Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Қозоғистон полицияси наркожиноятчиликка қарши курашни кучайтирмоқда

Айдар Ашимов

14 май куни полиция Туркистон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро етиштирган кўкнорни мусодара қилди. [Қозоғистон ИИВ]

14 май куни полиция Туркистон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро етиштирган кўкнорни мусодара қилди. [Қозоғистон ИИВ]

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда наркотикларнинг ноқонуний айланмаси ва пул ювишга қарши кураш кампанияси доирасида гиёҳвандлик моддаларини мусодара қилишда давом этмоқда.

Охирги беш ой ичида 1183 кг турли наркотик моддалар, жумладан героин, синтетик гиёҳванд моддалар, гашиш ва марихуана мусодара қилинган, дейилади Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) 12 май кунги баёнотида.

«Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасида айбланган тўртта уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди», дейилади вазирлик хабарида. «Бундан ташқари, гиёҳвандлик моддаларини тарғиб қилиш ёки ноқонуний реклама қилиш ва пул ювиш билан боғлиқ 20 та ҳолат аниқланган.»

Гиёҳванд моддалар истеъмоли жамият ва унинг заиф аъзоларига зарар етказибгина қолмай, террорчилар ва уларнинг тарафдорлари наркотиклар савдоси ва пул ювиш амалиётлари ёрдамида ўзларининг зўравонлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга уринадилар.

Туркистон вилоятида яшовчи фуқарога тегишли кўкнор майдони, 14 май. [Қозоғистон ИИВ]

Туркистон вилоятида яшовчи фуқарога тегишли кўкнор майдони, 14 май. [Қозоғистон ИИВ]

Полиция наша билан тўлдирилган шиша идишларни мусодара қилган, 10 апрель, Жамбил вилояти. [Қозоғистон ИИВ]

Полиция наша билан тўлдирилган шиша идишларни мусодара қилган, 10 апрель, Жамбил вилояти. [Қозоғистон ИИВ]

2019 йил охирида Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) жиноий гуруҳлар томонидан терроризмнинг молиялаштирилиши билан боғлиқ мавзудаги «Тинчлик баҳоси» номли ҳужжатли фильмни намойиш этди.

Туркум фильмларда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарадиган жиноий гуруҳ ва унинг Россияда яшайдиган раҳбари ҳақида ҳикоя қилинади. Жиноий халқа Қозоғистонда наркотик моддалар тарқатиш билан чекланмай, уларни почта орқали бошқа мамлакатларга ҳам юборган.

Рейдлар авжида

Май ойида Қозоғистонда наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар сони ўсган, сабаби бу вақтда гиёҳвандлик ўсимликлари ҳосил бера бошлайди. Полиция гиёҳванд моддалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида рейдларни кучайтирган.

14 май куни Туркистон вилояти полицияси 80 яшар маҳаллий фуқародан героин ва бошқа наркотиклар учун ишлатиладиган 62 кг кўкнор гиёҳвандлик моддасини мусодара қилди, деб хабар беради ИИВ. Пенсионер ўзининг хусусий ҳовлисида 5000 дона кўкнор ўсимлигини етиштирган.

Полиция хабарига кўра, шу куннинг ўзида Жамбил вилоятида икки фуқаро қўлга олинди, улардан бири иккинчисига 1 кг гашиш сотгани аниқланган.

Қўлбола синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажми тўхтовсиз ўсиб бораётгани кузатилмоқда, деб хабар беради МХҚ.

Қозоғистон полицияси 12 май куни Павлодар вилоятида ижтимоий тармоқлар орқали синтетик гиёҳванд моддалар сотишда айбланган наркофурушни қўлга олди, дея хабар беради ИИВ. У гиёҳванд моддаларни Аксу шаҳрида яшириб, сўнг мижозларга уларнинг жойлашуви ҳақида маълумот берган.

Шу куннинг ўзида Павлодарда героин ва синтетик гиёҳванд моддалар сотувчиси қўлга олиниб, 5000 дозадан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинди, деб хабар беради ИИВ.

