https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/11/20/feature-01
| Терроризм

ИД сафида туркманларнинг борлиги мамлакатда радикаллашув кучайгани борасида хавотир уйғотмоқда

Жумагули Аннаев

image

2016 йил июнь ойида Истанбул полицияси жиноят содир этишда айбланган туркманистонлик мигрантни ҳибсга олган. Ўтган ҳафта Туркия ҳукумати «Ислом давлати»га (ИД) алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган олти Туркманистон фуқаросини ватанига қайтарди. Гуруҳнинг ўзи март ойида коалиция ҳужуми ортидан Суриядаги сўнгги ҳудудини бой берган эди. [Турк телевидениеси кадрлари, Жумагули Аннаев]

АШХОБОД – Кузатувчиларнинг айтишича, хорижда «Ислом давлати» (ИД) террорчилик гуруҳига қўшилган туркман фуқароларини ҳибсга олиш давом этар экан, Туркманистон ҳукумати мамлакатда радикаллашув сабабларини бартараф этишга жиддий киришмоғи зарур, деган хавотирлар кучаймоқда.

Туркия «ИД»га алоқадорликда айбланиб қўлга олинган олти нафар Туркманистон фуқаросини ватанига топширди, деб хабар берган 13 ноябрь куни Туркиянинг Hurriyet нашри.

Фуқаролари ИД жангариси сифатида Туркияда ҳибсга олинган давлатлар рўйхатига Туркманистон ҳам киритилган, деб ёзади нашр. Рўйхатда, шунингдек Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон, Россия ва Эрон ҳам бор.

Туркиядан умумий ҳисобда 959 нафар маҳбус экстрадиция қилиниши кўзда тутилган, улардан 82 таси Ўзбекистон, 23 таси Қирғизистон, 21 таси Тожикистон ва 10 нафари Қозоғистон фуқаросидир.

image

«Ислом давлати»га қарашли ОАВ томонидан июнь ойида чоп этилган сурат: Афғонистон тоғларидаги ИД жангарилари. [Файл]

Рўйхатга кўра, ИД сафига қўшилганларнинг энг кўпи – 99 киши – Россия фуқаролари ҳисобланади.

ИД аъзолари Туркия хавфсизлик идоралари томонидан 2019 йил бошидан бери амалга оширилган жами 1201 та операция давомида қўлга олинган, деб хабар беради Hurriyet.

Нашрнинг ёзишича, «улар (ИД аъзолари) шу йил охирига қадар ўз мамлакатларига экстрадиция қилинади.»

ИД жангариларининг бир қисми Суриядаги жанглар чоғида асирга олинган бўлса, бошқалари коалиция зарбаларидан қочаётганида ёки Сурия-Туркия чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтмоқчи бўлганида ушланган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиосининг туркман хизмати Туркия ОАВга таяниб. Сурияда асирга олинганлар қандай қилиб туркларнинг қўлига тушиб қолгани маълум эмас.

Туркманистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Жазони ижро этиш хизмати ходими Халикнинг (унинг фамилияси ва лавозими хавфсизлик важидан ошкор қилинмаган) айтишича, Туркманистонга депортация қилинган шахсларни қаттиқ жазо кутмоқда.

Улар Овадандепе қамоқхонасининг махсус қисмига жойлаштирилади, у ерда ваҳҳобийлик ва бошқа диний оқимларга мансубликда айбланган маҳкумлар учун алоҳида жой ажратилган, деди у.

Ашхободнинг расмий позицияси

Туркманистон раҳбарлари мамлакатнинг терроризмга қарши курашиб келаётгани ва глобал ҳамжамиятнинг ушбу таҳдидга қарши самарали халқаро механизмларни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаганлар.

«Биз БМТнинг терроризмга қарши кураш бўйича глобал стратегиясини тўлиқ амалга ошириш тарафдоримиз», деган эди президент Гурбангули Бердимуҳамедов 25 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг XVIII саммитида.

Бироқ, Туркманистон ИИВнинг Уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бўлими ходими A. Ихлоснинг айтишича, ҳукумат мамлакатда радикаллашувнинг туб сабабларини бартараф этиш учун етарли чоралар кўрмаган.

