Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Тожикистоннинг экстремизмда айбланганларнинг ҳибсдаги шароитини яхшилашга оид саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият эътиборини қозонмоқда

Карвонсарой

Тожикистоннинг Варзоб шаҳрида бўлиб ўтган олти кунлик учрашувда жангари-экстремист маҳкумларга нисбатан муомала мавзуси муҳокама қилинди. (Душанбедаги инсон ҳуқуқлари маркази)

Тожикистоннинг Варзоб шаҳрида бўлиб ўтган олти кунлик учрашувда жангари-экстремист маҳкумларга нисбатан муомала мавзуси муҳокама қилинди. (Душанбедаги инсон ҳуқуқлари маркази)

ВАРЗОБ, Тожикистон – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Тожикистоннинг жангари-экстремист маҳкумлар билан муомаласини яхшилаш, маҳбуслар радикаллашувининг олдини олиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил усулларини ишлаб чиқишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.

16 август куни Варзобда жазони ижро этиш муассасаларидаги ислоҳотларга бағишланган олти кунлик анжуман ўз ниҳоясига етди. Тадбир мамлакат Адлия вазирлигининг Жазони ижро этиш муассасалари бош бошқармаси томонидан ЕХҲТ ва «Prison Reform International» нодавлат ташкилоти кўмагида ташкил этилди.

Анжуман давомида 19 кишилик ишчи гуруҳ мамлакат жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқишга оид муҳим масалаларни муҳокама қилди, дейилади ЕХҲТ сайтидаги баёнотда.

Ишчи гуруҳ қамоқхоналарни қўриқлаш ва хавфсизлик чораларини яхшилаш ҳамда маҳбусларни реабилитация қилиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш масаласига ҳам эътибор қаратди.

ЕХҲТ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маҳбуслар билан муомалага оид минимал стандарт қоидаларга («Нелсон Мандела қоидалари») инсон ҳуқуқларининг халқаро меъёрлари ва стандартларига мувофиқ риоя қилинишини қўллаб-қувватлайди.

«Тожикистон ҳукумати томонидан қабул қилинган ушбу ислоҳотлар стратегияси катта аҳамиятга эга ва уни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз ўз ҳамкорларимизга, жумладан ЕХҲТнинг Душанбедаги дастурий идорасига, экспертлар ишчи гуруҳининг ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга оид мажлисини қўллаб-қувватлагани учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», дейди Тожикистон Жазони ижро этиш муассасалари бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рустам Бобоализода.

2016 йилда Душанбедаги ЕХҲТ дастурий идораси экспертлар ишчи гуруҳига жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилишга оид стратегия ишлаб чиқишга кўмаклашиб, бир қанча жамоатчилик муҳокамаларини ташкиллаштирди.

2020 йилда ҳукумат ишчи гуруҳ тузган жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлади ва унинг тавсияларини кўриб чиқди.

Халқаро ва маҳаллий экспертлар, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти вакиллари ЕХҲТ кўмагида ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттирадилар, дейилади хабарда.

Тожикистон қамоқхоналаридаги ИД ғалаёнлари

Тожикистонда экстремистлар сақланадиган қамоқхоналарда талайгина муаммолар юз берган.

2019 йилнинг май ойида қамоқдаги «Ислом давлати» (ИД) жангарилари томонидан уюштирилган қўзғолон оқибатида 32 киши, жумладан ИДнинг 24 аъзоси ҳаётдан кўз юмган эди.

Душанбедан 17 км шарқда жойлашган Вахдат қамоқхонасида юз берган ғалаёнда уч қўриқчи ва беш маҳбусни ўлдирилган, исёнчилар бошқа маҳбусларни гаровга олиб, қамоқхонанинг тиббий муассасаларига ўт қўйганлар.

Расмийларга кўра, ғалаённи бостиришга уринган хавфсизлик кучлари томонидан ИДнинг 24 аъзоси ўлдирилган.

2018 йил ноябр ойида Хўжандда юз берган яна бир қамоқхона ғалаёни оқибатида 26 киши ҳалок бўлган. Уни маҳбусларнинг қамоқхонадан қочишини ташкиллатиришга уринган собиқ ИД аъзоси ташкиллаштирган.

2019 йил охирида Тожикистон ҳукумати терроризмда айбланган маҳбуслар учун янги қамоқхона қуриш режалаштирилаётганини эълон қилди.

Адлия вазирлигига кўра, қуриб битказиладиган қамоқхона бундай маҳбусларни назорат қилишни кучайтириш ҳамда ғалаёнлар ёки қочишларнинг олдини олишга имкон беради.

Барпо этилажак муассаса «хавотирга сабаб бўлаётган барча муаммоларни ҳал қилиш, маҳбуслар хавфсизлигини таъминлаш ва қамоқхонадаги оммавий тартибсизликлар, қотилликлар ва экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиши лозим», деди Адлия вазирлигининг жазони ижро этиш тизими бошлиғи Мансуржон Умаров 20 ноябр куни Душанбеда ўтган форумда.

Тегишли идоралар барча халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда малакали архитекторлар билан ишламоқда, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500