Карвонсарой
Жамият

Олмаота вилояти бўйлаб саёҳат қилган америкалик ёзувчилар Қозоғистон туризмини тарғиб қилмоқда

Ксения Бондал

Америка Сайёҳ ёзувчилар жамиятининг уч нафар аъзоси июнь ойида Олмаота вилоятидаги Кўлсой кўлларига саёҳат чоғида суратга тушмоқда. [USAID]

Америка Сайёҳ ёзувчилар жамиятининг уч нафар аъзоси июнь ойида Олмаота вилоятидаги Кўлсой кўлларига саёҳат чоғида суратга тушмоқда. [USAID]

ОЛМАОТА − Американинг сайёҳ ёзувчилар жамиятининг (SATW) ўн тўрт нафар аъзоси ўз муштарийларига Марказий Осиё мамлакатлари табиати, маданияти ҳақида сўзлаб бериш ва туризмга оид тавсияларни улашиш учун яқинда Қозоғистонга ташриф буюрдилар.

Гуруҳ 21 майдан 7 июнга қадар АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Қозоғистон миллий туризм компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган пресс-тур доирасида Олмаота атрофларида бўлди.

Ушбу тур USAIDнинг минтақа бўйлаб иқтисодий ўсишни тезлаштириш ва турли воситалар орқали иқтисодий имкониятларни, савдо алоқаларини кучайтиришга қаратилган Марказий Осиёдаги савдо фаолияти доирасида ташкил этилди.

1955 йилда ташкил этилган SATWнинг мингдан ортиқ аъзоси бор.

Америка Сайёҳ ёзувчилар жамиятининг аъзоси июн ойида USAID ҳомийлигида ташкил этилган сафар доирасида Олмаота вилоятидаги Шарин дарасини кўздан кечирмоқда. [USAID]

Америка Сайёҳ ёзувчилар жамиятининг аъзоси июн ойида USAID ҳомийлигида ташкил этилган сафар доирасида Олмаота вилоятидаги Шарин дарасини кўздан кечирмоқда. [USAID]

Америка Сайёҳ ёзувчилар жамиятининг бир гуруҳ аъзолари июн ойида Олмаота тоғларига саёҳат чоғида суратга тушмоқдалар. [USAID]

Америка Сайёҳ ёзувчилар жамиятининг бир гуруҳ аъзолари июн ойида Олмаота тоғларига саёҳат чоғида суратга тушмоқдалар. [USAID]

Улар Қўшма Штатлар, Канада ва бошқа мамлакатлар журналистлари, фотографлар, таҳрирчилар, телерадио/видео/кино продюсерлари, блогерлар, веб-сайтлар эгалари, PR мутахассислар ва меҳмондўстлик соҳаси аъзоларидан иборат.

«Туризм дунё бўйлаб иқтисодий ривожланишга таъсир қиладиган асосий омил бўлиб, у глобал ЯИМнинг беш фоизини ташкил этади», деб ёзади USAIDнинг Марказий Осиёдаги минтақавий миссияси раҳбари ўринбосари Луис Ривьера 6 июн куни агентликнинг Facebook саҳифасида.

«Қозоғистоннинг табиий гўзаллиги ва маданий бойлигига гувоҳ бўлиш, унда иштирок этишдек бир умрлик таассуротдан иборат маҳсулотнинг мукаммал экспорти.»

Туризм тараққиётини кучайтиришнинг бир йўли бу халқаро инфлюенсерларни қабул қилишдир.

«USAID бу пресс-турга Қозоғистоннинг туристик масканлари ва маданий осори атиқаларига оид янги сайёҳлик контентини яратиш мақсадида ҳомийлик қилди.»

SATW Қозоғистонга саёҳат қилиш имкониятини эълон қилар экан, у ерга етиб бориш учун деярли 30 соат кетишига қарамай, бунга 40 киши қизиқиш билдирган, деб хабар беради Қозоғистон туризми агентлиги вакили.

Муштарийлари орасида тажрибали сайёҳлар бўлган 14 иштирокчи SATW томонидан саралаб олинди.

2025 йилда Нью-Йорк ва Олмаота ўртасидаги тўхтовсиз парвозларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда, деб айтган Қозоғистон туризм агентлиги вакили. «Унгача америкаликлар Қозоғистон туризми ҳақида билиб олишлари керак.»

«Бутун умрлик хотиралар»

Ёзувчилар Чимбулоқ тоғ-чанғи курорти, Ой-Қарағай тоғ курорти, Аюсой дараси, Шарин дараси ва Алтин-Эмел миллий паркидаги куйловчи қумтепаларида (юқоридан тушган қум туфайли келиб чиқадиган товуш сабабли шундай номланади) бўлдилар.

