https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/01/17/feature-01
50 нафар афғон аёли Қозоғистон ва Ўзбекистон университетларида таҳсил олади
| Терроризм

Қозоғистон Суриядаги ўнлаб фуқароларини қутқаргани учун мақтовга сазовор бўлди

Айдар Ашимов

Ҳукумат томонидан 47 нафар қозоғистонликнинг Суриядаги «Ислом давлати»дан (ИД) қутқарилиши қозоғистонликлар тарафидан «жасоратли» ва «улкан» тадбир дея баҳоланди.

ОСТОНА – Ҳукумат томонидан 47 нафар қозоғистонликнинг Суриядаги «Ислом давлати»дан (ИД) қутқарилиши қозоғистонликлар тарафидан «жасоратли» ва «улкан» тадбир дея баҳоланди.

5-6 январ кунлари Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Жусан» («Аччиқ шувоқ») деб номланган махсус операцияни ўтказдилар.

Кейинроқ Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) бир қатор давлат оммавий ахборот воситаларига «тарих учун ҳужжатлаштирилган» операция вақтида суратга олинган видеолавҳани тақдим этди.

Етти минутли видеолавҳада Қозоғистоннинг ҳарбий самолёти Ақтовдан ҳавога кўтарилиб, Сурияга қўнгани, кейин эса қозоғистонлик фуқаролар, жумладан, бир нечта эркак кўзлари ва қўллари боғланган ҳолда самолётга олиб чиқиб кетилаётгани тасвирланган.

image

КНБ томонидан эълон қилинган видеода 5-6 январ куни Сурияда фуқароларни ўз ватанига қайтариш операцияси доирасида кўзлари ва қўллари боғланган ҳолда самолётга олиб кетилаётган қозоғистонлик эркаклар кўрсатилган. (Қозоғистон КНБ)

image

7 дақиқали видеолавҳадан олинган кадрда Ақтовдан ҳавога кўтарилиб, Сурияда қўнган Қозоғистон ҳарбий самолёти акс этган. Репатриация операцияси 5-6 январ куни амалга оширилди. (Қозоғистон КНБ)

image

Суриядан олиб келинган қозоғистонлик болаларга ўйинчоқлар ва емак улашилмоқда. (Қозоғистон КНБ)

image

Суратда: 5-6 январ куни ўтказилган операция давомида қутқарилган болалар, видеолавҳа Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан эълон қилинган.

image

Суратда Қозоғистонда террорчилик ҳаракатини режалаштирган ва 10 январ куни Олмаотада ҳибсга олинган 6 нафар Марказий Осиё фуқароси акс эттирилган. (Қозоғистон КНБ)

Видеолавҳада эвакуация қилинганлар билан ўтказилган интервьюлар ҳам ўрин олган.

«Махсус операция натижасида 47 киши, жумладан, 11 аёл ва аксарияти 1-5 ёшларда бўлган 30 нафар ёш бола ватанига қайтарилди», дейилади видео таглавҳасида. Видеода болаларга ўйинчоқлар ва емаклар улашилаётгани ҳам кўрсатилган.

«Ушбу бегуноҳ одамлар қутқарилганликларидан беҳад мамнун бўлдилар. Кўрилажак чоралар билан эса бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мумкин», деди президент Нурсултон Назарбоев 9 январ куни президент расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

«Улар инқирозга ботган давлатга алдов йўли билан олиб кетилган ва у ерда ИД номи билан танилган халқаро террорчилик ташкилотининг террорчилари томонидан гаровда ушлаб турилганлар», деди у.

«Ўз хоҳиш-истакларига қарши уруш ҳудудларида ушлаб турилган ёш болаларни қайтариш чоралари давом эттирилади», деди Назарбоев.

Ҳукумат Суриядан олиб келинган аёллар ва болаларга «барча зарурий ёрдамни» тақдим этади, деган у.

Сурияда тузоқда қолганлар

КНБ бўлим бошлиғи Бахитбек Раҳимбердиев 10 январ куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида қутқарилган болалар ҳақида қўшимча маълумот берди.

«Суриядан Қозоғистонга қайтган болаларнинг деярли ҳаммасининг отаси ўлган», деган у Tengri News нашрига кўра. «Болалар оналари билан қайтишган. Онаси ҳали ҳам ўша ерда қолган битта бола бор... Қайтган болаларнинг бир нечтаси Сурияда туғилган.»

Аёллар ва болалар реабилитация жараёнидан ўтади, шунингдек, прокурорлар томонидан эркакларга қарши айбловлар илгари сурилади, деди у. Уруш ҳудудларидан қайтган қозоғистонликларнинг 40 фоизи жиноий жавобгарликка тортилади.

Қайтаётган фуқаролар Қозоғистоннинг турли вилоятларида яшаган ва Сурияга 2012 ва 2015 йиллар оралиғида жўнаб кетишган, деди Раҳимбердиев.

«У ерга етиб борганларидан кейин, қайтишнинг деярли иложи бўлмаган. ИД томонидан бунга қарши энг олий жазо – ўлим жазоси қўлланилган», деди у.

«Қочишга ҳаракат қилганликлари сабабли баъзи фуқароларимиз қатл қилинганлиги ҳақида далиллар бор», деди Раҳимбердиев Сурияда ҳалок бўлган ИДнинг қозоғистонлик ёлланма жангчисини назарда тутиб.

Қозоғистондаги ижобий муносабат

Операция қозоғистонлик фуқаролар ва расмийлар томонидан юқори баҳоланди.

«Мен ҳарбий учувчиларимизнинг жасоратига қойил қолдим» деб ёзди Қозоғистон десантчи қўшинлари матбуот котиби Александра Утепова 11 январ куни ўзининг Facebook саҳифасида. «Ҳарбий ва жанговар парадларда маҳоратни намойиш этиш ва чинакам уруш зоналарига учиш ўртасида катта фарқ бор.»

«Қозоғистон ҳарбий ҳаво кучлари иштирокида ўтказилган «Жусан» операцияси мамлакат учун улкан аҳамиятга эга – Суриядаги уруш ҳудудларида бўлган 50 қозоғистонлик ўз ватанига қайтарилди», деди у.

«Қозоғистон ўз фуқароларини эсдан чиқармайди, уларга ёрдам қўлини чўзади ва тинч осмони остига олади», деб ёзган Утепова.

«Бу болаларнинг кўзларига бир боқинг, улар тинч ҳаёт нима эканлигини билмайдилар ҳам. Бутун болалик давомида қўрқув ичида яшаганлари кўриниб турибди», дейди у.

«Мен йигитларимиз билан фахрланаман. Хавф катта бўлишига қарамай улар бу ишни уддасидан чиқишди ва ҳамюртларимизни уйларига қайтаришди.»

«Бу видео менда чуқур таассурот қолдирди», дейди остоналик 32 яшар Акмарал Дуйсенова.

«Бу ўзимизнинг қозоқлар, лекин улар соддалик ёки жиноят содир этишга мойиллик сабабли уруш бўлаётган жойларга борганлар ва террор йўлини танлаганлар», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. «Мамлакатимиз ўз фуқаролари ҳақида қайғуради, шундай бўлса-да, айбдорлар жазоланиши керак, муҳтожларга эса ёрдам берилиши лозим.»

«Аёллар ва болалар тинч, нормал ҳаётга имкон қадар тезроқ қайтишлари лозим», деди Дуйсенова. «Умид қиламанки, улар буни уддалайдилар».

Террорқа қарши кураш чоралари давом этмоқда

Мазкур қутқарув тадбири Қозоғистоннинг радикализм ва экстремизмга қарши кураш чоралари доирасида ўтказилди.

Жумладан, 10 январ куни Олмаотада КНБ томонидан ўтказилган операция вақтида Марказий Осиёлик бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинган бўлиб, улар Қозоғистон террорчилик ҳаракатларини амалга оширишни режалаганликда гумон қилинмоқда.

«Тинтув чоғида уларнинг вақтинчалик яшаш жойларидан портловчи мосламалар ясашда ишлатиладиган ашёлар, шунингдек, ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар мусодара қилинган», дейилади КНБнинг 14 январ кунги баёнотида.

«Тергов маълумотларига кўра, қўлга олинган шахслар хориждаги ИД жангариларининг кўрсатмалари бўйича ҳаракат қилганлар», дейилади баёнотда. «Улар Олмаотада одамлар билан гавжум жамоат жойларида портловчи моддаларни қўллаган ҳолда қуролли ҳужум уюштириш ниятида бўлганлар.»

«Тугамайдиган жанг»

Бу орада, камида 360 қозоқ ҳамон Сурияда қолмоқда, деди таразлик сиёсатшунос, «Бейбит аспан» («Тинч осмон») ноҳукумат ташкилоти раҳбари Руслан Сексенбаев.

«У ерда жанг қилаётганларнинг аксарияти ҳалок бўлиши аниқ», деди у баъзиларни жавобгарликка тортиш учун Қозоғистонга қайтаришга муваффақ бўлинганини қўшимча қилар экан.

«Ҳукумат инсонийлик нуқтаи назаридан аёллар ва болаларни ўз уйига қайтариш ва уларга бу ерда ёрдам кўрсатиш учун бор кучини ишга солиши лозим», деди у.

Сексенбаевга кўра, «радикаллашувга қарши кураш чораларини бир дақиқага ҳам тўхтатиб бўлмайди, сабаби мудраб ётган террорчилик гуруҳлари исталган вақтда фаоллашиши мумкин.»

«Ёллаш асосан ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилади», деди у. «Содда одамларга адолат ва гўзал ҳаёт ҳақида сўзлаб берадилар, аслида эса улар Сурияда қул қилиниб, ўз ҳаётларини урушда қурбон қилишга мажбурланадилар.»

«Биз ёллаш ва ташвиқот фаолияти билан шуғулланаётган профиллар ва саҳифаларни аниқлаш ҳамда уларни блоклаш чораларини кўрмоқдамиз, шунга қарамай, блокланганлари ўрнида янгилари пайдо бўлмоқда», деди у.

«Бу ҳеч қачон тугамайдиган, лекин давом эттириш керак бўлган курашдир».

Сизга мақола ёқдими?
10
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

АЁЛЛАР ҚОНУНГА ҚАРШИ ТАШВИҚОТ ОЛИБ БОРМАСЛИКЛАРИ УЧУН НАЗОРАТ ОСТИДА БЎЛИШЛАРИ КEРАК, БОЛАЛАРГА ЭСА ПСИХОЛОГ КEРАК.

Жавоб бериш