ОСТОНА – Яқинда Қозоғистоннинг шовқин-суронли пойтахти Остонада яратилган граффити суратлари маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Кўча санъати яқиндан бери Марказий Осиё бўйлаб оммалаша бошлаган. Қозоғистон шаҳарлари ва вилоятларидаги кўпгина рассомлар ўзлари яшайдиган жойларни ижодлари билан безамоқдалар, уларнинг айримлари маҳаллий ва миллий мавзуларда ишланган.
Илк суратлар шаҳарнинг Сариарка тумани ҳокимияти ташкиллаштирган «Urban Art Astana - 2018» мусобақаси доирасида чизилган эди. Мусобақа шаҳар аҳолисини санъатнинг мазкур тури билан таништириш мақсадида ўтказилган.
«Ариза топширганларнинг 70 тасидан шаҳарнинг турли жойларида чизиладиган 26 та эскиз танлаб олинди», дейилган мусобақа вебсайтида.
Рассомлар граффити асарларини тураржой биноларига чизишган. Улар тунда проекторлар ёрдамида деворларга чизмалар чизиб, кундузи эса уларни бўяйдилар.
Дам олиш кунлари гидлар сайёҳларга граффитиларни кўрсатадилар, хоҳловчилар у ерда суратга тушишлари мумкин.
«Бу каби қизиқарли тур учун раҳмат! Барча санъат асарлари ўзига хос, мислсиз ва илиқ руҳда бажарилган. Улар менга шу даражада кўтаринкилик бахш этганидан, уйимдаги деворларга ҳам расм солишни хоҳлаб қолдим», деди онлайн изоҳ қолдирган тур иштирокчилардан бири.
Суратлар тақдимоти 6 июль – Остона 1997 йил декабрда мамлакат пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирлари олдидан режалаштирилган эди.
Безатилган биноларнинг суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалди, изоҳ қолдирганларнинг аксарияти ўз таҳсинларни ифода этганлар.
Суратлар остида «Раҳмат, сиз шаҳарни жонлантирдингиз!», «Бундай гўзалликлар кўпайса янаям яхши бўларди», «Зўр лойиҳа! Яхши иш!», «Чиройли!» каби изоҳлар ёзиб қолдирилди.
«Бу ажойиб. Бу каби гўзаллик одамларга кўтаринки кайфият бахш этади», дейди остоналик 32 яшар Айгерим Есмахова Карвонсарой нашрига.