http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/07/15/feature-01
| Хавфсизлик

ЕИ Москвани ядровий ракеталарга оид битимга амал қилиш учун «сўнгги имконият» борасида огоҳлантирди

Карвонсарой ва AFP


Россиянинг INF битимига хилоф бўлган, ўрта масофага ядровий ракеталар учириш имкониятига эга «Искандер-М» тизимидан ракета учирилмоқда. (Россия мудофаа вазирлиги)

Россиянинг INF битимига хилоф бўлган, ўрта масофага ядровий ракеталар учириш имкониятига эга «Искандер-М» тизимидан ракета учирилмоқда. (Россия мудофаа вазирлиги)

БРЮССEЛЬ – Якшанба (14 июль) куни Европа Иттифоқи (ЕИ) Москва битимдаги иштирокини вақтинча тўхтатиши ҳақида эълон қилганидан кейин Россияни «Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисида»ги (INF) шартномага риоя қилишга чақирди.

«Биз 2019 йил 2 август куни шартнома тугаши билан юзага келиши мумкин бўлган вазиятдан чуқур ташвишдамиз», деди ЕИ нинг ташқи сиёсат масалалари бўйича раҳбари Федерика Могерини ўз баёнотда.

«Келаётган кунлар мулоқот ва Европа хавфсизлигини таъминловчи муҳим таркибий элементни сақлаб қолиш учун сўнгги имкониятдир», деди у.

Россия ва Қўшма Штатлар Совуқ уруш даврига оид битимдаги иштирокларини тўхтатишди, бу ҳужжат ядровий қувватга эга рекаталарнинг бутун бир синфини тақиқлар эди. Икки давлат бир-бирини битимни бузганликда айбламоқда.

Россия президенти Владимир Путин 3 июль куни битимни тўхтатишни расмийлаштириш ҳақидаги қонунни имзолади.

Шу билан бир вақтда, Вашингтон агар Россия битимга зид бўлган ракета тизимини йўқ қилмаса, 2 август куни шартномадан батамом чиқишини эълон қилди.

ЕИ Кремлни ердан учириладиган 9М729 ракета тизими ҳақида «бир неча бор билдирилган хавотирларни жиддий бартараф этишга» чақирди, деди Могерини.

Баёнотга кўра, у битим шартларига мувофиқ, Москва «қатъий ва шаффоф чоралар кўриши» кераклигини таъкидлаган.

Такрорий ядровий таҳдидлар

SSC-8/9M729 учувчи ракета тизимининг битим шартларига мувофиқлигини исботлаш ёки уни йўқ қилиш учун бир неча бор берилган имкониятларга қарамай, Россия расмийлари унинг битимга зидлигини инкор қилиб келдилар.

Бунинг ўрнига Кремль ва Россиянинг ҳарбий мутасаддилари Қўшма Штатлар ва Европага очиқдан таҳдид қилдилар.

Путининг 20 февраль кунги мурожаатномаси ҳам ўзгаришсиз бўлди.

«Мен бугун шуни аниқ ва очиқ айтаманки, Россия қуролларни жойлаштиришга мажбур бўлиши ва улар бизга таҳдид солаётган қарор қабул қилувчи мамлакатларга қарши қўлланилиши мумкин», деб айтган у.

Путин ўзининг ядровий хавфсизлик масаласига нисбатан ҳазиломуз муносабатини яширгани йўқ.

Путин мамлакат жанубидаги Сочи шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мутахассислар форумида чиқиш қиларкан, Россияга эҳтимолий ядровий урушнинг қурбони ўлароқ таъриф берди.

«Тажовузкор томон қасос муқаррар эканини ва у йўқ қилинишини, биз эса тажовуз қурбони, шаҳидлар сифатида жаннатга тушишимизни англаши керак», деди у.

«Улар шунчаки ўлиб кетадилар, чунки уларда тавба қилиб олиш учун вақт бўлмайди», деди у залдан янграган кулгуга жавобан.

Глобал хавфсизлик таҳдид остида

INF шартномаси Совуқ уруши тугаши арафасида, 1987 йили президент Роналд Рейган ва Совет Иттифоқи етакчиси Михаил Горбачев томонидан имзоланган эди.

Унга кўра, ердан учириладиган, учиш масофаси 500 дан 5500 километргача бўлган ракеталар тақиқланган.

Бу ҳужжат глобал қуролларни назорат қилишнинг пойдевори ҳисобланади ва унинг тугатилиши Россия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги Стратегик ҳужум қуролларини қисқартиришга оид янги шартнома (янги START) келажаги борасида хавотир уйғотмоқда. Амал қилиш муддати 2021 йилда тугайдиган битим томонларга стратегик ядровий каллакларни совуқ уруш даврига оид чекловдан сезиларли даражада камайтириш мажбуриятини юклайди.

Сизга мақола ёқдими?
4
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат
Captcha
| 2019-07-30

Россия нефти ва газини сотиб олишдан бош тортишимиз керак ва Россия уч кун ичида букилиб қолади.

Жавоб бериш
| 2019-07-23

Путиннинг қайси гапларини «ҳазил» деб ўйладингиз? У жуда жиддий гапирди. Унинг кўзларига боқинг Кўр ва кар бўлиб қолганмисизлар, нима бало??? Путинга ҳам, ўйлашга қодир бошқа инсонлар каби, битта дарвозага ўйнаш жонга теккан... НАТОни Россия чегараларидан узоқроққа олиб кетинг ва бахтли ҳаёт кечиринг. Ўзи бу иттифоқ аста-секин таназзулга юз тута бошлади, бутун капиталистик дунё каби. Тирик бўлсак кўрармиз.

Жавоб бериш