Карвонсарой
Энергия

Эрон Туркманистон фойдасига чиқарилган суд қарорини пайсалга солишга уринмоқда

Жумагули Аннаев

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний (чапда) ва унинг туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов 2015 йил 11 март куни Ашхободдаги қўшма матбуот анжуманида иштирок этмоқда. Газ можаросига оид ишни кўриб чиққан Халқаро арбитраж суди Эрон зиммасига Ашхободга 2 млрд. АҚШ доллари тўлаш мажбуриятини юклаган. (Игорь Сасин /AFP)

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний (чапда) ва унинг туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов 2015 йил 11 март куни Ашхободдаги қўшма матбуот анжуманида иштирок этмоқда. Газ можаросига оид ишни кўриб чиққан Халқаро арбитраж суди Эрон зиммасига Ашхободга 2 млрд. АҚШ доллари тўлаш мажбуриятини юклаган. (Игорь Сасин /AFP)

АШХОБОД – Эрон ҳукумати узоқ давом этган табиий газ можароси бўйича Туркманистон фойдасига чиқарилган Халқаро арбитраж суди қарорини пайсалга солишга уринмоқда.

24 июнь куни суд Теҳрон зиммасига 2007-2013 йилларда Туркманистондан олинган газ учун 2 млрд. АҚШ доллари (7 млрд. манат) тўлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) туркман хизмати Эрон манбаларига таяниб хабар берган.

Халқаро арбитраж суди ўз ҳукмини ошкор қилмаган.

Аммо, 3 июль куни Эрон нефть вазирлиги вакили Касри Нурий Эроннинг «Entekhab» нашрига бундай қарор чиқарилмаганини айтган. Вазирлик ўзининг Twitter саҳифасида етказиб берилган газ сифати ва ҳажми туфайли Туркманистон жаримага тортилгани ҳақида ёзган.

Давомли низо

Теҳрон ҳукумати 1997 йилдан бошлаб Туркманистон ғарбидаги Кўрпеже конидан «Кўрпеже-Кўрдкўй» қувури орқали Эроннинг Кўрдкўйига газ импорт қила бошлаган, дейди Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазирлигининг аудитор мутахассиси Майса Агаева.

Етказиб бериш ҳажми 2001 йилдаги 4 млрд. куб метрдан 2005 йилга келиб 5,8 млрд. куб метрга етган.

«Томонлар бир йилда етказиб бериш ҳажмини 14 млрд. куб метрга оширишни деярли келишиб олган эдилар, аммо Эрон тўловларни кечиктириш билан бу режаларни йўққа чиқарди», дейди Агаева.

Бунга жавобан Туркманистон газ етказиб беришни тўхтатиб қўйган ва газ учун юқорироқ нарх белгилаган. Эрон ҳукумати янги шартларга кўнган бўлса-да, кейинчалик шартларни бажаришдан бош тортган. Агаевага кўра, «Кўрпеже-Кўрдкўй» газ қувури 2017 йил январь ойидан бери ишламаяпти.

«Эрон аввал-бошдан ўзининг ишончсиз шерик эканлигини кўрсатиб қўйди», дейди «Туркмангаз» компаниясининг исмини ошкор қилмасликни сўраган топ-менежерларидан бири.

«Улар [Эрон ҳукумати] қишда туркман газига муҳтож бўлган вақтларида ҳамма нарсага тайёр эдилар, аммо вазият ўзгариши билан пул тўламаслик учун баҳона излай бошладилар», деди у.

«Эрон томонининг Туркманистондан олинган газ ҳажми ва сифатига оид эътирозлар туфайли пул тўламагани ҳақидаги даъволари асоссиз бўлган», деди расмий.

Туркманистон анчадан бери пулини ололмаётган эди, аммо энди унинг сабри тугади, Эрон ҳукумати эса ўжарлик билан туриб олди, деб қўшимча қилди у.

«Ўшанда президент [Гурбангули] Бердимуҳамедовнинг буйруғига биноан, 2017 йил 1 январдан бошлаб, тўловга лаёқатсиз шерикка газ етказиб беришни тўхтатдик, 2018 йил август ойида эса биз уларни судга бердик ва энди бу ишни ютиб чиқдик», деди у.

Эрон дезинформацияси

Туркманистон ҳукумати Халқаро арбитраж судининг қарори юзасидан ҳали баёнот бермаган бўлса-да, Эрон режими бу борада бир-бирига зид маълумотларни тарқата бошлади.

Аввалроқ, Эрон нефть вазирлиги Халқаро арбитраж суди мазкур иш юзасидан қарор чиқарганини, аммо «арбитраж қоидаларига биноан, иккала томоннинг розилигисиз бу қарорни низолашувчи томонларнинг ҳеч бири ошкор қила олмаслигини» эътироф этган.

«Ушбу тижорий даъвода ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ», деб таъкидлаган вазирлик.

Шу билан бир вақтда, Эроннинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларидан бири – Press TV 29 июнь куни Эрон «Туркмангаз»га жарима тўлагани ҳақида хабар берган.

Айрим оммавий ахборот воситаларида Эроннинг Туркманистон олдидаги қарзи камайтириб кўрсатилган.

Суд қарорини ёритишдаги бундай зиддиятлардан айтиш мумкинки, Эрон «бу масалада ўзини яхши қилиб кўрсатишга» уринмоқда, дейди аудитор Агаева.

«Ҳакамлик судининг ҳал қилувчи қароридан кейин юзага келган ғала-ғовур Эроннинг суд қарори ижросини пайсалга солишидан далолат беради», деди Агаева.

«Ҳакамлик судининг бу қароридан сўнг, Туркманистон икки мамлакат ўртасидаги газ можаросининг ўз ниҳоясига етишига ва Эрон билан муносабатлар ривожида янги босқич бошланишига умид қилмоқда», деди у.

«Теҳрон расмийларининг нима қилмоқчи эканини эса фақат Аллоҳ билади», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500