ТЕҲРОН – Теҳронда «Ал-Қоида» қўмондони ўринбосари Абдуллоҳ Аҳмад Абдуллоҳнинг (Абу Муҳаммад ал-Масрий номи билан ҳам машҳур) Исроил жосуслари томонидан яширинча ўлдирилгани ҳақидаги хабар Эрон режими тарафидан инкор этилаётгани ажабланарли эмас.
Эрон мансабдорлари нима учун Ал-Масрийни Теҳрон яқинидаги нуфузли шаҳарчада узоқ йиллар ҳимоя қилиб келгани тушунарсизлигича қолмоқда.
1998 йилда Танзания ва Кениядаги АҚШ элчихоналарида уюштирилган портлашларга алоқадорликда айбланган Ал-Масрий шу йил ёзда Теҳронда мотоцикл минган исроиллик оператив ходимлар томонидан Вашингтоннинг кўрсатмаси билан яширинча отиб ўлдирилган, деб хабар беради The New York Times жума (13 ноябр) куни.
Нашрнинг бир нечта разведка манбаларига асосланиб ёзишича, Ал-Масрий билан бирга унинг қизи Марям (Усома бин Лодиннинг ўғли Ҳамзанинг беваси) ҳам ўлдирилган.
Ҳужум 7 август – Африкада 224 кишининг ўлими ва юзлаб одамларнинг жароҳатланишига сабаб бўлган портлашлар кунига тўғри келди.
Америка разведкаси вакилларининг Times нашрига маълум қилишларича, Ал-Масрий 2003 йилдан бери расман Эронда «ҳибсда» сақланган, аммо 2015 йилдан буён Теҳрон яқинидаги Пасдаран шаҳарчасида эркинликда яшаган.
Ишонарли, аммо ҳақиқатдан йироқ
7 август куни эрталаб Ал-Масрий «Рено» автомашинасида ўз уйи яқинида қизи билан кетаётганида мотоцикл минган икки қуролли шахс уларга қарата беш марта ўқ узган, деб ёзади «Таймс».
Ўшанда шу каби воқеа ҳақида хабар берган Эроннинг иккита ахборот агентлиги – расмий IRNA ва Mehr қурбонларнинг ливанлик 58 яшар тарих ўқитувчиси Ҳабиб Довуд ва унинг 27 ёшли қизи Марям эканлигини айтган эди.
Ливаннинг MTV янгиликлар канали ва Эрон ислом инқилоби посбонлари корпусига (ИИПК) алоқадор ижтимоий тармоқ саҳифаларида Довуд – Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливандаги ҳарбийлашган ташкилот –Ҳизбуллоҳ аъзоси бўлгани ҳақида хабар берилган.
Бу хабар ишонарли бўлиб туюлса-да, воқеликда Ҳабиб Довуд деган одам бўлмаган, деб ёзади The New York Times.
Эрон билан яқин алоқада бўлган бир қанча ливанликлар Довуддан ҳам, унинг ўлдирилганидан ҳам бехабар эканликларини айтганлар, деб ёзади газета. Ўтган ёзда Эронда ливанлик тарихчи-профессорининг ўлдирилгани ҳақида ҳеч қандай хабар чиқмаган. Эроннинг барча тарихчи профессорлари рўйхатидан хабардор таълим тадқиқотчиси «Ҳабиб Довуд» деган одам ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтган.
Аслида «Ҳабиб Довуд» – Эрон расмийларининг Ал-Масрий учун танлаган тахаллуси эди, деди разведка идораси расмийси.
«Ал-Қоида»нинг шўъбаси бўлган Мисрдаги «Ислом жиҳоди» гуруҳининг собиқ раҳбари, Ал-Масрийнинг эски дўсти Набил Наим октябр ойида Саудиянинг «Ал-Арабия» янгиликлар каналига худди шу нарсани айтган.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни «уйдирма» дея рад этган.
Эрон режими билан алоқалар
«Ал-Қоида»нинг таъсисчи-етакчиларидан бири бўлган Ал-Масрий ташкилотнинг амалдаги раҳбари Айман аз-Завоҳирийдан кейин раҳбарликка биринчи номзод деб ҳисоблаб келинган.
АҚШда 2001 йил 11 сентябр кунги портлашлардан сўнг Ал-Масрий, Саиф Ал-Адл ва Ҳамза бин Лодин дохил бир гуруҳ «Ал-Қоида» етакчилари Афғонистондан қочиб, Эрондан бошпана топган эдилар.
Ал-Масрий Эронда ташкилотга раҳбарлик қилишга тайёрланаётган Ҳамза бин Лодинга устозлик қилган, дейди терроризм бўйича мутахассислар. Ҳамза бин Лодин ўтган йили Афғонистон-Покистон минтақасида ўтказилган аксилтеррор операцияси чоғида ўлдирилган эди.
Ал-Адл эса ҳали ҳам озодликда.
2017 йилда АҚШ ҳукумати Покистоннинг Аббодобод шаҳридаги Усома бин Лодин қароргоҳидан топилган ҳужжатлар тўпламини эълон қилди. У 2011 йилда АҚШ кучлари томонидан шу қароргоҳида ўлдирилган эди.
Ҳужжатлар Ал-Қоиданинг Теҳрон билан хуфиёна муносабатлари, жумладан Ҳамзанинг Эрондаги тўй маросимида олинган видеоёзувларга ойдинлик киритган.
Бу ҳужжатлар, шунингдек, яқинда Ал-Масрийнинг ўлдирилгани ва ўтган йиллар давомидаги бошқа далиллар Эрон режими, хусусан, ИИПКнинг «Ал-Қоида» билан мустаҳкам алоқада эканлигидан далолат беради.
Тахминларга кўра, ИИПК дунёнинг турли мамлакатларда қидирувда бўлган «Ал-Қоида» аъзоларига бошпана берган.
Январ ойида Бағдодда ўлдирилган Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймоний «ИИПК ва Ал-Қоида ўртасидаги алоқаларнинг асосчисидир», дейди Мисрдаги Ислом жиҳоди гуруҳининг собиқ етакчиларидан бири Наим.
2008 йилда Сурияда ўлдирилишидан аввал «Ҳизбуллоҳ» ҳарбий қўмондони Имод Муғния ҳам «Ал-Қоида» жангариларини тайёрлаш, хусусан, уларга миналар ўрнатиш ва бомбалаш усулларини ўргатишда муҳим рол ўйнаган, деб қўшимча қилди у.
Ал-Қоиданинг ИИПК билан ҳам, Эрон разведкаси билан ҳам алоқалари мустаҳкам, деди у Эроннинг «Ал-Қоида» раҳбари Усома бин Лодин оиласини қабул қилганини таъкидлаб.
Томонлар бир неча йилдан бери низода эдилар, дейди Наим. ИИПК ўзини шиалар ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимоячиси деб иддао қилган бўлса, «Ал-Қоида» суннийлар учун шундай даъвони илгари сурган.
Эрон «Ал-Қоида» етакчиларига бошпана берганини доимий равишда рад этиб келади, аммо сўнгги маълумотларга кўра, бу позицияга ишониш қийинлашмоқда.
«Режим учун керакли пайтда Эрон мазҳабпарастликни тўқмоқ сифатида ишлатади, лекин Эроннинг манфаатлари йўлида сунний-шиа ихтилофига ҳам кўз юмишга тайёр», дейди Суфан марказининг аксилтеррор таҳлилчиси Колин П. Кларк New York Times билан суҳбатда.