Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-03-19 | Дипломатия

Остона учрашуви Марказий Осиё учун янги – Россиясиз давр бошланганидан дарак бермоқда


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 15 март куни Марказий Осиё раҳбарлари билан музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманини ўтказди. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 15 март куни Марказий Осиё раҳбарлари билан музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманини ўтказди. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Арман Калиев

ОСТОНА – Яқинда Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё раҳбарларининг учрашуви минтақанинг сиёсий ва иқтисодий келажагида ўзгариш нуқтаси ва собиқ Совет давлатлари ўртасида Россия таъсирисиз яқин алоқалар ўрнатиш томон ташланган қадам бўлди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Сооранбай Жеенбеков ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба, 15 март куни Қозоғистон пойтахтида йиғилиб, минтақавий ҳамкорликни муҳокама қилдилар. Бу мамлакатлар раҳбарларининг тўққиз йил деганда биринчи бор умумий учрашув ўтказиши бўлди.

Саммитдан кўра, кўпроқ «ишчи йиғилиш» деб номланган тадбирда Туркманистон парламенти раиси Акжа Нурбердиева ҳам иштирок этган.


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев (ўнгда) ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) 15 март куни Остонада Марказий Осиё раҳбарлари анжумани олдидан дўстона қўл сиқишмоқда. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев (ўнгда) ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) 15 март куни Остонада Марказий Осиё раҳбарлари анжумани олдидан дўстона қўл сиқишмоқда. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

«Биз барча муаммоларни ўзимиз ҳал қилишимиз ва халқимиз учун барқарорликни таъминлашимиз зарур», деди Назарбоев учрашув чоғида.

Бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариев Марказий Осиё раҳбарларининг биринчи бор Россия иштирокисиз анжуман ўтказиши муҳим эканлигини алоҳида қайд этди.

«Марказий Осиё давлатларининг ўзаро мувофиқлашуви янги даражага кўтарилмоқда», деди у Карвонсарой нашрига.

«Бугунга қадар, минтақамиз давлатлари ташқи кучлар таъсири остида бўлиб келган», деди у. «Энди эса Марказий Осиё мамлакатлари ташқи бошқарувчиларсиз… ўз ҳаракатларини бошладилар.»

Илиқлашаётган муносабатлар

Учрашувнинг Наврўз арафасида ўтказилиши – узоқ йиллар давом этган тангликдан сўнг, давлатлар минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлини қидираётганини англатади, дейди кузатувчилар.

«Наврўз арафасида бутун минтақа бўйлаб хавфсизлик, барқарорлик ва мустаҳкам тараққиётни таъминлаш мақсадида минтақавий ҳамкорлик, ўзаро ёрдам ҳамда муҳим масалаларга биргаликда ечим топишга ҳаракат қилишимиз рамзий маъно касб этади», дейилади раҳбарларнинг инглиз тилидаги қўшма баёнотида. Баёнот Қозоғистон бош вазирининг сайтида чоп этилган.

Узоқ муддат раҳбарлик қилган Ислом Каримов даврида йиллар давом этган тангликдан сўнг, Ўзбекистон сиёсий ўзгаришлар орқали ўзаро муносабатларни илиқлаштиришга муваффақ бўлди. У 2016 йил сентябрида ҳаётдан кўз юмганди.

Унинг ўрнини эгаллаган Мирзиёев қасамёддан сўнг аввалги вазиятни ўзгартириб, ўзининг илк расмий ташрифларини Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистонга боришдан бошлади. Шу тариқа, у аввал Россияга амалга ошириладиган ташриф ҳақидаги башоратларни пучга чиқарди.

Анжуман чоғида Назарбоев минтақавий форумни ташкил этиш ташаббуси Мирзиёевга тегишли эканини таъкидлаган.

Ҳамкорликнинг янги босқичи

Остонада муҳокама қилинган мавзулар минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги вазият, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, трансчегаравий ташувларга оид битимлар ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш кабиларни ўз ичига олди, деди Назарбоев матбуот анжуманида.

Қозоғистон Афғонистон масаласида мувофиқлашган позицияни ишлаб чиқиш учун мунтазам равишда беш томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш ва ишлаб чиқилган умумий қарашларни халқаро форумларда илгари суриш механизмларини таклиф қилди.

Қозоғистон президенти расмий сайтининг хабар беришича, «Энг муҳими, қарашларимизнинг муштарак эканлиги, ҳамкорлигимизни кучайтириш ва бир-биримиз билан келишиш истагимиз борлиги», деди Назарбоев учрашувдан сўнг журналистларга. «Шу сабабли биз, улуғ Наврўз байрами арафасида, бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олдик.»

Ўзбекистон ва унинг қўшнилари ўртасида йиллар давомида трансчегаравий сув тақсимоти сабабли мавжуд бўлган низолар бундан буён биргаликга ҳал қилинади, деб қўшимча қилган у баёнотга асосан.

Минтақада аҳолиси ҳамкорликни олқишлайди

«Мен Ўрта Осиё мамлакатлари ҳал этилмаган муаммолар, жумладан, трансчегаравий сув тақсимоти сабабли порохли бочка устида ўтирганлиги ҳақидаги мақолаларни тез-тез ўқиб турардим», дейди олмаоталик 52 ёшли Сакен Раздиков Карвонсарой нашрига.

«Шукрки, соғлом фикр устун келиб давлатларимиз ҳамкорлик қила бошлади», деди у.

Сармоядорларни жалб этиш ва савдони кучайтириш

Ўтмишда Марказий Осиё давлатлари мустақил равишда инвестициялар жалб қилишга уриндилар, аммо бу унча иш бермади, дейди Олмаота шаҳридаги Иқтисодий тадқиқотлар бўйича миллий бюроси раҳбари Қосимхон Каппаров.

«Бундай учрашувдан кўзланган мақсадларидан бири – қўшма инвестициялар имкониятларини кўриб чиқиш», деди у Карвонсарой нашрига.

Назарбоев танлаган устувор йўналишлардан бири минтақавий савдони ривожлантириш эди.

Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши Марказий Осиё аҳолисининг турмуш даражасини кўтаришга ҳисса қўшди, деди Назарбоев журналистларга анжуман давомида. У минтақада савдо ҳажмини янада кенгайтириш учун «кўплаб имкониятлар» мавжудлигини қўшимча қилди.

Савдони кучайтириш учун Марказий Осиёда молиялаштириш манбаларини топиш масаласини ҳал қилиш зарур, деди у.

«Бу ҳодиса аллақачон юз бериши керак эди», дейди остоналик ишбилармон Олга Карелина Карвонсарой нашрига. «(Бой берилган) йиллар давомида мамлакатларимиз янада ривожланган ва турмуш даражаси янада кўтарилган бўларди.»

«Афсус, кўп вақт йўқотилди», деди. «Аммо ҳечдан кўра, кеч яхши.»

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 10

Фикрлар 1

Captcha
Георгий | 2018-03-20

Аллақачон қилиш керак эди аслида, бунга ДУНЁдан ажратиб қўйилган қўшни давлатнинг тажовузи ва милитаризми туртки бўлди.

Жавоб бериш