ОСТОНА – Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ички ишлар ходимларини ҳуқуқшунослик университетларини битирганлар билан алмаштириб, Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тизимида катта ислоҳотлар ўтказишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Назарбоев 23 август куни Атирау вилоятида ҳукумат расмийлари билан учрашувида айтиб ўтган, деб хабар беради Мой Город (Менинг шаҳрим) янгиликлар сайти.
«Бутун дунёда полициячилар одамларга дўст, аммо биз учун улар ким?», дея риторик савол берди Назарбоев.
У Грузияда 2004-2007 йилларда Михаил Саакашвилининг биринчи президентлик муддати давомида ички ишлар тизимида олиб борилган ислоҳотларни мисол қилиб келтирган.
«Грузияда ҳукумат барча полициячиларни лавозимидан озод қилиб, ҳуқуқшуносларни ишга олди ва бу тизимда тартиб ўрнатди», деди у. «Мен ҳам ҳозир шу ҳақда ўйлаяпман. Қўлида дипломи бор қанча юристлар ишсиз юрибди. Менимча, биз Грузиядан намуна олишимиз керак...»
Ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар: жамоатчилик талаби
Қозоғистонда ички ишлар ходимлари фаолиятидан норозилик 19 июль куни Олмаотада Қозоғистоннинг медал олган биринчи фигурали учувчиси Денис Тен ўлдирилганидан сўнг кучайган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари икки нафар гумондорни қўлга олганлар. Тен машинасининг ён ойналарини ўғирламоқчи бўлган шахсларни тўхтатишга уринган пайт пичоқланган эди.
Ички ишлар идоралари мамлакатнинг молиявий пойтахтида машҳур спортчини ёки унинг мулкини ҳимоя қилишга қодир бўла олмагани оммавий ахборот воситаларида кўплаб норозиликларни келтириб чиқарди. Кенг жамоатчилик ҳуқуқ-тартибот органларини самарасиз фаолияти учун танқид остига олиб, жиддий ўзгаришларни талаб қилди.
Бироқ, юридик олий таълим муассасаларининг битирувчиларидангина иборат бўладиган полиция тузиш ғоясини кўпчилик қўллаб-қувватламаяпти.
Олмаоталик адвокат Жохар Утебековнинг фикрича, фақат юристлардан иборат полиция кучларини ташкил этиш ўрнига, баҳайбат ИИВдан айрим қисмларни ажратиб олиш мақсадга мувофиқ.
У жиноятчиликка қарши курашга алоқадор бўлмаган бўлинмаларни тизимдан чиқариб ташлашни таклиф қилган. «Иммиграция, жазони ижро этиш, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар, қоғозбозлик билан шуғулланувчи бўлимлар ва ҳ.к.лар шулар жумласидандир.»
«Полиция сафида юксак ахлоқий тамойиллар ва аъло даражадаги жисмоний тайёргарликка эга инсонлар ишлаши керак», деди у Карвонсаройга. «Ҳуқуқшунослик бўйича олий маълумот эса қўшимча афзаллик бўлиши мумкин.»
Шу билан бирга, Утебеков мамлакат бўйлаб барча ички ишлар идораларини текшириш ва бу тизимда ишлашга нолойиқ бўлган ходимларни ишдан бўшатишга чақирган.
Ўзгаришлар яқин
Назарбоев бошчилигидаги мамлакат Хавфсизлиги Кенгаши ИИВдаги ислоҳотларни мувофиқлаштирмоқда.
Бир вақтнинг ўзида ИИВ ўз фаолиятини яхшилашга уринмоқда. Теннинг ўлдирилиши натижасида полициянинг обрўсига путур етган Олмаотада яқинда қабул қилинган икки ислоҳот кучга киритилди.
6 август куни Олмаота полицияси шаҳардаги идораларини ўраб турган панжараларни олиб ташлаб, фуқаролар учун қулай кутиш хоналарини ташкил этиши ҳақида маълум қилганди.
Кейинроқ, 16 август куни улар кўчалар ва уйлар атрофида патруль назоратини кучайтирганлар.
Утебековнинг ўзини ишдан бўшатиш керак.
Жавоб беришФикрлар 1