Карвонсарой
Терроризм

Қозоқ аёлларининг Сурияда бошдан кечирган даҳшатлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди

Ксения Бондаль

Фарзандлари билан дала оралаб кетаётган қозоқ аёли, «Жусан иси» ҳужжатли филмидан олинган кадр. У «Жусан» операцияси доирасида Суриядан Қозоғистонга қайтарилган ва фильмда иштирок этган тўрт аёлдан биридир.

Фарзандлари билан дала оралаб кетаётган қозоқ аёли, «Жусан иси» ҳужжатли филмидан олинган кадр. У «Жусан» операцияси доирасида Суриядан Қозоғистонга қайтарилган ва фильмда иштирок этган тўрт аёлдан биридир.

ОЛМАОТА – Янги ҳужжатли фильмда ўз турмуш ўртоқлари билан уруш чангалида қолган Сурияга жўнаб кетган қозоғистонлик аёлларнинг мудҳиш кечинмалари тасвирланган.

«Жусан иси» фильмида оиласи билан Сурияга жўнаб кетган ва у ерда эрлари «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилган тўрт аёл ҳақида ҳикоя қилинади.

2019 йил охирида чиққан фильмни суратга олишга АҚШ Тинчлик институти, «PeaceTech Lab» (Вашингтонда жойлашган нодавлат ташкилот), Олмаотадаги «MediaNet» журналистика халқаро маркази кўмаклашди, фильм муаллифи эса – қозоғистонлик журналист Жулдиз Толеу.

Ўтган йили «Жусан» операцияси доирасида Қозоғистон Суриядан бир нечта авиарейс билан 600 нафар фуқаро, жумладан 400 та ёш болани ватанига қайтарган.

Суриядаги ИД жангарилари, 2018 йил. Кўплаб ҳарбий йўқотишлар ва муваффақиятсизликлар ортидан гуруҳ «халифалиги» 2019 йил бошида тор-мор этилган. (Файл)

Суриядаги ИД жангарилари, 2018 йил. Кўплаб ҳарбий йўқотишлар ва муваффақиятсизликлар ортидан гуруҳ «халифалиги» 2019 йил бошида тор-мор этилган. (Файл)

Айни дамда YouTube тармоғига жойланган фильм учун қаҳрамонлар излаб, Толеу Қарағанда, Сатбаев ва Жезқозғонга сафар қилган.

«Ижтимоий тармоқлар орқали ҳам изладим, ҳатто Миллий хавфсизлик қўмитасига (МХҚ) ёрдам сўраб ёздим», деди Толеу. МХҚ ватанига қайтган қозоғистонлик аёллар билан интервью қилишга рухсат берди, аммо уларнинг кўпчилиги журналист билан учрашишдан бош тортган.

«Айримлар дастлаб розилик билдириб, кейин фикридан қайтди, баъзиларга яқинлари рухсат бермади», деди у.

Журналист таклифига жавоб берган 15 аёлнинг фақат тўрттаси билан суҳбатлашиш ва улар ҳақида 40 дақиқали ҳужжатли фильм олиш имкони бўлган.

Римма, Айганим, Айгерим

Фильмнинг биринчи қаҳрамони Римма бўлиб, у Қарағандада истиқомат қилади, уч ўғли ва бир қизини якка ўзи катта қилмоқда. Сурияга кетишидан олдин Қозоғистонда икки бор она бўлган, 2013 йилда эри билан Сурияга жўнаб кетганидан кейин яна иккита фарзандли бўлган.

Ўшанда Римманинг ёши 21 да эди. Сурияда оиласи билан деярли етти йил яшаган ва «Жусан-3» операцияси доирасида ватанга қайтган. Сурияда турмуш ўртоғини йўқотиш билан бирга, очлик ва зўравонликка ҳам дуч келган.

Римма эри алдаб олиб бормаганида, ҳеч қачон Сурияга кетмаслигини айтиб ўтган.

Қарағандалик яна бир қахрамоннинг исми – Айганим.

2015 йилда эндигина 23 га кирган ёш она – Айганим ватанни ташлаб, эрининг ортидан ёш боласи билан (Туркия орқали) Сурияга кетган ва у ерда 3 йил яшаган.

«Очарчилик бошланганида озиқ-овқат жуда қимматлашди: бир кило гўшт нархи 50 АҚШ доллари (19 минг тенге), бир кило хурмо нархи ҳам 50 АҚШ доллари бўлган», деб эслайди у. «Пули йўқлар ўт-ўлан ерди. Чорва моллари каби озиқланганмиз. Бомба ҳужумлари пайтида ҳам емак қидириб чиққанман. Кўп болалар очликдан ўлиб кетган. Ҳеч ким овқати билан бўлишмас эди.»

