Карвонсарой
Терроризм

«Ғам, азоб-уқубат ва умидсизлик»: тожик жангариларининг аёллари ҳикояси

Негматулло Мирсаидов

Оқила Ўроқова (орқа қатордан ўртада) онаси (чапда), қайнонаси (ўнгда) ва 5 қизидан 4 нафари (чапдан ўнгга): Марям, Ҳалима, Фотима ва Субая билан. Сурат 27 февраль куни Спитамен туманининг Тағояк қишлоғида олинган. [Негматулло Мирсаидов]

Оқила Ўроқова (орқа қатордан ўртада) онаси (чапда), қайнонаси (ўнгда) ва 5 қизидан 4 нафари (чапдан ўнгга): Марям, Ҳалима, Фотима ва Субая билан. Сурат 27 февраль куни Спитамен туманининг Тағояк қишлоғида олинган. [Негматулло Мирсаидов]

ХЎЖАНД, Тожикистон – Тожик жангарисининг аёли Оқила Ўроқова Афғонистонга келиб, нотаниш мамлакатда уч фарзанди билан ёлғиз қолгач, уйига қайтиш йўлларини излаган.

«Биз қайғу, азоб-уқубат ва умидсизликдан бошқа нарса кўрганимиз йўқ. Бор-йўқ айбимиз – шариат қонунларига бўйсуниб, эрларимиз ортидан эргашганимиз», дейди Ўроқова Карвонсарой билан суҳбатда.

Сўғд вилоятининг Спитамен ва Истаравшан туманида яшаган Ўроқова бошқа бир жангарининг рафиқаси Шафоатхон Ҳамидова билан вилоят телевидениеси эфирга тайёрлаган кўрсатувда чиқиш қилганлар. Улар турмуш ўртоқлари билан Афғонистон ва Покистондаги жанговар ҳаракатлар ҳудудларида сарсон-саргардонликда юриб, кўрган-кечирганларини сўзлаб берганлар.

Учинчи аёл ва унинг уч нафар фарзанди эса юртига қайтишга муваффақ бўлолмаган.

Муроджон Хўжамонов оддий меҳнат мигранти эди (сурат санаси номаълум). У радикал мафкура таъсирига тушгунигача заводда ва қурилишда ишлаган. (Хўжамоновлар оилавий архивидан)

Муроджон Хўжамонов оддий меҳнат мигранти эди (сурат санаси номаълум). У радикал мафкура таъсирига тушгунигача заводда ва қурилишда ишлаган. (Хўжамоновлар оилавий архивидан)

Шафоатхон Ҳамидова Покистонда туғилган фарзандлари - Фотима ва Зайнаб билан, Сўғд вилояти телевидениясининг лавҳасидан олинган кадр.

Шафоатхон Ҳамидова Покистонда туғилган фарзандлари - Фотима ва Зайнаб билан, Сўғд вилояти телевидениясининг лавҳасидан олинган кадр.

Январь ойи охирида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари афғон ҳукумати билан ҳамкорликда Ўроқова ва унинг уч фарзандини (икки нафари Покистонда туғилган) ватанига қайтарди. Шунингдек, Ҳомидова ҳам икки қизи билан Тожикистонга қайтарилган.

«Турмуш ўртоқларимиз Афғонистон ҳукумат кучлари томонидан қўлга олинганларидан сўнг, мен ва Шафоатхон ёш болаларимиз билан ёлғиз қолиб кетдик», деди Ўроқова. «Уч йиллик машаққатлар ва муҳтожлик бизни уйга қайтиш йўлларини излашга мажбур қилди.»

«Биз Пақтиядан Бадашхон вилоятига ўтдик. Мен отамга қўнғироқ қилдим, эримни афғон қамоқхонасидан Тожикистонга олиб кетишганини эшитгач, отамдан мени болаларим билан уйга олиб кетишини сўрадим.»

«Икки ой ўтиб, мен ва Шафоатхонни олиб кетиш учун оталаримиз келишди», деди у.

Меҳнат муҳожирлигидан жангариликка

Ўроқованинг қийинчиликлари бундан 10 йил олдин бошланган эди.

Хўжамоновлар оиласи учун, 18 минг аҳоли истиқомат қиладиган Спитамен тумани Тағояк қишлоғидаги бошқа оилалар сингари, четда меҳнат мигранти бўлиб ишлаш 2000 йиллар бошида бирдан-бир даромад манбаи эди.

Ўроқованинг турмуш ўртоғи Муроджон Хўжамонов 2005 йилдан бери ҳар йили Москва вилоятига қатнар, у ерда заводда, қурилишда ишлар ёки кўча супуриб пул топар эди.

У ўша ерда масжидга қатнай бошлади, кейинроқ эса экстремистик мафкура таъсирига тушиб қолди. Шу тариқа Хўжамонов Тожикистонга қайтгач, тақиқланган Туркистон ислом ҳаракати (Ўзбекистон Ислом Ҳаракати) сафига қўшилади.

Сўнгра, 2010 йил сентябрьда ўзини «Ансаруллоҳ жамоати» (АЖ) деб эълон қилган радикал диний ташкилот Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги полиция идорасида ҳудкушлик ҳужумини уюштирди. Бу воқеа ортидан оммавий ҳибслар бошланган эди.

Таъқиб остига олинганлар орасида АЖнинг Спитамен вилоятида яшовчи аъзолари ҳам бор эди.

Гумондорлар рўйхатида Хўжамонов ҳам бор эди, бу вақтда у Россияда бўлган. У Тожикистонга экстрадиция қилинишидан қўрқиб, оиласи билан Эрон орқали Покистонга қочди.

