БАҒДОД – Жума (3 январь) куни Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони, генерал майор Қосим Сулаймонийнинг АҚШ дрони томонидан ўлдирилиши Теҳроннинг Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудларда жангарилик ва ихтилофларни ёйишга қаратилган бир неча ўн йиллар давомидаги фаолиятида бурилиш ясади.
Жума куни эрта тонгда Бағдоднинг халқаро аэропортига бир талай ракеталар ёғдирилди – Эрон билан мустаҳкам алоқаларга эга Ироқ жангари гуруҳи «Хашид ал-Шабий» тегишли карвон нишонга олинди. Эроннинг энг қудратли шахсларидан бири – Сулаймоний автомашиналарнинг бирида бўлган.
Бир неча соатдан сўнг, Хашид ва ИИПК қўмондоннинг ўлимини тасдиқлади. Бир неча ўн йиллар давомида дунё бўйлаб тажовузкор фаолиятидан сўнг, апрель ойида бу икки гуруҳ террорчилик ташкилоти деб тан олинган эди.
АҚШ мудофаа вазирлиги Сулаймоний «Ироқ ва минтақа бўйлаб америкалик дипломатлар ва хизматчиларга қарши фаол равишда ҳужум режасини тузиб юргани» ҳақида хабар берган.
Унга кўра, АҚШ «Қосим Сулаймонийни ўлдириш билан хориждаги хизматчиларини ҳимоя қилиш чораларини» кўрган.
Жума куни CNN билан суҳбатлашган АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг айтишича, Сулаймоний «ҳудуддаги ўнлаб, балки юзлаб америкаликларнинг ҳаётига таҳдид солувчи ўта йирик амалиётни режалаштирган».
Помпеонинг айтишича, АҚШ бу режанинг амалга ошиши «муқаррар» эканлигини билган.
Пайшанба (2 январь) куни АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер, агар ҳужумлар режалаштирилаётгани ҳақида маълумотга эга бўлса, АҚШ иккиланмасдан «эҳтиёт чоралари» кўришини айтиб ўтганди.
Ўтган ҳафта эронпараст гуруҳнинг Киркукдаги базага қарата ракета ҳужуми туфайли америкалик пудратчининг ҳалок бўлиши «ўйин ўзгарганини» англатган эди, деди Эспер.
Эспер Эрон етакчиларига қарата мурожаатини давом эттириб, шундай деди: «Бизга қаратилган ҳужумларга ўзимиз танлаган вақт, шароит ва жойда қарши ҳужум билан жавоб берамиз. Биз Эрон режимини зарарли ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз.»
Минтақадаги таҳдид
Қуддуснинг (Иерусалим) арабча номи билан аталувчи «Ал-Қудс» бўлинмаси, хориждаги миссиялар, ҳарбий машқлар, экстремистик гуруҳларни, жумладан Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ва Фаластиннинг «Хамас» гуруҳини молиялаштириш ва уларни қурол билан таъминлашга ихтисослашган.
Сулаймоний ва унинг «Ал-Қудс» бўлинмаси Суриядаги фуқаролар урушида Сурия режимини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаган.
«Ал-Қудс» бўлинмаси ҳудуддаги таъсирини кучайтириш ва ҳукмронлик ўрнатиш мақсадида Афғонистон, Покистон, Ироқ ва яманлик ёшларни Сурияда ўз манфаати йўлида жанг қилиш учун ёллаган.
«Фотимиюн» бўлинмасида бу стратегия яққол кўзга ташланади, бу дивизия 2013-2017 йилларда 50 мингга яқин афғонистонлик қочқинларни Сурияда жанг қилиш учун ёллаган. ИИПК «Зайнабиюн» жамоасининг покистонлик жангариларини тайёрлаган ва қурол билан таъминлаган, Эрон эса Сурияда ИИПКнинг бошқа бўлинмалари ва Сурия режими билан бир сафда жанг қилиш учун уларни уруш ҳудудига олиб борган.
«Сулаймоний минтақага таҳдид солса-да, Эрон миллий манфаатлари йўлидаги восита бўлиб хизмат қилган. Минтақадаги билвосита урушларнинг етакчиси бўлган. У Фотимиюн, Зайнабиюн, Ҳайдарён ва Ҳусайниён бўлинмаларининг барчасига асос солган», деб ёзган Миллий хавфсизлик бошқармасининг (NDS) собиқ раҳбари Раҳматулла Набил ўзининг Twitter саҳифасида.
ИИПК бир неча ўн йилдан бери Яқин Шарқ ва бошқа минтақалардаги бир қатор терактлар, жумладан 1996 йилда Саудия Арабистонидаги Ал-Ҳубар биноси, 1994 йилда Буэнос Айресдаги Аргентина яҳудийлар марказидаги худкушлик ҳужуми, 1983 йилда Байрутдаги АҚШ ҳарбий денгиз казармаларидаги портлашларга алоқадор бўлган.
Сўнгги томчи
Декабр ойи охирида Сулаймоний тарафидан Боғдоддаги АҚШ элчихонасига уюштирилган оломон ҳужуми 2019 йилдаги Америкага қарши провокацияларининг сўнггиси бўлди.