Ўша вақтда ИД жангарилар сафида уришишни истамаганларни қамашни ва ўлдиришни бошлаган эди, деди у.

«Бу ерда Ислом давлати, шариат йўқлигини тушуниб етдик. Одамларни тириклай ёқишар эди. Биз тўп емига айланган едик», деди Айганим.

Сурияда унинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлган, фарзанди касал бўлиб ўлган. У бир нечта аёл билан бирга курдларга таслим бўлиб, жон сақлаб қолганини айтган. Айганим ҳам «Жусан-3» операцияси доирасида ватанига қайтган.

Фильм ижодкорлари билан суҳбатлашган яна бир аёл – Айгерим 2015 йилда 20 ёшлигида эри ва ёш боласи билан Қозоғистондан чиқиб кетган. Унинг эри Суриядаги уруш ҳақида ташвиқот фильмларини кўрган ва у ерга бориб ИД сафига қўшилишга қарор қилган.

«Мен у билан кетишимни айтганман», деди у. Сурияда у қиз фарзандли бўлган.

Айгерим Суриядаги бомба ҳужумлари чоғида эридан ва фарзандларидан айрилган ва «Жусан-2» операциясида Қозоғистонга қайтган.

«Мамлакатни тарк этганидан афсусда»

Қозоғистонга қайтганларидан сўнг, аёллар Оқтовда уч ой давомида реабилитация жараёнидан ўтдилар. Улар ойига бир ёки икки марта имомлар билан суҳбатда бўлишган.

«Улар бу мамлакатга [Сурия] борганига пушаймон бўлган», деди Толеу. «Энди эса эрлари ва фарзандларининг ўлими билан боғлиқ мусибатни унутишга ҳаракат қилмоқдалар. Масалан, аёллардан бири суратга олиш жараёнида доимий равишда кулар эди – бундай ҳимоя реакцияси бошдан кечирганларини унутишга уриниш сабабли келиб чиққан.

Авваллари ниқоб ўраган аёллар ҳозир ҳижобда, деди Толеу. Улар масжидларга борадилар, яна турмуш қуриш ниятлари бор.

«Улар шаҳарда бемалол юрадилар», деди Толеу. «Ота-оналари ва қариндошлари уларни қабул қилди. Суратга олиш ишларидан олдин аёллар фильм кенг аудиторияга намойиш этилганида, танишлари уларнинг Суриядаги ҳаётидан хабар топишидан қўрққан эдилар. Мен фильм намойишидан кейин улар билан гаплашдим ва бу борада ҳеч қандай муаммо йўқлигига амин бўлдим».

Ҳужжатли фильм 2019 йил охирида университетларда намойиш этилди ва талабалар орасида муҳокама қилинди.

«Фильм Қарағанда, Сатпаев ва Жезқозғонда намойиш қилинди. Бу энг кўп аҳолиси – юзлаб ёшлари Сурияга кетган шаҳарлардир», деди Толеу.

Филмни кўплаб ёшлар кўрдилар, бугунги кунда у YouTube тармоғида 1200 марта томоша қилинган.

Улардан бири – Чимкент ижтимоий педагогика университети талабаси, 20 яшар Мирас Абдурахманов. Фильм томошабинларга терроризмнинг асл таҳдидини англашга ёрдам беради, дейди у.

«Бундай ташвиқотчилардан ҳимояланишнинг энг яхши усули – фактларни текшириш», деди у.

Абдураҳмонов уруш ҳудудларидан қайтган аёлларга ҳамдард эканини айтади. Агар уларни қутқариш имконияти бўлса, уни ишга солиш керак, дейди у.

Мунозаралар чоғида «катта авлод ва ўқитувчилар аёлларнинг қайтишига қарши бўлишди – уларни Сурияда қолдириш ёки қамоққа олиш кераклигини айтишди», деди Толеу. «Ёшлар эса уларнинг ҳолатини яхшироқ тушундилар. Талабаларнинг фикрича, давлат уларни ватанига қайтариб тўғри иш қилмоқда.»

Олмаотадаги Турон университети талабаси, 22 яшар Алия Молдабаева Қозоғистонга қайтган «бечора аёлларга» қаршилик қилганларни тушунмайди.

«Биринчидан, ҳамма ҳам хато қилиши мумкин», деди у. «Булар шу хатони қилишди. Қолганлар бошқа хато қилишади. Бир-биримизни кечиришни ўрганишимиз керак.»

«Иккинчидан, бизнинг юрт – худди мен ва сиз учун бўлгани каби, улар учун ҳам ватан», деб қўшимча қилди у. «Улар ўша даҳшатли ҳаёт ва урушни кўрганликлари сабабли тинч Қозоғистонни янада кўпроқ қадрлайдилар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Болаларни қариндошларига топшириш, хонимларни эса Сурияга қайтариб юбориш керак.

Жавоб бериш