Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-03-26 | Дипломатия

Тошкент Афғонистонда тинчлик ўрнатишга оид анжуманга мезбонлик қилмоқда


Расмийлар 24 март куни Тошкентда ўтказилган мажлисда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. (Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси)

Расмийлар 24 март куни Тошкентда ўтказилган мажлисда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. (Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси)

Максим Енисеев

ТОШКЕНТ – Афғонистондаги низони ҳал қилишга қаратилган халқаро тинчлик анжуманида қатнашиш учун Тошкентга 20 дан ортиқ давлат ва ташкилотлар вакиллари ташриф буюрган.

Минтақавий ва халқаро раҳбарлар дастлабки музокараларни ўтказиш учун Тошкентга 24 март, шанба куни етиб келишди.

Икки кунлик тинчлик анжумани 26 март, душанба куни бошланди ва у 28 февраль куни Афғонистон пойтахтида бўлиб ўтган Кобул жараёни анжуманининг давоми бўлиб, ўшанда Афғонистон президенти Ашраф Ғани Толибонлар билан тинчликка эришиш бўйича ўз режаларини эълон қилган эди.


26 март куни Тошкент аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон президенти Ашраф Ғанини кутиб олди. (Афғонистон президенти саройи)

26 март куни Тошкент аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон президенти Ашраф Ғанини кутиб олди. (Афғонистон президенти саройи)

Тошкент анжумани Кобул учрашуви чоғида эришилган «Афғонистон муаммосини тинч сиёсий йўл билан тартибга солишнинг халқаро миқёсда қўллаб-қувватланишини намойиш этишга» асосланади, дейилади АҚШ давлат департаментининг 22 март кунги баёнотида.

Толибонлар таклифни жавобсиз қолдирган

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкиллаштирилган ушбу анжуманда Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамичи Ямамото, АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон ва Европа Иттифоқи бош дипломати Федерика Могерини иштирок этдилар.

Тадбирда 17 давлат бош вазирлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

25 март, якшанба куни Афғонистонда ЕИ делегацияси раҳбари Пер Маядон Толибонларни Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларида қатнашишга таклиф қилган, деб хабар берди TOLO News нашри.

Кучайиб бораётган халқаро босим ва Толибонларнинг аввалги музокараларда қатнашишга иккиланганларига қарамай, улар Тошкентдаги анжуманни эътиборсиз қолдирганлар.

«Форум иштирокчилари Афғонистон ҳукумати ва Толибонлар ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларсиз тинчлик музокаларини бошлаш учун якдил позицияни ишлаб чиқадилар», деди анжуман матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаев Тошкентдаги Симпозиумлар саройида журналистларга берган интервьюсида.

«Тошкент форумининг муваффақияти минтақа давлатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали умумий муаммоларни ҳал қилишга қодир эканлигини кўрсатиши зарур», деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ душанба куни.

Вазирлик хабарига кўра, анжуман якунида «Тошкент декларацияси» имзоланиши кутилмоқда, у Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишилган тамойиллар ва тинчлик жараёнида музокаралар олиб бораётган томонларнинг ролини акс эттиради.

«Тошкент анжумани Афғон муаммосини ҳал қилишда кўп томонлама дипломатия ва сиёсий ёндашувнинг йўқлиги билан боғлиқ муаммога ечим топиши керак», деди Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Содиқ Сафоев шанба куни бўлиб ўтган матбоут анжуманида.

Тинчлик музокаралари – ягона йўл

«Толиблар узоқ йиллар жанг қилишди, бироқ ўз мақсадларига эриша олмадилар», деди Мешрано Жирғанинг (афғон парламентининг юқори палатаси) Саманган вилоятидаги вакили Сафиуллаҳ Ҳошимий.

«Толибонлар учун мақсадга эришишнинг ягона йўли бор – у ҳам бўлса, афғон ҳукумати билан мулоқот», деди у Карвонсаройга.

Толибонларга тақдим этилган сулҳ таклифи ушбу гуруҳ учун улкан ва кенг қамровли имтиёздир», деди Ҳошимий. «Улар ушбу таклифни ва Тошкент анжумани натижаларини эътиборсиз қолдирмасликлари керак. Сабаби, улар учун бошқа бундай имконият бўлмаслиги мумкин».

Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда тинчлик ўрнатишда икки нарса ёрдам бериши мумкин. «Биринчидан, жанг майдонида афғон ва коалиция кучларининг доимий босими, иккинчидан, Афғонистондан тинчлик ўрнатиш масаласида халқаро консенсусга эришиш.»

Тошкент анжумани Афғонистондаги тичлик жараёнига оид минтақавий ва халқаро консенсусни акс эттиради, деди Афғонистон олий тинчлик кенгаши раисининг ўринбосари АбдулХабир Учқун.

«Ушбу анжуман улкан аҳамиятга эга, сабаби унда Афғонистондаги уруш ва тинчликка дахлдор мамлакатлар иштирок этмоқда», деди у Карвонсаройга. «Толибон тинчликка эришиш имкониятини қўлдан чиқармаслик учун анжуман якунларини эътиборсиз қолдирмаслиги лозим», деб қўшимча қилди у.

Ўзбек, афғон ва АҚШ расмийлари ҳамкорликни муҳокама қилдилар

Яқинда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида эришилган икки томонлама келишувларга мувофиқ, тинчик анжумани олдидан бошқа масалалар қатори хавфсизлик ва савдо-транспорт соҳаларидаги минтақавий ҳамкорлик ҳам муҳокама этилди.

Тинчлик анжумани арафасида, душанба куни Томас Шеннон (АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари) ва Шавкат Мирзиёев икки томонлама алоқалар ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.

Шанба куни «Ўзбекенерго» компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида «Сурхон-Пули Хумри» электр узатиш линияси қурилиши бошланганини эълон қилган.

Афғонистонлик истеъмолчилар июнь ойидан Ўзбекистондан электр энергия қабул қила бошлайдилар, деди у.

Ўзбек компаниялари ҳам Афғонистон шимолида нефт ва газ конларини излашга оид эҳтимолий лойиҳалар ҳамда Мозори-Шариф шаҳридан Ҳиротгача темир йўл линияси қурилиши бўйича муваффақиятли иш олиб борилаётганини эълон қилдилар.

(Ушбу мақолани тайёрлашга Кобулдан Сулаймон кўмаклашди.)

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 1

Фикрлар 0

Captcha