Карвонсарой
Дипломатия

Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорликнинг янги босқичини бошламоқда

Максим Енисеев

Дорий тилида ёзилган "Хуш келибсиз!" ёзувли баннер ҳамда Афғонистон ва Ўзбекистон байроқлари фестони Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи шарафига 5 декабрь куни Тошкент кўчаларини безатиб турмоқда [Максим Енисеев]

Дорий тилида ёзилган "Хуш келибсиз!" ёзувли баннер ҳамда Афғонистон ва Ўзбекистон байроқлари фестони Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи шарафига 5 декабрь куни Тошкент кўчаларини безатиб турмоқда [Максим Енисеев]

ТОШКЕНТ – Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви шунчаки шартномалар тузишдан амалий ҳаракатларга ўтишдек тарихий силжишга сабаб бўлди.

Ашраф Ғанининг 4-6 декабр кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Икки давлат раҳбарлари 5 декабр куни 20 та ҳамкорлик келишуви ва 40 та экспорт шартномасини имзолади ҳамда«барча соҳаларда» ҳамкорликқилишга келишиб олди.

Икки мамлакат Марказий Осиёдаги хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши биргаликда курашади, дейилади Мирзиёевнинг матбуот хизмати баёнотида.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) ва Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, 5 декабр куни Тошкентдаги учрашувлари чоғида ўнлаб ҳамкорлик ва экспорт шартномаларининг имзоланишини назорат қилдилар. (Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) ва Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, 5 декабр куни Тошкентдаги учрашувлари чоғида ўнлаб ҳамкорлик ва экспорт шартномаларининг имзоланишини назорат қилдилар. (Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати)

«Қўшни Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиёда барқарор ва доимий тараққиётга эришиш имконини беради,» деди Мирзиёев.

«Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва амалий ҳаракатлари минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради,» деди Ғани Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги хабарига асосан. «Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги босқичи бошланганидан мамнунмиз. Муносабатларимиз кун сайин мустаҳкамланиб боришига умид қиламиз.»

Инфраструктура ва савдони ривожлантириш

Икки давлат расмийлари томонидан имзоланган шартномаларнинг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан (4 триллион ўзбек сўми) ошади.

2019 йилгача ўзаро йиллик савдо ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларигача (8 триллион ўзбек сўми) ошириш жуда муҳим, дейилади учрашувдан сўнг Ғани ва Мирзиёев имзолаган қўшма баёнотда.

2016 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 520 миллион АҚШ долларини (4.2 триллион ўзбек сўми) ташкил қилган.

«Асосий ҳамкоримиз бўлган хусусий сектор икки мамлакат ўзаро фаровонликка эришишида конструктив қадамлар ташлаши мумкин,» деди Ғани 5 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистоннинг турли бизнес жамоалари вакиллари билан тушлик чоғида.

«Ўзбекистон Афғонистонни яқин қўшни ва дўст мамлакат деб билади ҳамда Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, савдо, иқтисодиёт, транспорт, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришда барча саъй-ҳаракатларини аямайди,» деди Мирзиёев.

«Президентлар чет эл бозорларига бевосита ва самарали кириш ҳуқуқини берувчи транспорт йўлаклари соҳасида ўзаро ҳамкорлик муҳим эканини таъкидладилар,» дейилади қўшма баёнотда.

Афғонистон ва Ўзбекистон бир қанча лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олди – Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўлининг узайтирилишива Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидан Афғонистоннинг Бағлон вилояти маркази Пули-Хумригача 500 кВт.лик электр узатиш линияларнининг қурилиши шулар жумласидандир.

Лойиҳалар, шунингдек Кобул халқа йўли, Қайсар-Ламан йўли, Саланг туннели каби турли инфратузилма объектларининг қайта таъмирланишини кўзда тутади.

Авиаташувлар ҳажми ошиши кутилмоқда

Икки мамлакат ўртасида ҳаво алоқаси ҳам ривожланмоқда.

Афғонистоннинг КамАир авиакомпаниясиКобулдан Тошкентга илк парвозини 29 ноябр куни амалга оширди. Авиарейслар ҳафтасига икки марта, чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. КамАир, шунингдек Тошкентдан Европа мамлакатларига парвоз учун ҳаво кўприги сифатида фойдаланади.

Мирзиёев Кобул ва Тошкент ўртасидаги тўғридан-тўғри парвозлар сонини ҳафтасига 4 тага оширишга ваъда берди. У Ғанига «бунинг вақти келганини» айтган, деб хабар берди Ашраф Ғани маъмуриятининг расмий твиттери.

КамАир авиакомпаниясининг расмий веб-сайтида эълон қилинган парвозлар жадвалига кўра, Тошкентдан Афғонистоннинг бошқа шаҳарлари, хусусан Ҳирот ва Мозори Шарифга парвозлар ҳам шу ойдан йўлга қўйилиши кутилмоқда.

КамАир учувчилари Ўзбекистон Ҳаво Йўллари парвозлар мактабида таҳсил олмоқда, деди КамАир ижрочи директори Равил Аксянов Anhor.uz сайтига. «КамАир самолётларига Ўзбекистон Ҳаво Йўллари марказида техник хизмат кўрсатилади», деб қўшимча қилди у.

Тошкент ва Кобулга тез-тез сафар қилувчилар ушбу янгиликни яхши қарши олдилар.

«Авваллари Кобулга Олмаота орқали учишимга тўғри келарди ва бу жуда узоқ ва қиммат парвоз эди», дейди ўзбекистонлик бизнесмен Фаттоҳ Убайдуллаев Карвонсаройга. «Мозори-Шарифгача эса фақат Ўзбекистоннинг жанубий чегараси орқали етиб бориш мумкин эди».

Янги парвозлар бизнес учун янги имкониятларни очади, деди у.

Ғанининг «тарихий» ташрифи

«Икки мамлакат муносабатларида эришилган ютуқлар ва режадаги лойиҳалар кўламига кўра, ушбу ташрифни ҳақли равишда тарихий деб аташ мумкин», дейди тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хан Карвонсаройга.

«Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай Ўзбекистонга 2002 йилда, фақат бир марта ташриф буюрган. 14 йиллик танаффусдан сўнг, 2016 йилда Ашраф Ғани Тошкентда Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги президенти Ислом Каримов билан учрашган, бироқ унда муҳим натижаларга эришилмаганди».

«Эндиликда икки мамлакат чиндан ҳам сўзлардан амалларга ўтаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», деди Хан.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Жуда ҳам тўғри

Жавоб бериш