Карвонсарой
Жамият

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари «Газпром» мактабининг ноқонуний эгаллаб олинишига қарши курашмоқчи

Канат Алтинбаев

Бишкекда «Газпром» томонидан барпо этилган янги мактаб, санасиз сурат. «Газпром» умумий ўрта таълим мактаби ўрнига қиммат хусусий мактаб қурган ва «20 фоиз ўқувчилар ногирон болалардан иборат бўлади» деган ваъдасида турмаган. (Файл)

Бишкекда «Газпром» томонидан барпо этилган янги мактаб, санасиз сурат. «Газпром» умумий ўрта таълим мактаби ўрнига қиммат хусусий мактаб қурган ва «20 фоиз ўқувчилар ногирон болалардан иборат бўлади» деган ваъдасида турмаган. (Файл)

БИШКЕК – Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Россия энергетика соҳаси гиганти – «Газпром» томонидан амалга оширилган айрим хатти-ҳаракатлар, жумладан «жамиятга қарши қаллоблик» ва энергетика соҳасидаги манфаатли келишувни бузиш кабиларга қарши курашни давом эттирмоқчи.

Бишкек суди бишкеклик ҳуқуқ фаолларининг даъво аризасини рад этган ҳолда, умумтаълим мактабини «Газпром»га топширишга оид баҳсли қарорни маъқуллади.

Ўтган йил ноябрь ойида «Бизнинг ҳуқуқимиз» («Наше право») нодавлат ташкилоти мактаб топширилишига қарши чиқиб судга ариза топширган эди. Мактаб Россия компаниясига топширилишини Бишкек ҳокимияти ҳам маъқуллаган.

Россиянинг энергетика гиганти томонидан қурилган мактаб ўтган йили очилган эди. Шу тариқа «Газпром» 2013 йилда Қирғизистоннинг энг йирик газ таъминотчиси – «Қирғизгаз»нинг 100 фоиз акцияларини рамзий 1 АҚШ долларига сотиб олишга оид талаблардан бирини бажарган.

Компания маҳаллий аҳолига ногирон ва кам таъминланган, ижтимоий ночор оилаларнинг фарзандлари бепул ўқийдиган ўта замонавий ўрта таълим мактаби қуриб беришни ваъда қилган. Шу билан бирга, у мамлакатларнинг турли шаҳарларида спорт ва таълим иншоотларини қуриб бериши ҳам керак эди.

Мактабнинг Бишкек ҳокимияти тасарруфида бўлиши кўзда тутилган эди.

Аммо ўтган йилнинг кузида ўз эшикларини очган «Газпром» мактаби атрофида можаро келиб чиқди. Маълум бўлишича, фарзандлари ўқишга қабул қилинган тақдирда, ота-оналар ҳар ой қирғизистонлик оиланинг қурби етмайдиган ҳақ тўлаши керак бўлган.

«Газпром» мактабида бир ойлик таълим ҳақи 22 минг қирғиз сўми (315 АҚШ доллари). Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилда Қирғизистондаги ўртача ойлик маош 16415 қирғиз сўми (235 АҚШ доллари) бўлган.

Фарзандларининг мактабга боришини интиқлик билан кутган аҳоли «Газпром»нинг бу ишини «жамиятга қарши фирибгарлик» деб атадилар. Ҳуқуқ фаоллари эса давлат таълим муассасасини хусусий ташкилотга топшириш ноқонуний эканлигини айтмоқда.

Ҳокимият мактаб фаолияти учун пул тўлай олмаслигини айтиб, уни «Газпром»га ўтказиб берди ва бу билан халқ ғазабини қўзғади.

Суд ўтган ҳафта қарор чиқарди, деб хабар берган Kaktus.media 7 февраль куни.

«Газпром»нинг ноқонуний ҳаракатлари

Суд мактабнинг «Газпром»га топширилиши қонуний эканлиги ҳақида қарор чиқармаган, деди «Бизнинг ҳуқуқимиз» вакили Светлана Антропова. Бунинг ўрнига, суд қарорида даъвогарнинг ҳуқуқлари бузилмагани аниқланган.

Ҳуқуқбон ташкилот прокуратурага суд қароридаги камчиликларни кўрсатган ҳолда мактуб тайёрлади. Антропованинг сўзларига кўра, у мазкур қарор устидан Олий судга шикоят қилмоқчи.

«Мактабни «Газпром»га ўтказиб бериш жиноят, чунки бизнинг (қирғизларнинг) 3,5 гектар ери ҳеч қандай тендерсиз, ҳеч қандай тўловларсиз «Газпром»га мутлақо бепул абадий бериб юборилмоқда. Бундан ташқари фуқаролар манфаати ҳисобга олинмаган», деди Антропова.

«Бу ҳудуддаги электр тармоқлари ва йўллар солиқ тўловчилар ҳисобидан қурилган бўлса-да, «Газпром» улардан фойдаланади, аммо аҳолига мактабдан ҳеч қандай фойда йўқ, чунки у бойлар учун махсус қурилган», деб қўшимча қилди у.

Бишкекдаги жамоатчилик ва инсон ҳуқуқлари фаоллари мактабни «Газпром»га топшириш бўйича ҳукуматлараро шартномани имзоламасликни сўраб, Россия президенти Владимир Путинга хат йўллаганлар.

«Мактубда биз Путиндан «Газпром» фаолиятининг қонунийлигини текширишини сўраганмиз», деди Антропова.

Бишкекликлардан деярли ҳеч ким Путиндан ёрдам кутаётгани йўқ.

«Путин Россия ташқи сиёсатида давлатларимиз манфаатларини, жумладан оддий халқ манфаатини ҳам энг охирга ўринга қўяди», дейди бишкеклик Айзад Кидирова. У таълим олиш хақининг ўта юқорилиги сабаб ўғлини «Газпром» мактабига бера олмаган.

«Газпром» учун манфаат бўлган нарса Россияга ҳам фойда келтиради, шу сабаб у бизга ён босмайди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Кацапларга ишониб бўлмайди

Жавоб бериш