БИШКЕК – 120 дан ортиқ Марказий Осиёлик ва халқаро мутахассислар оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловаларининг экстремизмга қарши курашдаги роли муҳокамасига бағишланган форумда иштирок этдилар.
6-8 декабрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган «Зўравонлик экстремизмининг олдини олиш ва ОАВ роли» деб номланган уч кунлик форум қатнашчилари орасида журналистлар, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам бор эди.
Таҳлилчилар «мустақил ОАВ, ижтимоий ташкилотлар ва ҳукумат идоралари биргаликда ҳаракат қилиши ва жамоатчилик, айниқса, ёшлар, аёллар, этник ва диний озчиликлар билан муносабатларини яхшилаш мумкинлигини» кўрсата олдилар, дейилади «Internews»нинг 6 декабрь кунги баёнотида.
Форум «Internews» халқаро нодавлат ташкилоти, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги ва Қирғизистоннинг диний ишлар бўйича давлат комиссияси (ГКДР) томонидан ташкиллаштирилди.
Ташкилотчиларнинг фикрича, форум доирасида ўтказилган муҳокамалар «миллий ва ҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун минтақадаги мулоқотни кучайтиришга ёрдам беради ва радикаллашув сабабларини бартараф этишга хизмат қилади».
Кеча, бугун ва эртага
«Internews» томонидан Европа иттифоқининг молиявий кўмаги асосида Марказий Осиёда медиа-саводхонлик орқали радикаллашувнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа доирасида ўтказилган тадбир учта: «Кеча», «Бугун» ва «Эртага» қисмларидан иборат бўлди.
«Тадбирнинг биринчи кунда амалга оширилган лойиҳалар бўйича ҳисоботлар ва тақдимотлар ўтказилди», деди «Internews» лойиҳасининг Марказий Осиёдаги раҳбари Фарҳод Раҳматов Карвонсарой нашрига.
«Эртаси куни амалга оширилаётган ташаббусларни муҳокама қилдик», деди у. «Тадбирнинг сўнгги кунида муҳокама қилинган маълумотларни кўриб чиқдик, иштирокчилар келгуси лойиҳалар учун ўз тавсияларини бердилар.»
Лойиҳанинг асосий эътибори Марказий Осиё мамлакатларида радикаллашувнинг олдини олиш бўйича миллий ва минтақавий чораларга қаратилган, деди Раҳматов. Лойиҳа шу мақсадда журналистлар, жамоатчилик фаоллари ва ОАВ мутахассисларини қўллаб-қувватлайди ва уларга таълим беради.
«Бу чоралар юқори сифатли медиа-контент яратиш ва фуқаролик жамияти вакиллари, қарор қабул қилувчи шахслар ва оддий фуқароларнинг уларга нисбатан танқидий қарашини шакллантиришга қаратилган», деди у.
АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Эдуард Ауэр очиқ сиёсий муҳокамалар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
«Биз турли мавзулар, жумладан, экстремизм ва терроризм мавзусидаги сиёсий баҳс-мунозаралар олиб боришга имкон берадиган платформаларни яратишимиз керак», деди у Карвонсаройга.
«Мустақил ОАВ томонидан ёритиладиган бундай муҳокамалар, албатта, ўз самарасини беради», деди у. «Одамлар тўғри танловни амалга оширадилар ва бу зўравонлик экстремизмига қарши курашда яхши чора бўлиб хизмат қилади».
Экстремистик ташвиқотга қарши кураш
ОАВда жанговар ҳаракатларнинг ёритилиши, шунингдек, террорчилар акс этган фотосуратлар ва видеолавҳаларнинг берилиши ғайриихтиёрий равишда экстремистик ташкилотлар фаолиятининг тарғиб қилинишига сабабчи бўлиши мумкин. Бу ҳақда форум иштирокчиларига Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Мирлан Каниметов маълум қилди.
«Бу борада жуда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади, сабаби нотўғри тақдим этилган ахборот экстремистик ташкилотларнинг янги издошларини жалб қилади», деди у.
«Журналистлар махсус билимларга муҳтожлар. Мазкур форум зўравонлик экстремизмига қарши кураш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади».
«Террорчилар одам ёллашнинг барча усуллардан фойдаланмоқдалар», деди Африкадаги Albany Associates International PR-компаниясининг мижозлар билан ишлаш бўлими раҳбари Фотима Аҳмад.
«Улар ҳатто ночор одамларга ёрдам қўлини чўзиши, шу билан уларнинг ишончини қозониб, ўз сафига жалб қилиши мумкин» дейди кениялик мутахассис.
«Террорчилар одамларни ёлғон ваъдаларга ишонтириб, улар билан мафкуравий тарғибот ишларини олиб борадилар», деди у. «Улар интернетда ўз ғояларини тарқатиш учун турли усулларни қўлламоқдалар.»
«Уларга қарши курашда биз заҳирамиздаги барча усуллар ва воситаларни ишга солишимиз зарур», деди Аҳмад. «Мисол учун, одамларга қисқа анимацион роликлар маъқул бўлаётганини кўряпмиз, бундай роликлар ижтимоий тармоқлар орқали фаол равишда улашилади. Визуализациянинг бу тури экстремистик мафкурага қарши курашда қўл келиши мумкин».
Бунақанги форумлардан наф йўқ
Жавоб беришФикрлар 2
Баъзи америкаликлар террорчиларни яратади, бошқалари дунёга ўзларини кўрсатиб қўйиш учун, уларни мағлуб қилишга уринади
Жавоб беришФикрлар 2