Лагерлардаги ҳаёт

Хўжамонов ва Ўроқова бир ярим яшар қизлари Фотима билан Москвадан Истамбулга учдилар, у ердан эса Эроннинг Машхад шаҳрига ўтдилар. Ёши сал каттароқ қизлари Мардона ва Субайяни эса бобоси ва бувиси билан Тожикистонга жўнатдилар.

Улар Машҳаддаги тожикистонлик ҳамюртларининг ёрдами билан Эроннинг Зоҳидон шаҳрига, сўнгра Покистоннинг Мироншоҳига етиб келдилар (бу ерда улар Ҳомидова ва унинг эри Олимжон Холматов билан учрашдилар). Охир-оқибат Покистоннинг Мир Али шаҳрига қадам қўйган оила у ерда тожик, ўзбек, чечен, уйғур, қозоқ ва араб миллатига мансуб бошқа жангариларни учратганлар.

Бу ерда Хўжамонов асосан тожикистонликлардан иборат бўлган «Ансаруллоҳ жамоати» аъзосига айланди. Покистоннинг Даган қишлоғи яқинида жанговар тайёргарликдан ўтди. Радикал гуруҳда ташкилотчилик кўникмаларига эга бўлгани учун уни «Оила амири» этиб тайинладилар.

2013 йилда Покистон ҳукумат кучлари тан олинмаган Вазиристон амирлигининг айирмачиларига қарши бир қатор махсус операцияларни ўтказди, бу гуруҳ сафида Марказий Осиёлик жангарилар ҳам бор эди.

Хўжамонов, Холматов ва бошқа жангарилар оилалари билан Афғонистоннинг Пақтия вилоятига қочганлар.

Тожикистонга қайтиш

Аёлининг айтишича, Хўжамонов қурол олиб юрган бўлса-да, жангларда қатнашмаган.

2015 йилнинг 14 ноябрь куни афғон ҳарбийлари АҚШ махсус кучлари кўмагида Пақтия вилоятида толибонларга қарш рейд ўтказиб, Хўжамонов билан унинг гуруҳига тўқнаш келишган.

Хўжамонов ва Холматов афғон кучларига таслим бўлдилар, натижада нафақат ўзлари, балки аёллари ва фарзандларининг ҳаётини сақлаб қолдилар.

Гуруҳ сафида бўлган яна бир тожик фуқароси – Абдуманнон Ёқубов қаршилик кўрсатишга уринган вақтида ўлдирилган. Кейинроқ, унинг аёли уч нафар боласи билан уйида ўзини портлатган.

Воқеада уларнинг 10 яшар ўғли – Билонгина омон қолган.

Ҳомидова уни ўз қарамоғига олди ва уйига олиб келди. Тожикистонга қайтгача, болани Истаравшанда яшайдиган бобоси ихтиёрига топширади.

2017 йилнинг июлида Афғонистоннинг Парван вилояти суди Хўжамоновни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Афғонистон расмийлари уни ўтган йил августда Тожикистонга экстрадиция қилганлар.

Спитамен туман суди Хўжамонов ишини кўриб чиқишни якунламоқда ва жазо муддатига етти йил қўшиб бериши мумкин. Аксинча, муддат камайтирилиши ҳам мумкин, деди Спитамен туман суди судяси Лойиқшо Зикриддинзода.

«Хўжамонов ишида айбни енгиллатувчи бир нечта ҳолатлар мавжуд, бу унинг чин дилдан иқрор бўлгани, ёш фарзандлари борлиги, Покистон ва Афғонистондан тожикистонлик фуқароларни қайтариш операциясида фаол ҳамкорлик қилганидир», деди у Карвонсарой нашрига. «Бу омиллар инобатга олинади.»

Холматов ҳам ЖАга аъзоликда айбланиб, Спитамен туманида судланмоқда.

Фуқароларни уйларига қайтариш

Шу билан бирга, Тожикистон ҳукумати экстремистик гурҳларга қўшилиш учун чет элга жўнаб кетган фуқароларни қайтаришда давом этмоқда.

Январь ойининг ўзида эктремистик ташкилотлар, жумладан «Ислом давлатига» (ИД) аъзоликда айбланган тўққиз нафар тожикистонлик чет элдан қайтиб келган. Бу ҳақда Сўғд полицияси хабар берган.

Уларнинг тўққизови ҳам афв этилди, «сабаби улар ўз ихтиёри билан қайтган ва қилган ишидан пушаймон», деди Сўғд полицияси бошлиғи Қудратулло Бобо Назарзода 12 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, 2018 йилда чет элдаги урушларда иштирок этган 99 тожикистонлик ватанига қайтган. Ҳукумат маълумотларида эса 2015 йилдан бери чет элда жанг қилган 188 та фуқаро уйга қайтгани айтилади.

«Биз фуқароларимизни низоли ҳудудлардан қайтариш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз. Буни амалга оширишда энг аввало ота-оналар, уларнинг фарзандларига таъсири, ОАВ ва ижтимоий ташкилотлар ёрдамига умид қиламиз», Назарзода.

Тожикистонлик таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, қайтганлар билан доим ишлаш керак бўлади.

«Нима бўлганда ҳам уларни қаҳрамонга айлантириб, хатти-ҳаракатларини оқлашимиз керак эмас», деди Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Шерали Ризоиён Карвонсарой нашрига.

«Табиийки, уларни жамиятдан ажратиш ҳам ярамайди», деди у. «Агар жамият уларни қабул қилмаса, улар радикал йўлдан бориб, ўз исёнларини давом эттиришлари хавфи мавжуд.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500