«Алкоголизм ёки гиёҳвандликдан халос бўлиш учун беморга унинг касал эканлигини ошкора айтиш психологик жиҳатдан жуда муҳим. Бу экстремизмга қарши курашга ҳам тааллуқли», дейди Ихлас Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан мисол келтириб.

«Минтақадаги қўшниларимиз ИД сафига қўшилган фуқаролари ҳақида очиқ-ойдин гапирадилар», деб қўшимча қилди у. «Улар жангариларнинг аёллари ва болаларини ўз ватанларига қайтариш чораларини кўриб, уларга ўтмишни унутишга ва янги ҳаёт бошлашга ёрдам бермоқдалар. Биз эса ё сукут сақлаймиз, ёки бор нарсани инкор этамиз. Бу эса яхши эмас».

2019 йилда Озодлик радиосининг туркман хизмати, «Рейтер» ва курдларнинг «Ифрот» янгиликлар агентлиги Суриядаги ИД жангарилари орасида Туркманистон фуқаролари аниқлангани ҳақида хабар берган эди.

ИД ва бошқа террорчи гуруҳларга қўшилган туркманистонликларнинг аниқ сони ошкор этилмаган. Ҳукумат туркманларнинг чет элдаги қуролли можаролардаги иштироки, шунингдек, ИД сафига ёллаш билан шуғулланган шахслар ҳақидаги маълумотларни яшириб келади.

Ашхабоддаги кузатувчиларга кўра, кўпгина туркман фуқаролари радикаллашув таъсирига тушганлар ва ҳукумат учун бу муаммога қарши қатъий чора кўриш, фуқароларни экстремистик ташкилотларга қўшилишга ундовчи шартлар ва омилларни бартараф этиш вақти келганини ҳеч ким инкор этолмайди.

Терроризмнинг ижтимоий илдизлари

Барча турдаги жиноятлар ижтимоий илдизларга эга, дейди ИИВнинг уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бўйича мутахассиси Ихлос.

«Туркманларнинг аксарияти мўътадил Исломга амал қилади. Улар ақидапараст эмас. Кимдир радикализм таъсирига тушса, бу мафкуравий эмас, балки иқтисодий сабабларга кўра бўлади», деди у.

Ашхободлик сиёсий таҳлилчи Перхат Режепов ҳам бу фикрга қўшилади.

Унинг айтишича, ишсизлик, инфляция ва туркман манатининг қадрсизланиши каби муаммолар туркманларни хорижда иш излашга мажбур қилиб, жангари гуруҳлар нишонига айлантирмоқда.

«Тасаввур қилинг, бир йигит кўп соатлик қора иш учун кунига 7-10 доллар (24,6-35,1 туркман манати) ишлаш учун Туркияга келса, жангариликка ёлловчи унга жангларда қатнашиш ёки бир марталик теракт содир этиш учун 50, 100, 1000 доллар [175.5, 351, 3510 туркман манати] таклиф қилади. Нима деб ўйлайсиз, у тез ва мўмай пул ишлаб олиш васвасасига қарши тура оладими? Менимча йўқ», деди Режепов.

«Ҳибсга олинган туркман фуқаролари Ислом йўлида эмас, балки моддий аҳволини яхшилаш учун жиҳодга кирганликларини тан олгани ҳақида интернетда видеолавҳалар бор», деб қўшимча қилди у.

4 сентябрь куни Озодлик радиосининг туркман хизмати сўнгги 10 йил ичида 1,9 миллион Туркманистон фуқароси чет элда ишлаш ёки ўқиш учун мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар берган эди.

«Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, пул топиш учун хорижга чиққанлар орасида ҳою ҳавасга қарши тура олмайдиганлар топилиши аниқ», деди Режепов.

АҚШдаги «Soufan Group» таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2017 йилда 400 га яқин Туркманистон фуқаролари Сурия ва Ироқда ИД сафига қўшилганлар.

Сизга мақола ёқдими?
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha