https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/08/28/feature-01
Кремль Тожикистондаги ИД ҳужумидан минтақадаги манфаатларини илгари суриш йўлида фойдаланиши мумкин
| Ёшлар

Қозоғистонда ўтган фестивалда Марказий Осиё ёшлари экстремизмга қарши кураш йўлларини муҳокама қилдилар

Айдар Ашимов

image

22 август куни Олмаотадаги Марказий Осиё ёшлар фестивалида суратга тушаётган тожикистонлик иштирокчилар. (Қозоғистоннинг биринчи президенти жамғармаси)

ОЛМАОТА – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиядан келган ёшлар жамиятдаги айрим долзарб муаммолар, жумладан экстремизмга қарши кураш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида йиғилдилар.

22-23 август кунлари Қозоғистоннинг Чимбулоқ курорт ҳудудида Марказий Осиё Ёшлар фестивали бўлиб ўтди – унда 18-29 ёшдаги 400 га яқин иштирокчи минтақадаги ишсизлик, меҳнат миграцияси, радикаллашув ва таълим масалаларини муҳокама қилди.

Фестиваль Қозоғистон республикасининг биринчи президенти жамғармаси ва Олмаота шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилди.

Ташкилотчиларга кўра, тадбир ёшларнинг сиёсий саводхонлиги ва ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда бугунги кун таҳдидлари ва ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш мақсадида Марказий Осиё ёшларининг интеграцияси ва ҳамкорлиги учун майдон яратишга қаратилган.

image

Марказий Осиё ёшлар фестивалининг қирғизистонлик қатнашчилари, Олмаота, 22 август. (Қозоғистоннинг биринчи президенти жамғармаси)

image

Суратда: 22 август куни Олмаотадаги Марказий Осиё ёшлар фестивалида қатнашган ўзбекистонликлар. (Қозоғистоннинг биринчи президенти жамғармаси)

Форум ишида турли мамлакатларнинг сиёсат ва жамоат арбоблари, жумладан Конрад Аденауэр жамғармасининг Қозоғистондаги доимий вакили Томас Хельм, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕҲХТ) Нур-Султондаги ваколатхонасининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Колин Маккалоу, Қирғизистон Қизил Ярим ой жамиятининг кўнгиллиларни ривожлантириш бошқармаси раҳбари Ойсулув Кангелдиева ва бошқалар қатнашди.

Маърузачилар ахборот хавфсизлиги, жанговар экстремизм хавфи ва сиёсий ахлоқ мавзуларида сўз юритдилар.

Қозоғистон президенти ҳузуридаги ёшлар сиёсати кенгаши аъзоси Валихан Бахретдиновнинг айтишича, Марказий Осиёда бу каби миқёсдаги ёшлар фестивали илк марта ўтказилмоқда.

Экстремизм муаммоси

«Бизга лойиҳа муаллифлари каби фикр юритиш ўргатилди: муаммони аниқлаш, мақсад ва вазифаларни белгилаш ҳамда ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш», дейди тадбирнинг 19 яшар иштирокчиси, қирғизистонлик Адилет Акматов.

«Эртага эса муаммони, жумладан радикаллашув ва жанговар экстремизмга қарши кураш бўйича ўз ечимларимизни таклиф қилишимиз мумкин», деди у.

Акматовнинг айтишича, ёшлар ҳаётнинг мазмуни ва ўзларини ташвишга солаётган саволларга жавоб излаш учун интернетни ишга соладилар, у ерда эса террорга ёлловчилар тўрига илинишлари мумкин.

«Кўпчилик одамлар радикал ғояларга ишониб, давлатга ва умуминсоний қадриятларга қарши чиқадилар. Биз энди нима қилиш кераклигини ҳал этиш ва тенгдошларимизни бундай таҳдидлардан огоҳлантириш учун келдик», деди у.

Ёшлар жанговар экстремизмга қарши муваффақиятли лойиҳалар ташаббускорига айланишлари мумкин, дейди Қозоғистондаги «Ёшлар тикланиш ва тараққиёт маркази» жамоат бирлашмасининг координатори, таразлик Олег Крутов.

«Радикализмга қарши иммунитетга эга шахс – ОАВ бўйича саводхонлиги юқори, танқидий фикрлаш қобилиятига эга одам бўлиб, одамларни алдашга, уларни экстремистик ва террористик ташкилотларга жалб қилишга ва сохта ғояларни сингдиришга уринаётган кучлар борлигини яхши билади», деди у.

«Ёшлар бу каби ташвиқотга ва жанговар экстремизмга қарши кураш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ажойиб ғояларни ўйлаб топишга қодирлар», дейди Крутов.

«Жамоат бирлашмалари ва давлат ёшларнинг етакчилик хусусиятларини, лойиҳага йўналтирилган фикрлаш қобилиятини ривожлантириши ва медиа-саводхонлигини ошириши керак. Ёшларни баркамоллик сари интилишга руҳлантириш ва ўз имкониятларига ишонтириш зарур. Ана шундагина улар жамиятга, жумладан радикаллашувга қарши курашга катта фойда келтирадилар», деди Крутов.

Хавф остидаги гуруҳ

Қирғизистоннинг «Интернет сиёсати бўйича фуқаролик ташаббуси» нодавлат ташкилоти ва Канаданинг «The SecDev Group» консалтинг компанияси 30 июль куни биргаликда «Марказий Осиёдаги экстремизм» деб номланган кенг қамровли тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Тадқиқотга кўра, ёшлар энг кўп таҳдид остидаги гуруҳ бўлиб, уларнинг радикаллашувига олиб келувчи омиллар – иқтисодий турғунлик, меҳнат миграцияси ва ватандаги имкониятларнинг етишмаслигидир.

«Интернет-платформалар ва ҳукуматнинг кузатувига қарамай, Марказий Осиёда экстремистик мазмундаги материаллар ижтимоий тармоқларда очиқ ҳолатда қолмоқда. «The SecDev Group» таҳлилчилари 2018 йилнинг августидан октябрига қадар Марказий Осиёдаги 324 мингта обуначига экстремистик мазмундаги материалларни тарқатаётган 140 та аккаунтни аниқлаганлар», дейилади тадқиқотда.

Тадқиқотга кўра, ҳукуматлараро ташкилотлар ушбу муаммони ҳал этиш учун маҳаллий ҳамжамиятларни жалб қилишда муҳим роль ўйнаган.

Ҳисоботда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2018 йил учун «Марказий Осиёда жанговар экстремизмнинг олдини олишда жамоатчилик барқарорлигини мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш» дастури тилга олинган.

Мазкур дастур доирасида иккита лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, улардан бири умумий қиймати 100 минг еврони ташкил этувчи, Қирғизистон жанубида маҳаллий таълим ва ижтимоий дастурларни қўллаб-қувватлашга каратилган лойиҳа бўлса, иккинчиси – тожик ёшлари ва меҳнат мигрантларининг экстремистик мафкура таъсирига қарши туриш қобилиятини кучайтиришга қаратилган 90 минг евролик лойиҳадир.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha