ОСТОНА – Ўтган жума, 6 июль куни Қозоғистонда Остона шаҳрига пойтахт мақоми берилганининг 20 йиллик санаси мамлакат бўйлаб кенг миқёсда байрам қилинди.
Остона 1997 йилнинг декабрь ойида Олмаота ўрнига пойтахт деб эълон қилинган эди.
AFP агентлиги хабарига кўра, Остона ва Олмаотада «Пойтахт куни» тадбирлари ўтказилиши муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Остонада кун давомида турли байрам тадбирлари ўтказилди, жумладан, шаҳар майдонида қозоғистонлик ижрочиларнинг чиқишлари, кўча рақслари намойиш этилди, бепул музқаймоқ тарқатилди, пуфлаб чалинадиган мусиқа асбоблари концерти ва бошқа ўнлаб тадбирлар бўлиб ўтди.
«Бу сира тугамайдиган байрамга ўхшайди», дейди остоналик 30 яшар Нурлан Жорасбаев Карвонсарой нашрига. «Биз турли жойларни айланиб юрибмиз. Концертга бордик, соҳил бўйида бўлдик. Энди эса кечки мушакбозликни кутяпмиз.»
Жума кунги байрам тантаналари давомида Остона кўпкари ўйинлари (эчки танаси билан ўйналадиган кўчманчилар ўйини, улоқ номи билан ҳам танилган), халқаро мусиқий фестивал ва бошқа тадбирларга мезбонлик қилди. Остона халқаро молия маркази (АИФC) 5 июль куни ўз эшикларини очди.
Президент Нурсултон Назарбоев энергияга бой иқтисодиётга халқаро инвестициялар ҳажмини ошириш мақсадида ташкил этилган Остона халқаро молия марказининг очилишига бош-қош бўлди.
Назарбоев ушбу марказни постсовет ҳудудда мислсиз деб атади, сабаби у инглиз ҳуқуқшунослиги асосидаги мустақил ҳуқуқ тизимига таяниб фаолият юритади ҳамда Англия ва Уэлснинг собиқ бош судьяси Лорд Гаррй Вулф томонидан назорат қилинади.