ТОШКEНТ – Сиёсий ва бизнес етакчилар ҳамда иқтисодчилар ҳамкорлик ва иқтисодий ўсишни яхшилаш масалаларини муҳокама қилиш учун 12-14 июнь кунлари Тошкентдаги олтинчи йиллик CАМCА (Марказий Осиё - Мўғулистон - Кавказ - Афғонистон) минтақавий форумига йиғилдилар.
Форум «Марказий Осиё ва Кавказда иқтисодий ўсиш ва ижтимоий тараққиётни рағбатлантириш йўлларини минтақавий даражада муҳокама қилиш учун тузилган нодавлат ва нопартиявий тармоқдир», дейилади баёнотда.
Тадбир ташкилотчиларининг сўзларига кўра, тармоқ аъзолари эркин бозорлар, муносиб бошқарув, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига содиқликни юқори баҳолайдилар.
Бу каби қадриятларни тарғиб қилиш экстремизмнинг кучайишига қарши кураш усулларидан биридир.
CAMCA форуми Рамсфельд фонди томонидан АҚШда ўтказиладиган «Central Asia-Caucasus Fellowship» дастури битирувчилари ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ институти ташаббуси билан ташкил этилди.
У САМСАга аъзо Жанубий Кавказдан Мўғулистонгача бўлган 10 та мамлакат вакилларини юзага келаётган минтақавий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида бирлаштириш учун илк платформалардан бири сифатида ташкил этилган», дейилади Рамсфельд фондининг баёнотида.
Тошкентдаги форумга 20 мамлакатдан келган 300 дан ортиқ иштирокчи, жумладан йирик компанияларнинг бош директорлари, элчилар, вазирлар, профессорлар ва бошқа делегатлар йиғилдилар.
«2014 йилда асос солинганидан бери, форум 25 мамлакат ва 150 та компания номидан иштирок этган 160 дан ортиқ маърузачи ва юзлаб қатнашчиларни ўзида жамлади», дейилади хабарда.
Ўтган йиллар давомида форумга Қозоғистон, Мўғулистон, Грузия, Тожикистон ва Озарбайжон мезбонлик қилган.
Муштарак манфаатлар ва интилишлар
Бу йил Тошкентдаги форум «Умумий манфаатлар, умумий интилишлар» мавзуси остида ўтказилди.
Форум мажлисларида савдо, транспорт ва транзит, минтақавий бизнес ва сармоя, тадбиркорлик ва инновация каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонидан тадбирда адлия вазири Русланбек Давлетов ва сенатор Содиқ Сафоев иштирок этди.
Хорижлик маърузачилар орасида Марказий Осиё-Кавказ институти раҳбари Фредерик Старр, Грузия собиқ бош вазири Георгий Квирикашвили ва Озарбайжон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳафиз Пашаевлар бор эди.
«САМСА доирасидаги ички минтақавий савдо» деб номланган давра суҳбатида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев, афғонистонлик тадбиркор Асадулла Замир, Сенатнинг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси Алишев Қурмонов ва Ислом тараққиёт банки вакили Ҳусан Ҳасановлар иштирок этдилар.
Форум доирасида шунингдек, «CAMCA мамлакатларига сифатли инвестицияларни нималар жалб қилади?» ва «Афғонистон: ички минтақавий савдо ва инвестицияларнинг янги омилими?» деб номланган секция мажлислари ҳам бўлиб ўтди.
АҚШлик иқтисодчи Артур Лаффер тадбирнинг асосий маърузачиси бўлди.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар
Ўзбекистонда миллий давлатчилик ва ислоҳотлар: регионализмни ҳаракатлантирувчи кучми?» деб номланган давра суҳбатида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама этилди.
Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётдаги ролини чеклаши, иқтисодиётни либераллаштириш ва бизнес учун шароитларни яхшилашни давом эттириши зарур, деди форумда сўзга чиққан ўзбекистонлик сенатор Содиқ Сафоев.
У энди Ўзбекистоннинг «ислоҳотларгача бўлган» ҳолатига қайтиши имконсиз эканлигини таъкидлади.
Ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хусусийлаштириш жараёнларини изоҳлар экан, Лаффер ҳукумат ўзи қодир бўлган нарсада муваффақият қозониш имкониятига эга бўлиши керак, деб айтган.
Ҳукуматлар темир йўллар, ҳаво йўллари ва қишлоқ хўжалигини хусусийлаштиришлари керак, чунки улар бизнесни самарали бошқаришга қодир эмас, дея таъкидлади у.
Тошкентлик тадбиркор, форум қатнашчиси Баҳодир Абдумаликов йиғилиш ва унинг якунларидан мамнун эканини айтди.
«Мен форум иштирокчилари фикрларини тинглашдек ажойиб имкониятга эга бўлдим», деди у интервьюсида. «Марказий Осиё ва Кавказдан жуда кўп зиёлилар билан учрашиш мумкин бўлган бу каби бошқа форумларни билмайман. Уларнинг барчаси куч-ғайратга тўла ва ўз мамлакатларини ривожлантириш иштиёқида ёнмоқда».