Шунингдек, ҳар йили июндан октябрга қадар Чуй водийсида гиёҳванд моддалар ташиладиган каналларни аниқлаш, кўкнор моддасини териш, қайта ишлаш ва тарқатилишининг олдини олиш мақсадида «Кўкнори» операцияси ўтказиб келинмоқда. Ушбу операция бу йил ҳам, коронавирус ва карантин чораларига қарамай, одатдаги тартибда ўтказилади.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳар йили ўтказиладиган «Кўкнори» операцияси гиёҳвандлик савдосига қарши курашда ишончли таянчдир», дейди «Бейбит Аспан» (Тинч осмон) нодавлат ташкилоти раҳбари, таразлик Руслан Сексенбаев.

«Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли ҳар йили (полициячилар) қора бозорга етиб бориб, одамларни ўлдириши мумкин бўлган тонналаб гиёҳвандлик моддаларини мусодара қиладилар» деди у.

Мустақиллик йилларида Қозоғистон гиёҳвандлик моддалари ва наркофурушларга қарши кураш бўйича катта тажриба тўплади, деб қайд этди Сексенбаев.

Полиция «махсус ускуналар ва хизмат итларидан фойдаланмоқда», деди у. «Улар Чуй водийсини вертолётлар ва дронлар ёрдамида кузатмоқдалар.»

Бундан ташқари, «улар собиқ Совет Иттифоқи ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари тажрибасини ўрганмоқда. Бу аллақачон йўлга қўйилган механизмлардир», деди Сексенбаев.

Вайронкор таъсир

Жамбил вилояти ҳокимлигининг хабар беришича, 7 май куни Таразда ўтган хавфсизлик идоралари йиғилишида бу йилги «Кўкнори» операциясининг гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашдаги аҳамияти муҳокама қилинди.

«Наркотик моддалар айланмасининг жамият тараққиётига вайронкор таъсири кучайиб, жиноятчилик ва зўравонликнинг ўсишига сабаб бўлмоқда», деди Жамбил вилояти прокурори Нургалим Абдиров.

«Катта майдонларда ёввойи кўкнор етиштириш, шунингдек, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси тобора долзарб муаммога айланиб бормоқда ва уларга қарши курашни кучайтиришни тақозо этмоқда», дейилади ҳокимлик баёнотида.

Ҳозирги вақтда икки гектар майдондаги ёввойи кўкнорни замонавий пестицидлардан фойдаланган ҳолда йўқ қилиш синовдан ўтказилмоқда, аммо Чуй водийсида бу усулни кенг миқёсда қўллаш хавфсиз экани ҳақида экологларнинг хулосаси зарур, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, «Кўкнори» операциясини муваффақиятли амалга ошириш мақсадида гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш ва бириктирилган полиция патруллари сонини ошириш бўйича минтақавий дастурни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳақиқий манзарани кўриш учун исталган шаҳарнинг хира туманларини бирров кезиб чиқиш кифоя - подъездлардаги шприцлар; деворларни бўяб ёзилган эълонлар - бу «истеъмолчи» тарафидаги манзара. Ҳамма нарса шаҳар ичидаги «томорқалар» билан бирга, хориждан ҳам кириб келади. Бутун занжир бундан фойда кўради; наркотикларнинг жуда кичик қисми мусодара қилинади, жуда кўпи айланмага чиқиб кетади. Балки, биз ҳам Филиппинга ўхшаб курашармиз: шафқатсиз, лекин самарали, наркофурушликка алоқадорлар - отувга, қариндошлари эса дафн маросимлари, тобут ясаш ва бошқа ишларга ҳукм қилиниши керакдир. Балки бизда ҳам ўзгариш бўлар? Сотув ҳажмининг ўсиши билан боғлиқ фактнинг ўзи тепада наркотиклар савдосининг «ҳимоячилари» борлигига далолат қилади. Кейин биз террорчиларнинг оборотида бунча пул қаердан, деб ҳайрон бўлиб юрамиз...

Жавоб бериш

Гиёҳванд моддаларни аллақачон йўқ қилиш керак эди, араб давлатлари ва Хитой сингари гиёҳвандлик умрбод қамоқ жазоси бериш керак.

Жавоб бериш