Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Ҳукумат Қозоғистонда синтетик гиёҳванд воситалари ишлаб чиқариш ҳажми ошганидан хавотирда

Айдар Ашимов

31 июл куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Нур-Султонда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосида гумонланган шахсни ҳибсга олдилар. [КНБ]

31 июл куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Нур-Султонда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосида гумонланган шахсни ҳибсга олдилар. [КНБ]

НУР-СУЛТОН – Қозоғистонда қўлбола синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажми сезиларли даражада ошиши ортидан мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашни кучайтирган.

Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) маълумотларига кўра, жорий йилнинг 7 ойида мамлакатда синтетик гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 320 та жиноят қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баравар кўп.

Шунингдек, мусодара қилинган синтетик гиёҳванд моддалар ҳажми 2019 йилдаги 2,6 кг дан 2020 йилда 81,7 кг гача – 31 баравар ошган.

«Муаммо жиддий тус олмоқда. Бугунги кунда гап нафақат хориждан синтетик наркотиклар олиб кириш ва сотиш, балки уларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш ҳақида ҳам бормоқда», дейилади ИИВнинг 28 сентябр кунги баёнотида.

Нур-Султондаги гиёҳвандликка қарши махфий лабораториядан мусодара қилинган ускуна ва гиёҳвандлик моддалари прекурсорлари, 31 июл кунги сурат. [КНБ]

Нур-Султондаги гиёҳвандликка қарши махфий лабораториядан мусодара қилинган ускуна ва гиёҳвандлик моддалари прекурсорлари, 31 июл кунги сурат. [КНБ]

Олмаотада наркотик моддалар ишлаб чиқарувчи жиноий гуруҳга аъзоликда гумонланганлардан мусодара қилинган қуроллар, 27 июл куни олинган сурат. [КНБ]

Олмаотада наркотик моддалар ишлаб чиқарувчи жиноий гуруҳга аъзоликда гумонланганлардан мусодара қилинган қуроллар, 27 июл куни олинган сурат. [КНБ]

Ички ишлар вазирлиги илк дозадан кейин қарамлик келтириб чиқариши мумкин бўлган янги синтетик воситаларнинг алоҳида хавфи тўғрисида огоҳлантирган. Бу муаммога қарши кураш доирасида вазирлик томонидан синтетик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оқибатлари акс этган фильм тайёрланди.

«Синтетик гиёҳвандлик моддалари уларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг арзонлиги билан ажралиб туради. Бунинг устига, наркофурушлар гиёҳванд моддаларни контактсиз усулда, веб-сайтлар ва электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда сотишга ўтганлар», дейилади ИИВ хабарида.

Наркотиклар савдоси ўсмоқда

Бу йил Қозоғистон полицияси гиёҳванд моддалар билан боғлиқ бир нечта муҳим операцияларни амалга оширди.

24 сентябрь куни полиция «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси тайёрлашда ишлатиладиган хомашёнинг катта партиясини мусодара қилиб, наркотиклар ишлаб чиқарувчи махфий лаборатория ташкиллаштирган гумондорни ҳибсга олди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) ва ИИВ 30 июл куни Нур-Султонда синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришда гумонланган тўрт нафар шахсни қўлга олиш бўйича қўшма операция ўтказди.

КНБ хабарига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари гиёҳванд моддаларни Интернетдаги Deep Web ва Darknet каби махфий тармоқларда, шунингдек, пойтахтдаги харидорлар орасида яширинча пуллаганлар.

27 июл куни КНБ Олмаотада жиноий гуруҳ аъзолари деб гумонланган икки шахсни ҳибсга олган ва қора бозорда 1,5 миллиард тенге (3,5 миллион АҚШ доллари) турадиган 55 кг мефедрон моддасини, шунингдек, нақд пул, ўқотар қурол ва синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган 1 тонна кимёвий прекурсор моддаларни мусодара қилган.

Уюшган жиноий гуруҳларнинг наркотик ишлаб чиқариши ва сотиши билан боғлиқ ҳолатлардан ташқари, бу иш билан якка тартибда шуғулланадиган кимсалар ҳам учраб турибди.

17 май куни КНБ ходимлари Нур-Султонда ижарага олинган гаражда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқараётгани айтилган шахсни ҳибсга олиб, қора бозордаги қиймати 60 миллион тенге (139 минг доллар) бўлган 3 кг «α-PVP» психотроп моддасини мусодара қилдилар.

Ўтган йили Қозоғистон қонунчилигига янги синтетик гиёҳванд моддаларни тезлик билан тақиқланган моддалар рўйхатига қўшишга имкон берувчи ўзгартириш киритилган эди.

Махфий мулоқот

Жиноятчилар бир-бири ва мижозлари билан мулоқот қилишда замонавий технологиялардан фойдаланаётгани боис уларни аниқлаш ва фош қилиш қийинлашган.

«Жиноятчилар Телеграм орқали мулоқот қиладилар, ўз IP-манзилларини яшириш учун VPN [виртуал хусусий тармоқ] дастурларидан фойдаланадилар, тўловларни электрон ҳамёнларга қабул қиладилар ва мижозларга гиёҳванд модда яширилган жойнинг геолокацияси ва фотосуратини юборадилар. Уларни кузатиб бориш жуда мушкул», дейди Нур-Султон шаҳар полиция идораси терговчиси Акжан Букенбаев.

«Бу жиноий қора бозор наша ва афюн каби анъанавий гиёҳванд моддаларга қараганда зарарлироқ ва хавфлироқ бўлган синтетик гиёҳванд моддаларга тўлиб бормоқда», дейди «Бейбит Аспан» (Тинч осмон) нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, таразлик Руслан Сексенбаев.

Гиёҳвандлик «ёшариб бормоқда», дейди у.

«Улар анча арзонроқ бўлгани учун ёшлар соддалик билан синтетик моддаларнинг зарари кам, уларни истеъмол қилиш билан одам наркоман бўлиб қолмайди, деб ўйлайдилар. Бу мудҳиш хато», деди у.

Бутун дунёда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва сотишдан тушадиган пуллар кўпинча терроризм ва экстремистик гуруҳлар фаолиятини молиялаштиришга сарфланади, деб таъкидлади Сексенбаев.

«Шу боис ҳам гиёҳванд моддалар савдосидан тушган бундай жиноий пулларни легаллаштиришга қарши кураш олиб бориляпти. Қозоғистонлик мутахассислар, жумладан, халқаро ташкилотлар кўмагида терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича ўз малакаларини ошириб бормоқдалар», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нашанинг табиий кайфини тақиқлаш нималарга олиб келишини кўряпсизми. Наша чекишга рухсат берилиши керак. Ҳамма алламбало нарсаларни чекиб ётибди. Табиий наша йўқ

Жавоб бериш

Мана, табиий наркотикларга қарши «кураш» нималарга олиб келади

Жавоб бериш