27 декабр куни Ироқ сафарбарлик кучлари Сулаймоний раҳбарлигидаги «Ал-Қудс» бўлинмаси қўлловида АҚШ ҳарбийларига қарата ракеталар ёғдирган, натижада бир америкалик фуқаро ҳалок бўлди, шунингдек, тўрт нафар АҚШ ва икки ироқлик ҳарбий хизматчи жароҳатланди.
Сўнгги бир неча ой ичида Эрон қўлловидаги шиа кўнгилли лашкарлари Америка кучларининг Ироқдаги базаларига бир неча маротаба, жумладан 9 декабр, 5 декабр, 3 декабр ва 9 ноябр кунлари ҳужумлар уюштирган.
Сентябр ойида аксари Эронга тегишли деб ҳисобланган бир нечта ракета ёрдамида Саудия Арабистонининг энг йирик нефт конларига зарба берилди, бунинг натижасида мамлакатда нефт қазиб олиш ва экспорт қилиш вақтинча тўхтаб қолди.
Ўтган йилнинг июл ойида ИИПК ҳарбий денгиз кучлари Британия ҳарбий танкерини ноқонуний равишда эгаллаб олиши ортидан Эроннинг учувчисиз қурилмаси Ҳормуз бўғози яқинидаги АҚШ ҳарбий кемасига таҳдид қилган эди.
20 июнь куни ИИПК бўғоз узра учаётган АҚШ дронини уриб туширди.
ИИПК ёз ойлари давомида бўғоз яқинидаги танкерларга бир неча бор таҳдид қилган. 13 июнь куни Уммон кўрфазида Kokuka Courageous ва Front Altair кемалари ҳужумга учради. Кейинчалик АҚШ ҳарбийлари тарқатган маълумотларга кўра, Эроннинг патруль катери кемаларнинг биридан «портламай қолган минани» чиқариб ташлаган.
Ички муаммолар
Яқин Шарқда юқори мартабага эга Сулаймонийнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари кўп жиҳатдан Эроннинг яккаланишиб қолишига сабаб бўлди, жорий қилинган санкциялар эса мамлакат иқтисодиётига жиддий путур етказди.
Бу воқеалар ички норозиликнинг авж олиши ва Сулаймонийнинг мамлакат ташқарисидаги вазифаларини адо этишига нисбатан танқидлар кучайган вақтга тўғри келди.
Хабарларга кўра, Эроннинг ислоҳотчи ҳаракати раҳбарлари ва муросасиз сиёсат тарафдорлари ИИПК раҳбарияти олиб бораётган ташқи сиёсатдан хавотир билдириб, у мамлакатни иҳоталашда давом этиши ва иқтисодий инқирозларга дучор қилишини айтганлар.
2019 йилда давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида Эроннинг олий диний раҳнамоси Али Ҳуманаий иқтисодий қийинчиликларни Эрон халқи дуч келган асосий ва энг долзарб муаммо сифатида тилга олган эди.
Эрон ҳукумати ноябр ойидаги иқтисодий инқироз ортидан бошланган ҳукуматга қарши норозиликлар давомида минглаб намойишчилар, журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва талабаларни ҳибсга олган.
Эрон сиёсатчилари Сулаймоний юқори мартабали мансабдор шахсларга юборган дала ҳисоботларига ишончсизлик билдириб, уларни «чалкаш» ва «нотўғри стратегияга асосланган» деб атаганлар.
Сулаймонийнинг хатти-ҳаракатлари, жумладан, ИИПКнинг ёзда сув тошқини юз берган ҳудудлардаги намойишларни бостиришга ёрдам бериш учун мамлакатга Ироқ сафарбарлик кучларини киритиш қарори ҳам Эрон халқининг норозилигига учраган.
Сулаймоний «жиноий тўда» сифатида муайян операцияларни амалга оширадиган, «ўз фаолият ҳудудидаги давлатларда юзага келган тартибсизликлардан фойдаланадиган» қуролли гуруҳларни бошқаради, деган эди эронлик сиёсий таҳлилчи Али Наримон декабрь ойида.
Бу гуруҳлар қўшни мамлакатларда низо қўзғаб, уларнинг хавфсизлигига таҳдид солмоқда, деди у, уларнинг мақсади «Эронни Форс кўрфазида қўшнилари билан уруш ҳолатида» ушлаб туриш эканлигига эътибор қаратар экан.
Сулаймоний раҳбарлигидаги «Ал-Қудс» бўлинмасининг хатти-ҳаракатлари «Эрон ва эронликларга нисбатан санкциялар қўлланилишига ва мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатнинг янада оғирлашувига олиб келди», деб қўшимча қилди у.
Террорчилар қаерда бўлмасин жазосини олади.
Жавоб беришФикрлар 4
Ягона қудратли давлат бу Америка
Жавоб беришФикрлар 4
Энди АҚШ Лавров ва буғучи Шойгу каби юқори мартабали Россия ҳарбий жиноятчилари ва террорчиларини йўқ қилиши керак.
Жавоб беришФикрлар 4
Noli me tangere - civis romanus sum! [Менга тегма, мен Рим фуқаросиман] Шунинг учун ҳам Америка республикаси Рим республикасининг қонуний меросхўри эканлиги бежиз эмас.
Жавоб беришФикрлар 4