БИШКЕК – Қирғизистон, кузатувчиларга кўра, фуқаролар ва ташкилотларга таҳдид солиши мумкин бўлган киберхавфсизлик муаммоларини ҳал этишга қаратилган янги стратегия ҳақида эълон қилди.
14 декабр куни Алоқа ва ахборот технологиялари давлат қўмитаси Бишкек шаҳрида «Қирғизистоннинг 2019-2023 йиллар учун киберхавфсизлик стратегияси» тақдимотини ўтказди.
Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши ҳамда маҳаллий ва халқаро мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ҳужжатда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича махсус давлат агентлигини ташкил этиш таклиф қилинган.
Қирғизистон ахборот технологиялари тизимига ўтишда муайян хатарларга дуч келмоқда, деб айтди стратегия тақдимоти чоғида Бош вазир ўринбосари Жениш Разаков.
«Давлат ва корпоратив кибержосуслик компаниялари, шунингдек, зарарли дастурлар орқали амалга оширилувчи шахсий маълумотларни йиғиш амалиётлари кенг тарқалди», деди у.
Дастурнинг мақсади фуқаролар, бизнес ҳамжамияти ва давлатни ҳимоя қилишдан иборат, деди қўмитанинг киберхавфсизлик бўйича бош мутахассиси Бибигул Абдилдаева тақдимот давомида.
Мазкур сиёсат «миллий иқтисодиётдаги рақамли ўзгаришларни таъминлаш ва фуқароларга замонавий электрон хизматлардан фойдаланишга имкон беради», деди Раззаков.
Кўп сонли кибертаҳдидлар
Кибертаҳдидлар Қирғизистон учун жиддий муаммога айланган, дейди Бишкекдаги компьютер техникасига хизмат кўрсатишга ихтисослашган ITEC компанияси раҳбари Иля Сергиенко.
Унинг сўзларига кўра, қирғизистонликлар кўп ҳолларда «тузоқ» мактублар орқали уларнинг уйдаги компьютерларини бузиб, шахсий маълумотларни ўғирлайдиган хакерларнинг хатти-ҳаракатларидан азият чекадилар.
«Жиноятчилар жабрдийдаларнинг ёзишмаларини эмас, балки электрон почта орқали кириш имкони бўлган банк ҳисобрақамларини қўлга киритишга уринадилар», - деди Сергиенко Карвонсаройга.
«Банклар ўзларининг молиявий тизимларини юқори даражадаги ҳимоя билан таъминлай олади, аммо бу ҳимоя эҳтиёт чораларини кўрмайдиган фойдаланувчилар сабабли заифлашади», деди у.
Киберҳужумга учраган молия ва кредит муассасалари кўпинча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмайдилар, сабаби Қирғизистон полициясида бундай ҳолатларни тергов қилиш учун тажриба ва техник имкониятлар мавжуд эмас, - деди Қирғизистон банкларидан бирининг ахборот технологиялари бўйича мутахассиси Эмил Тагаев.
«Хакерлар давлат порталларини, жумладан, вазирликлар веб-сайтларини ҳам бузиб киришлари мумкин, бироқ у ердан бирор қимматли маълумотларни ўғирлай олмайдилар – биздаги ташкилотлар давлат аҳамиятига эга маълумотларни электрон шаклда сақламайди, деди у Карвонсаройга.
«Аммо жиноятчилар ўз қурбонларига вазирлик доменидан махфий маълумотларни сўраб хабар юбора оладилар, бу эса хавфли бўлиши мумкин», деди у.