Карвонсарой
Дипломатия

Назарбоевнинг АҚШга ташрифи ўзаро муносабатларда «янги саҳифа» очмоқда

Карвонсарой

АҚШ президенти Доналд Трумп, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва икки мамлакатнинг бир неча юқори мартабали расмийлари Оқ уйда 17 январь куни ўтказилган ишчи тушлик вақтида. (Жойcе Н. Богхосиан томонидан олинган Оқ уй расмий фотоси)

АҚШ президенти Доналд Трумп, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва икки мамлакатнинг бир неча юқори мартабали расмийлари Оқ уйда 17 январь куни ўтказилган ишчи тушлик вақтида. (Жойcе Н. Богхосиан томонидан олинган Оқ уй расмий фотоси)

ВАШИНГТОН – Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг АҚШга қилган расмий сафари АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тарихидаги «янги босқич» дея таърифланмоқда.

16 январь, сешанба куни бўлиб ўтган Назарбоев ва АҚШ Президенти Доналд Трамп ўртасидаги учрашув «давлатлар орасидаги муносабатларда янги босқичнинг бошланиши бўлиб, аллақачон муҳим натижаларни қайд этишга улгурди», деб хабар беради Казинформ нашри Қозоғистоннинг бош таҳлил маркази бўлган Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти олимларининг сўзларидан иқтибос келтириб.

Оқ уй баёнотига кўра, икки давлат раҳбарлари Остона ва Вашингтон ўртасидаги «кенгайтирилган стратегик шериклик» масаласини муҳокама қилдилар ҳамда «сиёсат ва хавфсизликка оид масалалар, савдо ва сармоялар бўйича ҳамкорликни кучайтиришга қарор қилдилар.»

Шу билан бирга, улар «инсонлараро муносабатлар бўйича олий даражадаги мунтазам учрашувларни Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти доирасида» кучайтиришга келишиб олдилар.

АҚШ президенти Доналд Трамп (ўнгда) ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев (чапда) 16 январь куни Оқ уйда қўл сиқишмоқда. Бу ерда улар қатор соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилдилар. Назарбоевнинг уч кунлик ташрифи «муваффақиятли» ва «тарихий аҳамиятга эга» деб эътироф этилди. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

АҚШ президенти Доналд Трамп (ўнгда) ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев (чапда) 16 январь куни Оқ уйда қўл сиқишмоқда. Бу ерда улар қатор соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилдилар. Назарбоевнинг уч кунлик ташрифи «муваффақиятли» ва «тарихий аҳамиятга эга» деб эътироф этилди. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Назарбоевнинг АҚШга қилган сафари «айни вақтдаги халқаро контекстда жуда муҳим», деб хабар қолдирган Қозоғистон сенати раиси Қосим-Жомарт Токаев ўзининг твиттер саҳифасида.

«Назарбоев ташрифининг муҳим натижаси – XXI асрда Қозоғистон ва АҚШ ўртасида кенгайтирилган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланганидир», деди у.

«Қозоғистонга ишонса бўлади»

Америка Қўшма Штатлари ба Қозоғистон Марказий Осиё ичра ўзига хос муносабатларга эга, деди сешанба куни, АҚШнинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Уиллиам Кортней Озод Европа/Озодлик (RFE/RL) радиосига берган интервюсида.

Ироқда АҚШ томонида курашган кўпмиллатли ҳарбий кучлар орасида Қозоғистон аскарлари, миналардан тозалаш бўлинмаси – Марказий Осиёдан қатнашган ягона бўлинма эди.

Хорижда ҳарбий ҳозирликка эга бўлиш Қозоғистоннинг «нафақат минтақавий, балки глобал рол» ўйнаётганидан даракдир, деди у.

«Қозоғистоннинг кучли томони шундаки, у … иқтисодий сиёсат, сиёсий хавфсизлик ва бошқа соҳаларда мўтадил анъаналарга эга», деди у. «Минтақада қандай ўзгариш юз бермасин, Қозоғистоннинг мўтадил ва прагматик ёндашувига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.»

Терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш

Назарбоев ва Трумп «икки томонлама мудофаа ва хавфсизлик муносабатларини чуқурлаштириш, минтақавий хавфсизликни қўллаб-қувватлашда ўзаро ҳамкорлик, логистика йўналишларини кенгайтиришга қаратилган қатор битимларни имзолаш ниятида эканини таъкидлади» деб хабар берилади Оқ уй баёнотида.

Шунингдек, улар Интернет тармоғида содир этилган жиноятларга қарши «глобал ҳамкорлик учун замин яратиш» мақсадида Қозоғистоннинг кибержиноятларга қарши конвенциясига қўшилишдан манфаатдорлигини муҳокама қилдилар.

«Бундай кўп томонлама келишувларда қатнашиш халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ва ахборот алмашувини янда мустаҳкамлайди» дейилади баёнотда.

Икки давлат раҳбарлари Марказий Осиёдаги умумий муаммоларни C5+1 мулоқоти (Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Америка Қўшма Штатлари) каби минтақавий форматда ҳал қилишга келишиб олди.

«Улар Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишга ва минтақада сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни амалга оширишга қарор қилдилар», дейилади баёнотда.

2015 йилдан бошлаб, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий ҳамкорлик учун фойдаланиладиган C5+1 формати бутун минтақа учун фойдалидир, дейди Уралскдан бўлган сиёсатшунос Евгений Круйков Карвонсарой нашрига.

Икки раҳбар келажакда Афғонистон ҳам C5+1 лойиҳаларида иштирок этишини маъқуллади, дейилади Оқ уй баёнотида.

Қозоғистонда 7 миллиард долларлик АҚШ лойиҳалари мавжуд

Вашингтонга ташрифи чоғида Назарбоев америкалик бизнесменлар билан учрашар экан, АҚШ Қозоғистон мустақил бўлганидан бери унинг иқтисодига 50 миллиард доллар (16,2 триллион қозоқ тенгеси) миқдорида сармоя киритганини таъкидлади, деб хабар беради 17 январь куни Қозоғистон президентининг матбуот хизмати.

Қозоғистонда 500 дан ортиқ қисман ёки тўлиқ Америка бошқарувидаги компаниялар, жумладан Chevron, Exxon Mobil, General Electric ва Halliburton фаолият юритади, деди Назарбоев.

«АҚШ иқтисодиётимизнинг энг йирик сармоядори ва бизнинг стратегик ҳамкоримиз», дейди остоналик иқтисодчи Мадияр Утешев Карвонсарой нашрига. «2017 йилда АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми 2 миллиард АҚШ долларига (648,9 миллиард қозоқ тенгеси) тенг бўлди.»

Назарбоев ва Трамп адолатли ва ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажмини оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Икки давлат раҳбарлари «авиация ва фазовий тадқиқотлар, нефт-кимё ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган умумий қиймати 7 миллиард АҚШ долларига (2,3 триллион қозоқ тенгеси) тенг 20 дан ортиқ ҳужжатни имзоладилар», деб хабар беради Назарбоев матбуот хизмати.

Қозоғистон дунёнинг «10 та етакчи нефт ишлаб чиқарувчилари» қаторида бўлади

Назарбоев АҚШ энергетика вазири Рик Перри билан учрашди ва икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги алоқаларини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди, деб хабар беради Акорда нашри.

Назарбоев Қозоғистоннинг АҚШ билан нефт ва газ соҳасидаги мустаҳкам ҳамкорлигини таъкидлаб ўтди ҳамда Тенгиз ва Қашаған конларидаги лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратди.

У Қозоғистоннинг ишлаб чиқариш қобилиятини ошириш учун инвестиция киритишга чақирди.

«Қозоғистон бир неча йил ичида Тенгиз ва Қашаған конлари сабабли дунёнинг 10 та етакчи нефт ишлаб чиқарувчилари қаторида бўлиши мумкин», деди Кортни RFE/RL хабарига кўра. «Қўшма Штатлар ҳам йирик нефт ишлаб чиқарувчи ҳисобланади ва Қозоғистон билан яқин мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор.»

(Мақолани тайёрлашга Тараздан Александр Богатик ўз ҳиссасини қўшди.)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500