https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/01/17/feature-02
Россиянинг Сурия ҳудуди бўйлаб юришлари аҳоли томонидан совуқ қарши олинмоқда
| Транспорт

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги янги автобус қатновлари бизнес ва оилавий алоқалар учун имкониятлар эшигини очмоқда

Александер Богатик

image

Тараз - Чимкент - Тошкент трассаси, 10 январь. Қозоғистон ва Ўзбекистон янада мустаҳкам алоқалар белгиси ўлароқ, 2018 йилда мунтазам автобус қатновлари сонини кўпайтирмоқчи. (Александер Богатик)

ОСТОНА – Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон 17 йиллик танаффусдан сўнг, янги чегаралараро автобус қатновларини йўлга қўймоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги автобус алоқаси 2000 йилда номаълум сабабларга кўра тўхтатилган эди. Ўша вақтда икки ўртадаги муносабатлар абгор аҳволда, иқтисодий алоқалар эса суст эди.

Шу пайтгача автобуслар икки тарафдан фақат чегарагача қатнар эди. Йўловчилар паспорт ва божхона назоратидан ўтиш учун автобусдан тушиб қолиб, чегаранинг нариги томонигача бориши ва бошқа автобусни кутишга мажбур эдилар.

Энди эса ноқулайликлар даври ўз ниҳоясига етаётган кўринади.

Инвестициялар ва тараққиёт вазирлигининг 9 январь кунги баёнотида айтилишича, «2018 йил давомида икки мамлакатнинг йирик шаҳарлари орасида мунтазам автобус қатновлари босқичма-босқич йўлга қўйилади».

5 январь куни Қозоғистоннинг Чимкент ва Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳарларини боғловчи 145 километрлик маршрут ишга туширилди. Вазирлик маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг KazNetworkBus ва Ўзбекистоннинг Manzara Tourism компаниялари ушбу йўналиш ташувчилари ҳисобланади.

Автобуслар эрталаб соат 6 дан кечки 8 гача ҳар соатда қатнайди.

«Ҳар куни 15 та қатнов амалга оширилади» - деди Карвонсаройга Жанубий Қозоғистон вилоятининг йўловчи транспорти департаменти раҳбари Нурлан Байгут. «Йўловчилар тезлаштирилган тартибда чегара назоратидан ўтадилар.»

Янги қатновлар оилавий алоқаларни мустаҳкамлашга имкон бермоқда

«Сафар 3 соат давом этади» - дейди илк йўловчилдардан бири, тошкентлик Рустам Саидов Карвонсарой билан суҳбатда.

У эндиликда борди-келди осонлашгач, чегарадаги расмиятчиликлар ва сирпанчиқ йўлларга қарамай, қариндошлари билан тез-тез кўришиб тура олишига умид билдирди.

«Авваллари оилавий борди-келдиларни қийинлаштирадиган муаммолар кўп эди – биз бир транспортдан бошқасига ўтириб, турли хизматлар учун ҳақ тўлашга мажбур эдик», деди у.

«Енди қариндошларни зиёрат қилиш анча осонлашди» деди у.

Ушбу йўналишнинг бошқа бир йўловчиси, Тошкент вилоятидан бўлган Фарҳод Бердиев йўловчилар учун чегара расмиятчиликлари анча қисқаргани, тахминан 15-20 минут вақт олганини айтди.

Бердиев асли ўзбекистонлик бўлиб, Жанубий Қозоғистон вилоятидаги корхонада ишлайди ва табиийки, ўз оиласини кўриш учун чегарани кесиб ўтиши керак.

Қозоғистоннинг Тараз шаҳридан бўлган Сауле Баянгалиева эса Тошкентдаги дўстларини кўриб келиш учун Чимкентдан қатновчи автобуслардан бирига ўтирган.

«Чипта нархи 3 минг тенге (9,12 доллар)» деди у Карвонсаройга. «Ўйлайманки, бу нарх ҳамёнбоп. Талаб катта, йўловчилар кўп. Биз тўғридан-тўғри қатнов йўлга қўйилганидан миннатдормиз».

У Ўзбекистонга қатновчи тўғридан-тўғри автобуслар келажакда Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги Тараз шаҳрида ҳам пайдо бўлишига умид қилмоқда.

Йирик шаҳарларни боғловчи янги йўналишлар

Инвестициялар ва тараққиёт вазирининг сўзларига қараганда, Баянгалиеванинг умидлари шу йили амалга ошадиган кўринади.

Вазирликка кўра, шу йилнинг ўзида Қозоғистон ва Ўзбекистон шаҳарларини боғловчи бошқа автобус йўналишлари очилиши кутилмоқда.

Икки мамлакатнинг ўзаро иқтисодий алоқаларини инобатга олганда, бундай йўналишлар – муҳим, дейди иқтисодчилар.

«Қозоғистонда 800 га яқин ўзбек компаниялари фаолият юритади, Ўзбекистонда эса 200 та қозоқ компанияси бор», деди Карвонсарой билан суҳбатда «Шимкент-Инвест» консалтинг компанияси иқтисодчиси Владислав Морозов. «Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажми ошиб бормоқда ва йилига 2 миллиард долларни ташкил этмоқда, бироқ иқтисодий алоқалар салоҳияти бундан анча юқори.»

Бундан ташқари, чегаралар ортида Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларининг дўстлари, оилалари бор, дейди у.

«Умид қиламизки, тез орада Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини билан, шунингдек Қозоғистоннинг Чимкент, Тараз ва Олмаота шаҳарлари билан боғловчи автобус қатновлари йўлга қўйилади» - деди Морозов.

Соҳадаги ривожланиш бошқа транспорт турларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Морозовнинг сўзларига кўра, ўтган йили Олмаота ва Тошкент ҳамда Остона ва Самарқанд ўртасида йўлга қўйилган йўловчи поезди қатновлари анча оммалашган.

Бу орада, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг сўзларига кўра, Олмаота ва Тошкент ўртасида узлуксиз авиарейсларни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha