Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Кузатувчиларнинг огоҳлантиришича, Туркманистонга яна ноқонуний наркотиклар муаммоси хавф солмоқда

Жумагули Аннаев

Кўкнори даласидан афюн ҳосилини йиғиштириб олаётган афғонистонлик фермер, Сурхрод тумани, Нангархар вилояти, 2018 йил 17 апрель. 90-йиллар бошида Туркманистон Афғонистондан келтирилган афюн ва кейинчалик героин билан тўлиб тошган эди. Маҳаллий аҳолининг эслашича, гиёҳванд моддалар ҳар бир муюлишда пистадек сотилган. (Нуруллоҳ Ширзода/AFP)

Кўкнори даласидан афюн ҳосилини йиғиштириб олаётган афғонистонлик фермер, Сурхрод тумани, Нангархар вилояти, 2018 йил 17 апрель. 90-йиллар бошида Туркманистон Афғонистондан келтирилган афюн ва кейинчалик героин билан тўлиб тошган эди. Маҳаллий аҳолининг эслашича, гиёҳванд моддалар ҳар бир муюлишда пистадек сотилган. (Нуруллоҳ Ширзода/AFP)

АШХОБОД – Туркманистонликлар ҳукуматнинг ноқонуний гиёҳвандлик моддаларга қарши кураш чораларини олқишлаётган бир пайтда, таҳлилчилар бу бало такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг кўп ишларидан мамнун бўлмасам ҳам, мамлакатимизни гиёҳвандлик балосидан халос қилгани ва миллатни тубанлик ва таназзулдан қутқариб қолганидан миннатдорман», дейди теженлик Нурагди Черкезов.

Черкезов ўз оиласи бошдан кечирган воқеалар сабабли 90 йилларда ва 2000 йиллар бошида гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларига шахсан гувоҳ бўлган.

Черкезовнинг икки ўғли дозадан ортиқ наркотик истеъмол қилиш оқибатида 20 ёшга етмай ҳалок бўлган. Қизи эса гиёҳванд одамга турмушга чиқиб, иккита ногирон бола туққан.

Черкезов Ахал вилоятининг Тежен шаҳрида яшайди. Совет Иттифоқи даврида бу шаҳар наркотиклар ва кўкнори етиштириш билан танилган эди.

«Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Тежен шаҳри ва Туркманистоннинг бошқа ҳудудлари афғон афюни ва героин тўлиб кетди. Наркотик моддалар писта каби ҳар бир кўчада сотиларди», деб эслайди Черкезов.

«Энг қўрқинчлиси собиқ президент Сапармурад Ниёзов полицияга ёнида бир неча грамм наркотик моддаси бўлган ва уни касалликни даволаш учун қўллайдиган одамларни ҳисбга олишни тақиқлаган», деб қўшимча қилди у.

Ниязов 1991 йилдан 2006 йилгача президент бўлган.

Бугунги кунда бу ёпиқ давлатда гиёҳвандлик ва у билан боғлиқ жиноятларга оид статистик маълумотлар йўқ.

Наркотикларга қарши курашдаги ғалаба

Наркотикларга қарши кураш давлат хизматининг собиқ жиноий терговчиси Мердан Н. гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига барҳам берилишида тўрт асосий омилни санаб ўтди.

Бердимухамедов «жаҳондаги наркотик моддаларнинг энг катта қисми етиштириладиган Афғонистон ва афғон героини транзитида асосий ҳудуд бўлган Эрон билан чегараларни кучайтириш муҳим роль ўйнади. Бу мамлакатга наркотик моддалар оқимининг сезиларни даражада камайишига олиб келди», деди Мердан.

Бир вақтнинг ўзида, ҳукумат мамлакат ичидаги кўкнори далаларини йўқ қилиш чораларни кучайтирди ва ноқонуний экинлар етиштирган шахсларни жазолади, деди у.

«Кўкнори» операциялари доирасида минглаб наша ва афюн экинлари йўқ қилинди, юзлаб «наркофермерлар» ҳибсга олинди, деди у. Наркотик моддаларни сотиш, ташиш ва сақлаш учун жазо чоралари қатъийлаштирилди.

«Бу гиёҳвандликка қарши аёвсиз уруш эканлиги, наркотик моддаларни сотганлар афв этилмаслиги ва муддатидан аввал озод қилинмаслигини ҳамма тушуниб етгач, афюн хомашёси, героин, наша ва марихуананинг ноқонуний савдоси кескин камая бошлади», деди Мердан.

«Албатта, 2008 йилда ҳукумат томонидан тузилган махсус давлат идораси ходимларининг саъй-ҳаракатлари ҳам диққатга сазовор», деб қўшимча қилди у Давлат ноқонуний гиёҳвандлик назорати хизматини назарда тутиб.

2013 йилда идора Соғлом жамиятни муҳофаза қилиш бўйича давлат хизмати деб қайта номланди. 2016 йилда эса Бердимуҳамедов идора кўзлаган мақсадларга эришди дея уни тарқатиб юборди. Унинг наркотикларга қарши кураш вазифаси бошқа идоралар зиммасига юкланди.

«Собиқ идорамиз фаолият юритган саккиз йил давомида 5000 дан ортиқ йирик наркофурушлар жазоланган, тергов давомида уларнинг кўпчилиги ички ва миллий хавфсизлик вазирликларида, бош прокуратурада ўз ҳимоячиларга эга эканлиги аниқланган», деди Мердан.

«Идорамиз тўғридан-тўғри президентга ҳисобот бергани сабабли «ҳимоячиси» бор ҳеч бир наркофуруш жазосиз қолмади», дея қўшимча қилди у.

Хавотир сабаби

Аммо, айрим кузатувчилар мамлакатда гиёҳвандлик муаммоси қайта юзага чиқишидан хавотирда.

«Туркманистонда наркотиклар яна жиддий ижтимоий муаммога айланмоқда», деб хабар берган Австриядаги «Хроники Туркменистана» мигрантлар нашри 16 март куни.

«Чарс ва Атом деб номланган наркотик моддалар кенг тарқалган», дейилади хабарда. Унда мос равишда наша ва афғон героинидан тайёрланган моддалар назарда тутилган.

Хабарга кўра, «Чарс»нинг битта дозаси 25-40 турман манати (7-11 АҚШ доллари), «Атом»нинг бир дозаси эса 60 туркман манати (17 АҚШ доллари) туради.

Туркманистонга наркотиклар энди нафақат Афғонистон ва Эрондан балки, Туркманбоши порти орқали Туркия ва Озарбайжон каби учинчи давлатлардан ҳам кириб келишни бошлаган, деб тасдиқлади собиқ терговчи Мердан.

Наркотиклар, одамфурушлик ва қурол-яроғ савдосидан даромад олувчи халқаро террорчилик сабабчилари Туркманистонни наркотик моддалар билан тўлдириш ниятида, деди у.

«Маълумотларга қараганда, февраль ойи охирида Туркманбоши портида тасодифан йирик ҳажмдаги наркотик моддалар ортилган контейнер топилган, аммо унинг мусодара қилиниши ҳақидаги хабар махфийлаштирилган», деди Мердан.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳаммаси тушунарли, наркоманларни бошқариш осонроқ, бир пайтлар жанговар туркманларнинг сабр-бардошига қойил қолардим, сабаби оддий эканку

Жавоб бериш