тажовузи Марказий Осиёда юз берган барча ўзгаришларга сабаб бўлди, дейди у.

Россия ўз қўшнисига 2022 йил феврал ойида ҳужум қилди.

Марказий Осиёдаги ҳар бир давлат ўз мустақиллигини англаб етди ва миллийлигини мустаҳкамлашга интилмоқда, деди у Марказий Осиёда этник деколонизация давом этаётганини қўшимча қилиб.

«Яқинда Қирғизистон ўз давлат хизматчиларидан иш юритиш ва барча расмий ишларни қирғиз тилида олиб бориш талабини кучайтирди», деди Бутирская.

Марказий Осиёда Россия оммавий ахборот воситалари ҳукмронлик қилаётган бир вақтда, асосан рус тилидаги мавжуд ахборот манбаларидан фойдаланадиган кекса авлод билан ёшларнинг қарашлари кескин фарқ қилади, дейди у.

«Ёшлар илғорроқ, урушда ҳам улар Украинани қўллаб-қувватлашади, фақат Қозоғистонда эмас, балки умуман», дейди у Марказий Осиёнинг 80 миллионга тенг аҳолисининг кўпчилиги ёшлардан иборат эканлигини таъкидлаб.

«Ёшлар ўзгаришлар ташаббускоридир», дейди сиёсатшунос Алжанов. «Ўтмишга янгича маъно киритишга, руслаштириш даврида йўқ бўлиб кетган нарсаларни қайта тиклашга ҳаракат қилинмоқда, Қозоғистонда бу жараён аллақачон бошланган.»

Қозоқ маданияти гуллаб-яшнамоқда, дейди журналист Муҳамедия.

«Кўпчилик [қозоқлар] узоқ йиллар ўзгалар маданиятини ўрганиб, ўзиникидан маҳрум бўлган. Ўзлигимизни йўқотмасликка ҳаракат қиляпмиз.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қозоғистон ҳам «алвидо ифлос Россия», демоқда.

Жавоб бериш

Бутирская бу ерда нима қилиб юрибди? Кўпмиллатли дўстона халқимизни инқирозга етакламоқчимм? Ўзининг давлатида буйруқ берсин!!!

Жавоб бериш