https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/02/15/feature-02
| Терроризм

Тожик жангарилари тарғиботнинг янги усуллари орқали уйига қайтарилмоқда

Неъматулло Мирсаидов

image

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, имомлар ва маҳаллий расмийлар Чоркух қишлоғи аҳолиси билан суҳбатлашмоқда. Исфара тумани, 16 август, 2017 йил. Туман прокуратураси маълумотларига кўра, худди шу вақтда исфараликлардан 19 нафари Сурияга жанг қилиш учун кетган эди. (Ниғматулло Мирсаидов)

ХЎЖАНД, Тожикистон – Сурия ва Ироқда енгилган тожик жангарилари бир неча янги тарғибот усуллари билан қайтишга кўндирилганларидан сўнг ватанларига қайтмоқдалар.

«Биз тарғибот ишларига ёндашувни ўзгартирдик», дейди Сўғд вилояти прокурори ёрдамчиси Таваккал Файзуллозода.

Сўғд вилояти прокуратураси ва милиция расмийлари ҳамда маҳаллий раҳбарият аҳоли билан учрашув ўтказди ва улар билан «норасмий шароитда, самимий суҳбатлашдилар ва натижада, учрашувлар янада ишончлироқ бўлди», деди у.

ИИВ маълумотларига кўра, 2017 йилда тожикистонлик собиқ жангарилардан 111 нафари ўз ихтиёри билан ватанига қайтган ва уларнинг барчаси суд жавобгарлигидан озод қилинган.

«Эктремистик шиорлар исломий қадриятларга буткул зид экани ҳақида оммани огоҳлантириш муҳим», дейди Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбари Раҳимжон Абдувализода.

Сўғд вилоятида хориждан қайтганлар кўпчиликни ташкил этади.

2017 йилнинг 25 мартидан 2018 йилнинг 1 январигача сўғдликлардан 24 нафари жанговар ҳудудлардан ўз уйига қайтган, деб хабар қилди вилоят ички ишлар бошқармаси. Бунда жангариларнинг ота-оналари иштирокидаги ахборот-тарғибот ишлари муҳим рол ўйнаган, улар ўз фарзандларини Тожикистонга қайтишга кўндирганлар.

«Мени алдашди»

Қайтганлар орасида Ашт туманидан бўлган Алишер Кодирқулов ҳам бор.

Қодирқулов ва унинг оиласи Россияда тузукроқ иш топа олмаганидан сўнг, экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолиб, алданган минглаб тожик мигрантлари билан қисматдош.

Қодирқуловлар оиласи 2015 йилнинг март ойида Екатеринбургдан аввал Туркиянинг Истанбул, сўнгра Газиантеп шаҳрига боради, у ердан эса Сурияга ўтиб олишади. Улар Сурияда бир ярим ой бўлиб, Ироқнинг Мосул шаҳрига келишади.

«Мосулга келишим билан алданганимни тушуниб етдим», дейди у Карвонсарой билан суҳбатда.

2016 йил октябрда у оиласи билан Туркияга қочиб ўтди ва турк ҳукуматига таслим бўлди. Улар 2016 йил декабрда Душанбега қайтгач, ушланди ва тергов қилинди.

Қодирқуловнинг отаси Тожикистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот органларининг кўмагида ўтган йил апрел ойида уни рафиқаси ва икки фарзанди билан бирга ватанига қайтариб олиб келди.

Қодиркулов Сурия ва Ироқдаги ҳаётини «бир ярим йил давомида ажнабий ерларда муҳтожликда кўчманчи тарзида юриш» деб тасвирлайди.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари менга ишониб, жазо чораларидан воз кечганлари учун миннатдорман», дейди Қодиркулов.

«Хотиним билан ўз номимизни тиклаш учун анча ҳаракат қилишимиз керак … қўшниларимиз биз билан саломлаша бошладилар», дейди у.

Уруш қурбонларига аза тутган оилалар

Ироқ ва Сурияда ўлдирилган тожик жангариларининг сони 2017 йилда тахминан 150 дан 300 гача бўлган.

«Тожик жангарилари ва ўлган тожикларнинг аниқ сонини билмаймиз», дейди Абдувализода. «Сурия ва Ироққа кетганларнинг кўпчилиги у ерга учинчи мамлакатлар орқали борган. Ўлганлар ҳақида ҳамма маълумотга эга эмасмиз.»

«Энг муҳим вазифа чет элдаги можароларга қўшилиб, алданиб қолган фуқароларни қайтариб келишдир», деди у. «Уларнинг ўлими ота-оналарини чуқур қайғуга солмоқда, улар фарзандларини хорижга ўқиш ёки пул ишлаш учун юборганлар.»

Камида битта ота бир нечта фарзандига мотам тутяпти.

Хатлон вилоятининг Жалолиддин Балхий туманидан бўлган Олимурод Абдураҳмонов Сурия ва Ироқда вафот этган уч ўғлига азадор, деб хабар беради тожик расмийлари.

Ҳозир эса унинг келини ва уч нафар набираси Суриянинг Манбиж шаҳрида қолиб кетган, деб хабар беради милиция.

Мотамсаро ота ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан тирик қолган қариндошларини мамлакатга қайтариб олиш келишни сўрамоқда.

«Эҳтимол, ҳувиллаб қолган уйда набираларнинг бўлиши марҳум йигитнинг отасига таскин берар», дейди Абдураҳмоновлар яшайдиган маҳалла раиси Бахриддин Эсанкулов Карвонсарой билан суҳбатда.

Йўқолган ва эҳтимол, вафот этган жангарининг аёли ва икки фарзанди Ироқнинг Мосул шаҳрида қолиб кетган.

Ашт туманидан бўлган Фаромуз Шералиевнинг аёли Мосулдан телефон қилиб, уйга қайтишда ёрдам беришларини сўраган.

«Унда ҳеч қандай ҳужжат йўқ ва у қандай қилиб Мосулдан чиқиб кетишни билмайди», дейди унинг қариндошлари маҳаллий прокуратура ходимларига. Улар ҳукуматдан аёл ва унинг фарзандларини қайтариб олиб келишни ўтиниб сўрамоқда.

Сизга мақола ёқдими?
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha