Карвонсарой
Технология

Қозоғистон-Россия қўшма киберхавфсизлик лойиҳасининг тўхтатилгани узилиш кучайиб бораётганидан дарак бермоқда

Канат Алтинбаев

Остонадаги «Транстелеком» компанияси биноси, 3 ноябр. Яқинда компания Россиянинг «Бизон» фирмаси билан киберхавфсизликка оид ҳамкорликни тўхтатгани хабар қилинди. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Остонадаги «Транстелеком» компанияси биноси, 3 ноябр. Яқинда компания Россиянинг «Бизон» фирмаси билан киберхавфсизликка оид ҳамкорликни тўхтатгани хабар қилинди. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Қозоғистон ва Россиянинг киберхавфсизлик соҳасидаги қўшма лойиҳасининг тўхтатилиши икки давлат бир-биридан тобора узоқлашиб бораётганидан дарак беради, дейди таҳлилчилар.

Қозоғистоннинг энг йирик алоқа операторларидан бири – «Транстелеком» ва Россиянинг «Бизон» компанияси ўртасидаги киберхавфсизликка оид қўшма лойиҳа музлатилгани маълум қилинди, деб хабар беради «Коммерсант» 31 октябр куни.

Ижроси учун тахминан 2,4 миллиард рубл (39 миллион доллар) сарфланган олти йиллик лойиҳа 2019 йилда «нохуш ҳодисаларни мониторинг қилиш ва тезкор чора кўриш марказларининг билим ва тажрибасини бирлаштириш» ҳамда Қозоғистонда «кибертаҳдидлардан ҳимояни» автоматлаштириш учун булутли ечим яратиш мақсадида ишга туширилган эди.

Қозоғистоннинг лойиҳадан воз кечишига июл ойига қадар «Бизон»га эгалик қилган «Сбербанк»га нисбатан жорий этилган санкциялар, шунингдек, «умумий геосиёсий вазият» сабаб бўлди, деб ёзади «Коммерсант» таҳлилчиларга таяниб.

31 октябр куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Остонада қозоғистонлик ҳамкасби Мухтар Тилеуберди билан учрашди. [Стрингер/AFP]

31 октябр куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Остонада қозоғистонлик ҳамкасби Мухтар Тилеуберди билан учрашди. [Стрингер/AFP]

«Сбербанк» Кремлнинг Украинага босқини туфайли Ғарб давлатларининг санкциялари остига тушган Россия ташкилотларидан биридир.

Қозоғистон россиялик ҳамкорни ахборот хавфсизлигига оид ечимлар таклиф қилувчи бошқа компанияга бемалол алмаштириши мумкин – Қозоғистонда улар етарлича, дейилади мақолада.

Қозоғистон ҳукумати билан алоқадор бўлган «Транстелеком» телекоммуникация, рақамлаштириш ва ахборот технологиялари (IT), алоқа, автоматлаштириш ва энергетика соҳаларида тизим интеграцияси масалалари билан шуғулланади.

Компания Қозоғистоннинг рақамлаштириш бўйича давлат дастури доирасида қатор лойиҳаларни амалга оширган.

Ўз баёнотида «Бизон» билан лойиҳа музлатилганини рад этган «Транстелеком» 2019 йилда бошланган тегишли қўшма лойиҳалар амалга ошириб бўлинганини маълум қилган.

Ришталарнинг узилиши

«Қозоғистон Украинада жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери «Сбербанк» ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни тўхтатиб қўйди», деб айтган Москвадаги «ПИР-Центр» таҳлил маркази маслаҳатчиси Олег Шакиров «Коммерсант» нашридаги мақолада.

Апрел ойида Қозоғистон, шунингдек, электрон ҳукумат платформасини яратиш бўйича Кремлга яқин банк билан келишувни бекор қилган, деб қўшимча қилди Шакиров.

Тегишли ҳамкорлик шартномаси 2021 йил сентябр ойида тузилган эди.

Битим шартларига кўра, «Сбер» барча давлат идораларининг маълумотлар базаларини ягона платформага улаши керак эди, яъни Россия банки қозоғистонликларнинг шахсий маълумотлари, жумладан, тиббий маълумотлар, уй манзиллари, мол-мулк ва солиқ тўловларига оид маълумотларни қўлга киритиши мумкин эди.

Ҳамкорлик ҳақидаги хабар қозоғистонликларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Улар ҳукуматнинг хорижий компанияга Қозоғистоннинг стратегик аҳамиятга эга давлат маълумотларига киришига рухсат бериш режаларини танқид остига олдилар.

«Бу мисоллар Қозоғистоннинг ўзи учун нохуш оқибатлардан қочиш мақсадида (Россиядан) узоқлашаётганини кўрсатади», деди Шакиров.

IT-мутахассисларнинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг «узоқлашишига» Россиянинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Россия тажовузкор давлатга айланганидан кейин вазият ўзгарди, дейди Astana Hub халқаро технопаркининг IT-дастурчиси Қайсар Исенов.

Устига устак, сўнгги йилларда россиялик депутутлар Марказий Осиёдаги ушбу республиканинг суверенитети ва давлатчилигини шубҳа остига олиб, Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари тарихан Россияга қарашли бўлгани ҳақидаги таҳдидли баёнотлар билан чиқишмоқда, деди Исенов.

Россияликларнинг бундай риторикаси «Россия таъсиридан халос бўлиб, ўз йўлидан кетишга интилаётган Қозоғистон учун Ғарб давлатлари билан яқин ҳамкорликни хаёлимизга ҳам келтирмаслигимиз кераклиги ҳақида очиқ огоҳлантиришдир», деди у. «Бу – дўст, иттифоқчи ва шерикнинг риторикаси эмас.»

«Остона миллий киберхавфсизликни таъминлаш учун оқилона чоралар кўраётгани ажабланарли эмас», деб қўшимча қилди у.

Янги таҳдидлар ва хатарлар

Таҳлилчиларга кўра, Москва билан ҳамкорлик Қозоғистон киберхавфсизлигини хавф остига қўймоқда – Остона Россиянинг Украинага босқини ортидан бунга жиддийроқ эътибор қарата бошлаган.

Октябр ойида Қозоғистон ҳукумати мамлакат ҳарбий доктринасига кенг кўламли ўзгартиришлар киритди – мудофаа вазирлигига кўра, бу унинг «ҳарбий хавфсизлик ва мудофаани таъминлаш борасидаги қарашларини замонавий эҳтиёж ва шароитларга мослаштириш имконини беради ҳамда янги таҳдид ва хатарларга муносиб қарши тура олиши учун мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини оширади».

Кузатувчиларга кўра, кўплаб тузатишлар Россия томонидан миллий хавфсизликка таҳдидлар кучайганини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Масалан, янгиланган ҳарбий доктринада «мамлакатни беқарорлаштириш, унинг ҳарбий ва ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини заифлаштириш мақсадида давлат қуролли кучларининг ахборот тизимлари ва мамлакатнинг кундалик фаолиятини таъминлаш тизимларига [киберҳужумлар]» таҳдиди алоҳида қайд этилган.

«Россия ўз манфаатларига эга бошқа давлат бўла туриб, унинг мутахассислари бизнинг киберхавфсизлик билан шуғулланса», дейди Қозоғистоннинг «Зерде» миллий ахборот-коммуникация холдингининг собиқ директори, киберхавфсизлик бўйича олмаоталик таҳлилчи Арман Абдурасулов «Бизон» билан ҳамкорликдаги лойиҳани назарда тутиб.

«Шундай экан, биз маҳаллий компетенцияни ривожлантиришга эътибор қаратишимиз керак», деди у.

Россия билан IT соҳасидаги ҳамкорлик кутилган натижани бермади, деб қўшимча қилди у.

Россия киберхавфсизлик соҳасида сезиларли ресурсларга эга бўлса ҳам, «биз билан тажриба алишмайди. Улар бу ерда шунчаки пул ишлаб кетишади», деди у.

Бунинг ўрнига Қозоғистон Германия каби Ғарб давлатлари билан алоқа ўрнатишга интилмоқда.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок яшил энергия соҳасида янада яқинроқ иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилиш учун октябр ойи охирида Остонага келган.

«Қозоғистон бир неча бор халқаро тартибни қўллаб-қувватлашини очиқ айтди», деди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Россия босқинини қораловчи резолюцияга овоз бериш чоғида Остона Москванинг тарафини олмаганини таъкидлаган Бербок. Қозоғистон март ойида бу масала бўйича овоз беришда бетараф қолган эди.

Германия, Россия ва Хитойдан фарқли ўлароқ, тенг ҳуқуқли муносабатларни таклиф қилади, деди Бербок.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тўғри, Россиянинг ўрнига Ғарб билан ҳамкорлик қилишимиз керак.

Жавоб бериш