http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/03/30/feature-01
| Дипломатия

Жаҳоннинг қудратли давлатлари Толибонни музокара йўлини танлашга чақирмоқда

Максим Енисеев

Тошкент анжумани қатнашчилари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлларини муҳокама қилмоқдалар, 27 март. (Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати)

ТОШКЕНТ – Афғонистон келажагига оид халқаро анжуман Толибонга йўлланган аниқ хабар билан якунланди: тинчлик музокаралари ўтказиш имкониятини қўлдан чиқариш ёки бунинг оқибатларига тайёр бўлиш.

«Тинчлик жараёни, хавфсизлик бўйича ҳамкорлик ва минтақавий алоқалар» деб номланган анжуман 26-27 март кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтди. 20 дан ортиқ давлатлар ва ташкилотлар вакиллариташриф буюрган анжуман Толибон иштирокисиз ўтган.

Иштирокчилар «Тошкент декларацияси»ни қабул қилиш орқалиАфғонистондаги тинчлик жараёнига оид якдил келишувга эришдилар.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани (чапда) ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон масаласига бағишланган анжуман чоғида қўл сиқишмоқдалар. Тошкент, 2018 йил, 27 март. (Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати)

АҚШ ва Ўзбекистон делегациялари (чапда ва ўнгда) 27 март куни Тошкентда минтақавий ҳамкорлик ва Афғонистон масаласини муҳокама қилмоқдалар. (Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати)

Декларация Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан 28 февраль куни эълон қилинган, Толибонларга сиёсий партия тузишга имкон берувчи тинчлик режасига таянган ҳолда «Афғонистон Миллий бирлиги ҳукуматининг Толибонлар билан дастлабки шартларсиз бевосита музокарага киришиш таклифини» тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Декларациянинг кириш қисмида баён этилган сўзларга кўра, «Афғонистон раҳбарлигидаги ва афғонистонликларга тегишли сиёсий келишув» урушнинг барҳам топишида муҳим аҳамият касб этади.

Декларация катта ва кичик, узоқ ва яқин давлатлар – Ўзбекистон, Афғонистон, Америка Қўшма Штатлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Япония, Қатар, Россия, Туркия, Саудия Арабистони, Покистон, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан имзоланди.

Анжуман якунида иштирокчилар Толибонларни музокараларга қўшилишга чақирдилар.

Ўзбекистон «Афғонистон ҳукумати ва Толибонлар ўртасида ўтказилажак бевосита музокараларга» мезбонлик қилишга тайёр, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Толибонлар учун қўлдан бой берилган имконият

Бир неча чақириқларга қарамай, Толибонлар анжуманда иштирок этмадилар, бу иштирокчилар ва кузатувчилар томонидан қайд этилди.

«Толибон вакиллари бугун ҳам, эртага ҳам анжуманда иштирок этмайдилар», деб хабар берди 26 март куни тадбир матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаев Карвонсарой нашрига. «Аммо, менимча улар анжуман натижаларидан хабардор бўлишади.»

«Биз аввалдан Толибонлар анжуманга ҳеч кимни юбормаслиги мумкинлигини тушунган эдик», деди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев.

«2016 йилнинг май ойида Балужистонда олий қўмондон Мулла Аҳтар Муҳаммад Мансурнинг ўлимидан сўнг, Толибон ўзи учун раҳбар танлашда жиддий муаммоларга дуч келди», деди у. «Аммо анжуман улар учун аниқ, кучли белги бўлиши керак... Келаси сафар халқаро ҳамжамият Толибонларга ёрдам қўлини чўзмаслиги мумкин.»

Афғонистонлик кузатувчилар Толибонларнинг тинчликка эришиш имкониятини қўлдан бой берганини эътироф этмоқдалар.

«Тошкент саммити Толибонларга Афғонистон ҳукумати ва дунё билан ўз талабларини муҳокама қилиш учун ажойиб имконият эди», деди Волеси Жирға (Афғонистон парламентининг қуйи палатаси) аъзоси Закария Закария Карвонсарой нашрига.

«Афсус, улар бу имкониятни бой бердилар, аммо бу ҳақда ўйлаб кўришга ҳали вақт бор», деди у.

Толибон учун огоҳлантиришлар

Мирзиёев анжуманни «барча ташқи манфаатдор кучларнинг бир овоздан ва қатъият билан қуролланган мухолифатни музокарага чақириши» дея таърифлади.

Толибон музокарадан бош тортадиган бўлса, халқаро ҳамжамиятнинг унга қарши курашдан бошқа чораси қолмайди, деб огоҳлантирди анжуманда қатнашган АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон.

«Мулоқот ва сулҳ йўлини танланг. Тинчлик ўрнатишга жасорат топинг», деди Европа Иттифоқининг бош дипломати Федерика Могерини ўз нутқида ЕИ матбуот хизмати хабарига кўра.

«Музокара – ягона ечим», деди кобуллик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Ҳашемий Карвонсарой нашрига. «Афғонистон ҳукумати тинчлик музокараларини ўтказиш учун ягона манзил. Толибонлар ҳукумат таклифини ва Тошкент декларациясини қабул қилса, иккала томон ҳам бундан ютади.»

Тошкент анжуманидан сўнг тинчликка эриша олмаслик Афғонистон учун хавфли бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди Ғани. Бу билан у мамлакатда мавжуд бўлган «Ислом давлати» (ИД) гуруҳини назарда тутган. Бу гуруҳ билан ҳатто Толибон ҳам келиша олмайди.

«Афғонистонда тахминан 2000 нафар ИД жангарилари бор», деди Ғани анжуман чоғида. «Толибонлар жамиятимизга қўшила олиши учун курашишимиз керак. Шу йўл орқали биз террорчилик таҳдидларига диққатимизни қарата оламиз.»

Ғани чақириғига жавобан, Тошкент декларацияси Толибонларни «халқаро терроризм, жумладан Ал-Қоида, ИД ва бошқа халқаро террорчилик тармоқлари билан алоқаларни» узишга чақиради.

(Ушбу мақолани тайёрлашга Кобулдан Сулаймон кўмаклашган.)

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha