http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/03/14/feature-01
| Аёллар ҳуқуқлари

Халқаро хотин-қизлар куни Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларига эътиборни янгилади

Канат Алтинбаев

Қозоғистондаги инқирозли вазиятларни ҳал қилиш марказлари уюшмасининг оилавий зўравонликдан азият чекаётган қозоқ аёллари ҳақидаги огоҳликка чақирувчи постери. (Қозоғистондаги инқирозли вазиятларни ҳал қилиш марказлари уюшмаси)

ОЛМАОТА – Ўтган ҳафта Марказий Осиё мамлакатлари Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлар экан, фаоллар бу байрам минтақа аёлларининг маиший зўравонлик ва гендер тенгсизлиги каби муаммолардан азият чекаётганликлари ҳақида огоҳлантириб туриши зарурлигини айтмоқдалар.

Аёлларнинг жамиятдаги қуйи мақоми 2013 йилдан бошлаб Марказий Осиёлик радикаллашган минглаб фуқароларнинг Сурия ва Ироқдаги «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилиши каби ҳолатларларни янада оғирлаштирган.

Бутун бошли оилалар, жумладан аёллар ва болалар ҳам уруш ҳудудларига жўнаб кетишган, бу қарор асосан эркаклар томонидан қабул қилинган. Эркак бошқарган бундай оилаларда бошқа танлов ҳуқуқига эга бўлмаган ёки эрлари қарорини сўроқ қила олмаган аёллар уларнинг ортидан кетганлар.

Тожикистон хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси томонидан 18-30 ёшдаги аёллар учун тавсия этилган миллий либос. (Тожикистон хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси)

2016 йил ноябр ойида бўлиб ўтган Қирғизистон хотин-қизлар нодавлат ташкилотлари форуми иштирокчилари учрашуви. (Қирғизистон хотин-қизлар нодавлат ташкилотлари форуми/Facebook)

Ҳукумат январ ойида Суриядан 47 та фуқарони ватанига қайтарар экан, бундай фуқароларни фарқлай олишини кўрсатди. Эркаклар жангариликда айбланган бўлса, аёллар ва болаларга ёрдам ва реабилитацияга муҳтож қурбонлар сифатида қаралган.

Шундай бўлса-да, Марказий Осиёлик кўплаб аёллар, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар қатъи назар, экстремистик гуруҳларни қўллаб-қувватлаганлик учун жавобгарликка тортиладилар ва суд қилинадилар.

Эскирган стереотиплар

Марказий Осиёдаги гендер тенгсизлик ҳукумат томонидан етарлича эътибор қаратилмайдиган жиддий муаммо бўлиб келган, дейди остоналик социолог Екатерина Прокофева Карвонсарой нашрига.

«Ҳар йили 8 март куни аёлларни табриклашади, уларга гўзал ва нозик жинс вакиллари эканликлари айтилади, аммо улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган бўлсалар, жамият уларнинг бу интилишларини қабул қилмайди», деди у.

Бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёда аёлнинг ўрнини белгиловчи кўплаб урф-одатлар эскирган ва ҳатто қонунга хилоф.

Ўзбекистондаги гендер тенгсизлик анъанавий стереотиплар билан боғлиқ, дейди Тошкентдаги иқтисодий тараққиёт маркази раҳбари Юлий Юсупов Карвонсарой нашрига.

«Мамлакатимизда гендер ролларига шулар таъсир кўрсатади», деди у. «Оила боши ва боқувчиси сифатида унинг моддий фаровонлиги учун масъул шахс сифатида эркак киши келажагига сармоя қилиш, унинг таълими ва касбий ривожланишига эътибор қаратиш муҳимроқ.»

Худди шу стереотипларга кўра, аёл оила ўчоғи ва фарзандлари тарбиясига маъсул, шу сабаб жамият уларнинг таълими ва мартабасини иккинчи ўринга қўяди, деди Юсупов.

«Аёллар ҳукуматдаги юқори лавозимларда камчилик эканлиги, кам таълим олганлиги ва маошлари ҳам эркаклардан пастроқ эканлиги ҳам ажабланарли эмас», деди у.

Келин ўғирлаш

Марказий Осиёда шу каби стереотиплар ва урф-одатлар сабабли аёллар ҳуқуқларининг поймол қилиниши давом этмоқда.

Бир пайтлар Қирғизистон ва Қозоғистонда келин учун қалин пули тўлашга қурби етмаган эркакларнинг келин ўғирлаш одати мавжуд бўлган. Бунда келиннинг ота-онасига қалин пули беришга имкони бўлмаган куёв келинни ўғирлаб қўя қолган.

Ҳозирги вақтда эса келин розилик берган тақдирда бу ҳаракат жоиз ҳисобланади ва бошқа давлатларда бўлганидек биргаликда турмуш қуриш учун яширин қочиш деб қабул қилинади, аммо бугунги кунда аёлни унинг розилигисиз ўғирлаган «куёв» жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва фаолларнинг сўзларига кўра, қишлоқ ҳудудларида кўпчилик эркаклар тарихий урф-одатларни сақлаб қолиш керак, деган даъво билан аёлларни уйланиш учун ўғирлашда давом этмоқдалар.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари бундай вазиятларда астойдил жиноий иш очишга ҳаракат қилишади, аммо бўлажак эрлари билан келишиб олган аксарият келинлар ўз шикоятларини қайтиб олишади, деди Иссиқкўл полиция идораси вакили Сталбек Усубакунов Карвонсарой нашрига.