Шунингдек, улар Кўлсой миллий парки, Қайинди кўли ва бошқа сўлим жойларга ташриф буюришди.

Уларнинг маршрути пиёда саёҳатлар, от миниш, сайёҳлик масканларига ташриф ва Қозоғистон маданияти билан танишувни ўз ичига олди.

Ёзувчилар ноёб контент яратиб, уни ўз блоглари ва ижтимоий тармоқлар орқали улашганлар.

«Олмаота мен ташриф буюрган энг озода шаҳар бўлса керак», деб ёзади FamiliesGo сайтининг ёзувчиси ва бош контент-мейкери Эйлин Ганн Карвонсаройга.

«Мен учун пиёда юриш ва диққатга сазовор жойларни, дўконларни айланиш, таомланиш мароқли бўлди», деб айтган у. «Бир нечта мактаб ўқувчилари келиб мен билан инглиз тилида сўзлашдилар, суҳбат жуда қизиқарли бўлди.»

«Олмаотадан бир неча соатли масофадаги турли манзаралар – узумзорлар, даралар, далалар, қумтепалар, кўллар, қурғоқчил, ўтларга бурканган ва қорли тоғлар мени ҳайратда қолдирди», деб айтган Ганн.

«Бир-бирига яқин жойлашган турли манзараларни яна бошқа қаерда кўриш мумкинлигини билмайман. Мен ўз муштарийларимга Олмаота ва унинг яқинидаги барча қисқа саёҳатларим ҳақида сўзлаб бермоқчиман.»

«Самимий ва меҳмондўст»

«Қозоғистон мўъжизаларини АҚШдаги ўқувчиларимизга улашишдан жуда мамнунман», деб ёзади The Travel 100 нашри бош муҳаррири Ян Шрёдер Карвонсаройга.

«Олмаотанинг диққатга сазовор жойларини, жумладан, хиёбонлар ва бозорларни кўриш, сўлим қишлоқларни кашф этишдан завқландим», деб қўшимча қилди у.

«Шарин дарасида ўтказилган кун, Кайинди кўли ва Кўлсой кўллари миллий боғидаги сайр мен учун саёҳатнинг энг муҳим воқеалари бўлди.»

«Шунингдек, этно-қишлоқда кўчманчилар ҳаётини билан танишиш, бир кун ўтовда меҳмон бўлиб, Ой-Қорағай дам олиш масканидаги ёғоч уйда тунаш ҳам жуда маъқул бўлди.»

«Одамларнинг самимий ва меҳмондўст экани барчамизни лол қолдирди», деб ёзади у.

«Инглиз тилида гапираётганимизни эшитиб, қаердан эканлигимизни сўрашар, «Қозоғистонга хуш келибсиз» дейишарди ёки баъзан шунчаки саломлашиб, қўлимизни сиқиб қўйишарди».

Travelingmitch.com сайтининг сайёҳ ёзувчиси Кристофер Митчеллнинг Карвонсаройга айтишича, «унинг учун энг эсда қоларлиси ранг-баранг, драматик манзаралар бўлган».

«Одамлардан чинакамига завқландим», деб ёзади у. «Ҳамма жуда хушмуомала ва бизни кўришдан жуда мамнун эди.»

«Очиғи, Қозоғистонга ташриф ҳаётимдаги энг зўр саёҳатлардан бири бўлди. Ҳозирданоқ у ерни соғиняпман», дейди Митчелл.

Юқорироқ мақсадни кўзлаб

SATW ёзувчиларининг ташрифи Қозоғистон ҳақида контент яратишдан ташқари, ташкилотнинг йиллик конференциясини Марказий Осиё давлатида ўтказиш имкониятини оширади, дейди «Қозоқтуризм» вакили.

Ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган ва туризм муҳокамасига бағишланган ушбу тадбирга 250 дан 400 гача журналистлар, блогерлар, фотожурналистлар ва муҳаррирлар йиғиладилар.

Уларнинг ҳар бири ўз саёҳати ҳақида бир-иккита мақола чиқаради.

«2019 йилда Қозоғистон Олмаотада навбатдаги SATW конференциясини ўтказиш учун ариза берган ва ғолиб бўлган эди», дейди матбуот котиби. «Аммо кейин 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланди ва сайёҳлар учун чегаралар ёпилди.»

«Сўнг Украинадаги низо геосиёсий инқирозни келтириб чиқарди ва конференция бу йил сентябр ойида Олмаотада эмас, Пуэрто-Рикода ўтказиладиган бўлди.»

Қозоғистон феврал ойида SATWга қайтадан ариза топширди ва 2024 йилги конференцияга мезбонлик қилишни кўзламоқда, деди матбуот котиби.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500