Карвонсарой
Иқтисодиёт

Кетма-кет мағлубиятлар ортидан ИД асосий молиявий манбалари ўрнини тўлдиришга уринмоқда

Холид Ал-Таий

Сурияда 2018 йилги ИДга қарши амалиётлар чоғида пана жойга қочаётган ИД аъзолари. [Файл]

Сурияда 2018 йилги ИДга қарши амалиётлар чоғида пана жойга қочаётган ИД аъзолари. [Файл]

«Ислом давлати» ўз қудратининг авж палласида нефть контрабандаси, банкларни талон-тарож қилиш, ўғирланган осори-атиқалар ва тенгсиз миллий бойликларни сотишдан мўмай даромад орттиришга улгурган.

Ироқ ва Сурия устидан ҳукмронлик қилган даврда гуруҳ нефть контрабандасининг ўзидан ҳар ойда қарийб 50 миллион доллар даромад қилган.

ИД Ироқнинг Мосул шаҳрини эгаллаган вақтида банклардан 500 миллион доллар тортиб олган, шунингдек, талон-тарож қилинган буюмлар савдоси 150 дан 200 миллион долларгача фойда келтирган.

Бир вақтлар ўзи ҳукмронлик қилган ҳудудлардан қувилган гуруҳ парокандаликка учради ва асосий даромад манбаларини йўқотгани сабаб молиявий қийинчиликларга дучор бўлди.

Нангарҳор вилоятининг Жалолобод шаҳридаги маҳаллий куч тузилмаларига таслим бўлган ИД жангарилари, Афғонистан, 17 ноябрь. (Холид Зерай)

Нангарҳор вилоятининг Жалолобод шаҳридаги маҳаллий куч тузилмаларига таслим бўлган ИД жангарилари, Афғонистан, 17 ноябрь. (Холид Зерай)

Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, гуруҳ эндиликда «анъанавий усуллар» билан муқобий молиялаштириш манбаларини излашга тушган.

ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимидан сўнг АҚШ молия вазирининг терроризмни молиялаштиришга оид масалалар бўйича ёрдамчиси Маршалл Биллингсли ўтган ойда гуруҳнинг «марказлашган моделдан минтақавийроқ ёндашувга» ўтишни режалаштираётганини маълум қилган эди.

ИД жангарилари Ироқ ва Суриядан ташқаридаги махфий тармоқларга таянмоқда, у ерда назорат ва кузатув босими анча кам, дейди ироқлик сиёсий таҳлилчи Ияд ал-Анбар.

«Улар зўравонлик, одам ўғирлаш, шантаж, мажбурий солиқлар ва тўловлар каби пул ишлашнинг содда усулларига қайтишган. Бу ўз ресурсларини йўқотган гуруҳ учун сўнгги чора бўлиши мумкин», деди у.

ИД хавфсизликка оид муаммолар ёки доимий низолар юз бериб турадиган Африка ва Осиёда ўз фаолиятини қайта тиклаш учун хавфсиз жой изламоқда, деди у.

ИД Афғонистонда ўзига хавфсиз макон топа олмади. Афғонистон хавфсизлик кучлари ва НАТО бошқарувидаги Қатъий кўмак миссияси йиллар давомида биргаликда олиб борган ҳарбий операциялардан сўнг, ИД ноябрь ойида бу ҳудудда ўз мағлубиятини тан олди, 1500 га яқин жангари ва уларнинг оила аъзолари ҳарбий кучларга таслим бўлдилар.

Ал-Анбарнинг сўзларига кўра, гуруҳ қаерга тўпланмасин, молиявий муаммолардан қочиб қутулолмайди, чунки глобал валюта тизими террорчиликни молиялаштирувчи барча манбалар, жумладан «анъанавий усулларини» аниқлашга оид чораларни фаоллаштирган.

АҚШ молия вазирлиги экстремистик гуруҳларни қўллаб-қувватловчи бир қатор ташкилот ва жисмоний шахсларни аниқлаган, уларнинг активларини музлатган ва пул ўтказмаларини блоклаган, деб айтди у.

Бу чора ИДга хайрия ниқоби остидаги махфий пул ўтказмалари орқали келган маблағ оқимини тўхтатди, деб қўшимча қилди у.

ИД молиявий манбаларининг тўсилиши

АҚШ санкциялари натижасида ИД ўзининг асосий молиявий таъминотчиларидан маҳрум бўлди, дейди хавфсизлик бўйича эксперт Жалил Халаф.

АҚШ ва халқаро ҳамжамиятнинг активлар ва банк ўтказмаларини кузатиш чоралари терроризмни молиялаштириш манбаларини тугатишга ёрдам берди, деди у.

Унинг қўшимча қилишича, «уруш вақтида Ироқ кучлари ва халқаро коалиция самолётлари Ироқ ва Сурияда кўплаб террорчилик ўчоқларини йўқ қилишга муваффақ бўлди. Улар нақд пул омборлари ҳамда нефть ва қимматбаҳо металларни контрабандаси марказлари бўлиб хизмат қилган.»

Яқинда «ИД»нинг кичик миқдорда даромад олиш ва маблағ йиғишга йўлидаги уринишлари «гуруҳнинг ҳалокат ёқасида экани ва ғазнаси бўшаб қолганинидан» дарак беради, деб таъкидлади Халаф.

Ҳозирги шароитда ИД катта маблағ тўплай олмайди, сабаби гуруҳ молиявий жиҳатдан синган, унинг ОАВ майдонидаги операциялари қийин кечмоқда, гуруҳ жангариларининг эса шашти сўниб бормоқда.

Гуруҳ жанговар операцияларни амалга оширишга қодир эмас, деди у.

Социолог Толиб Муҳаммад Каримнинг фикрича, гуруҳ жанговар лаёқатини йўқотгани сабабли ачинарли аҳволда қолмоқда.

«Тўпланган пул маблағлари уни энг бой экстремистик гуруҳлардан бирига айлантирган эди» деди у, «аммо бу бойликлар Ироқ ва халқаро шерикларнинг фавқулодда чоралари туфайли тезда барҳам топди».

Ноқонуний йўл билан қўлга киритилган маблағларга қарши кураш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар давом этмоқда, деди у.

Каримнинг қўшимча қилишича, ИД бундан кейин ҳам узоқроқ ҳудудларда муқобил даромад манбаларини излашда давом этиши мумкин. Шундай бўлса-да, у ўз изларини узоқ яшира олмайди, чунки халқаро ҳамжамиятнинг гуруҳни таъқиб этишга қаратилган чоралари такомиллашиб бормоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Xurmatli ekspertlar, qarorlar sizdan iltimos ID ning Markaziy Osiyo mintaqasida faoliyati to‘g‘risidagi ruslarning uydirma ‘‘xavotir qo‘zg‘atuvchi'' mulohazalariga qarshi ochiq tahliliy materiallar e‘lon qilsangiz. Avvaldan Raxmat. Xurmat bilan Shavkat

Жавоб бериш