«Ўғирланган қизларнинг кўпчилиги полиция идорасига бормайди», деди у. «Улар тақдирга тан берадилар.»

Келин ўғирлаш одатининг кўпчилик қурбонлари ўз ҳуқуқлари бузилаётганини тушунишмайди ҳам, дейди Бишкекда жойлашган «Open Line» аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилот раҳбари Мунара Бекназарова Карвонсарой нашрига.

«Шу билан бир вақтда, Қирғизистон инсон ҳуқуқларига оид қатор халқаро битимлар, жумладан, Аёлларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги дискриминацияга барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга аъзо экани сабабли конститутициямиз гендер тенглигини кафолатлайди», деди у.

Оилавий зўравонлик хавфи

Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатларда оилавий зўравонлик, кўп ҳолларда аёллар хабар бермаганликлари сабабли яширин бўлган жиддий ижтимоий муаммолигича қолмоқда.

Оилавий зўравонлик қурбонларининг кўпчилиги тажовузкор билан қолишга мажбурлар, деди остоналик социолог Прокофева Каронсарой нашрига.

«Кўп ҳолларда аёлнинг борар жойи, фарзандлари ва ўзини боқишга пули бўлмайди», деди у. «Агар уйдан кетадиган бўлса, золим эр фарзанди ва аёлига жисмоний зўравонлик билан таҳдид солади, аёл бу таҳдиддан чўчийди.»

Сўнгги йилларда Қозоғистонда оилавий зўравонлик кўлами ортди.

Қозоғистондаги оилавий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар аввалги йиллардаги кўрсаткичга нисбатан 2016 йилда 2,8 фоизга ва 2017 йилда 4,7 фоизга ошган. Бу ҳақда 2018 йил март ойида Олмаотада бўлиб ўтган давра суҳбати чоғида Қозоғистон коммунистик партиясининг Олмаота қўмитаси Бош прокуратура хабарига асосланиб маълумот берган.

Ҳар йили Қозоғистонда оилавий зўравонлик сабабли 400 нафар аёл ҳаётдан кўз юмади, деган эди ўтган йили Олмаотадаги Қозоғистон Сорос фондининг инсон ҳуқуқлари дастури координатори Айжан Ошакбаева Карвонсарой нашрига.

Гендер тенгсизлиги ва қатъий кийиниш тартиби

Гендер тенгсизлиги масаласида Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида энг қуйи ўринни эгаллайди.

Жаҳон Банкининг «Women, Business and the Law 2019» (Аёл, бизнес ва ҳуқуқ - 2019) жинсий дискриминация бўйича 2019 йилги индексига кўра, Ўзбекистон 70,63 балл билан дунё мамлакатлари ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари орасида ҳам энг паст кўрсаткичга эга бўлди.

Ҳукуматда аёлларнинг бошқарув лавозимларидаги улуши 2017 йилда 1,7 фоиз бўлган, ўзбек эркакларнинг маоши эса аёлларникидан 35 фоизга кўпроқ бўлган, дейилади Ўзбекистон ҳукумати маълумотларида.

Ўзбекистонда аёллар ҳимояланмаган, сабаби бу борадаги қонунлар ишламайди, деди Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси «Le Mans» президенти Надежда Атаева Карвонсарой нашрига.

«Бунинг устига, Ўзбекистондаги мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият ҳам аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада оғирлаштиради», деди у.

Тожикистондаги каби ўта консерватив жамиятда эса аёллар жуда кўп чекловлар остида яшашга мажбурлар.

Ўзбекистонда бўлгани каби, бу ерда ҳам аёллар карьера бобида камроқ имкониятларга эга, турмуш қуришдан олдин эркаклар билан учраша олмайдилар, кўп ҳолларда босим остида турмуш қурадилар ва эрларининг уйларида энг қуйи ўринни эгаллайдилар.

Шулар билан бир қаторда, Тожикистон ҳукумати аёлларга кийиниш тартибини белгилаб берган. Ўтган йили Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси аёллар учун уй, иш, кундалик, миллий ва тўйларда турли хил либосларни ўз ичига олган кийиниш тартиби қўлланмасини чоп этди.

Бу кийиниш тартибига кўра, «европача услубдаги» кийимлар, исломий ҳижоб, паранжи каби юзни беркитиб турувчи ёпинчиқлар «тавсия этилмайди» ва ҳатто тақиқланган.

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат
Captcha
| 2019-03-21

Совет даврида аёллар темирйўл тўсинларини ётқизар эдилар, оғир меҳнат қилишар ва ҳалок бўлишарди

Жавоб бериш
| 2019-03-17

Иттифоқ даврида Марказий Осиёда аёллар ҳуқуқларига яхшироқ риоя қилинган. Яхшиямки, америкаликлар Марказий Осиёга қўшин киритмаган. Йўқса, улар келганидан кейин 20 йил ўтиб аёллар паранжида юришни бошлар эди, худди америкалик ҳарбийлар Афғонистонда бўлгани каби.

Жавоб бериш