Карвонсарой
Таҳлил

Сулаймонийнинг Эронга қолдирган «мероси» – халқ пулини қиммат прокси-урушларга йўналтириш

Карвонсарой

«Ал-Қудс» кучларининг ўлдирилган қўмондони Қосим Сулаймоний ва Эрон руҳоний лидери Али Ҳоманаий, 2018 йил.

«Ал-Қудс» кучларининг ўлдирилган қўмондони Қосим Сулаймоний ва Эрон руҳоний лидери Али Ҳоманаий, 2018 йил.

Эрон режимининг Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) «Ал-Қудс» кучларининг собиқ қўмондони Қосим Сулаймоний қолдирган «мерос»ни сақлаб қолишга интилаётгани Эрон халқига қимматга тушмоқда, дейди таҳлилчилар.

3 январ куни Бағдодда АҚШ ҳужуми натижасида ўлдирилгунига қадар, Сулаймоний бутун минтақа, хусусан Ироқ, Сурия, Ливан, Яман ва Афғонистондаги билвосита урушлар ёрдамида ИИПКнинг экспансиявий дастурини амалга оширган.

Қимматга тушган бу ташаббуслар Теҳрон танлаган устуворликларнинг ноўрин эканини яна бир карра исботлар экан, эронликларнинг ҳукумат ва қулаб бораётган иқтисодиётдан норозилиги кучайган.

«ИИПК кўп йиллардан бери Эроннинг минтақадаги фаол иштироки динга ва Эроннинг олий руҳоний раҳбари Али Ҳоманаийнинг маънавий таъсирига асосланганини даъво қилиб келган», дейди сиёсий эксперт Карим Самадиён.

Эрон маданият вазири Аббос Солиҳий 2020 йил май ойида Қозим Сулаймонийнинг қизи Зайнабга отасининг тасвири акс этган суратни ҳадя қилмоқда. [Jamaran.ir]

Эрон маданият вазири Аббос Солиҳий 2020 йил май ойида Қозим Сулаймонийнинг қизи Зайнабга отасининг тасвири акс этган суратни ҳадя қилмоқда. [Jamaran.ir]

Чуқур маъноли сурат. 2020 йил январда Эрон режимининг иқтисодиётни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида нутқ сўзлаётган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ортидан ночорликдаги икки қизалоқ югуриб ўтган. (Файл)

Чуқур маъноли сурат. 2020 йил январда Эрон режимининг иқтисодиётни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида нутқ сўзлаётган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ортидан ночорликдаги икки қизалоқ югуриб ўтган. (Файл)

Аслида эса ИИПК «молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва унда қўмондонлар ва минтақадаги иттифоқчиларининг чўнтагини қаппайтирадиган даражада пул йўқ», деди у.

Унинг айтишича, қисман АҚШ ҳукуматининг Эронга ва хусусан ИИПКга қарши санкциялари туфайли юзага келган маблағ етишмовчилиги сўнгги вайтларда Эроннинг ёлланма гуруҳлари орасида ихтилоф ва норозиликларни авж олдирган.

Бу шунча пайтдан бери ИИПК мафкураси дин эмас, пулга асосланиб келганини исботлайди, деди Самадиён.

Сурия шарқида, асосан ироқлик ёлланма аскарлардан иборат «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ва ИИПК қўмондонлари ҳамда минтақада ҳокимият ва таъсир учун курашаётган бошқа воситачи гуруҳлар ўртасида ихтилоф кучаймоқда.

Сурия қабилалари кенгашининг аъзоси, шайх Мудар ал-Асаднинг айтишича, бу келишмовчиликлар, асосан, ҳукмрон қуролли кучлар орасида етакчилик, мол-мулк манбалари ва таъсир учун кечаётган қизғин кураш билан боғлиқ. Уларнинг ойлик маоши 1500 доллардан 300 долларгача тушиб кетган.

Сўнгги ойларда Яманда Эрон қўлловидаги хусийлар («Ансоруллоҳ») назорати остидаги ҳудудларга ноқонуний тарзда гиёҳванд моддалар олиб ўтиш ҳажми сезиларли даражада ошган.

Бу ҳолат қисман хусийларнинг муқобил даромад манбаларини топиш зарурати билан изоҳланмоқда, зеро Эрон ўз воситачиларини молиявий қўллаб-қувватлашни қисқартирган.

Ўринсиз устуворликлар

Маблағи камайиб бораётганига қарамай, Теҳрон терроризм, мазҳабпарастлик ва дезинформация экспорти йўлидаги сарф-харажатларни Эрон халқининг кундалик эҳтиёжларидан устун қўйишда давом этмоқда.

2 декабр куни Эрон ҳукумати парламентга 21 март куни бошланадиган янги молиявий йил учун 33,7 миллиард АҚШ долларига тенг давлат бюджети лойиҳасини тақдим этди, деб хабар берган Эрон ОАВ.

Бюджет лойиҳаси 8413 триллион риёлни ташкил қилган, бу риёл ҳисобида ўтган йилги кўрсаткичдан 74 фоизга кўп, лекин Эрон валютасининг қадрсизлангани ҳисобга олинса, 5 миллиард АҚШ долларига кам.

Бюджетга генералнинг ўлимидан кейин асос солинган Қосим Сулаймонийнинг асарларини чоп этиш ва сақлаш жамғармаси («Қосим Сулаймоний фонди» номи билан танилган) учун ажратилган 80,5 миллиард риёл (327 минг АҚШ доллари) ҳам киритилган.

Бу муассасага Сулаймонийнинг 29 ёшли қизи Зайнаб Сулаймоний раҳбарлик қилади.

5 декабр куни Зайнаб бу маблағни қабул қилмаслигини, уларни аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтириш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида баёнот берган эди.

Шундай бўлса-да, кейинги ҳисоботлардан фонд жорий йилда ҳукуматдан 400 минг АҚШ доллари олгани ойдинлашган. Бу пуллар ИИПК бюджетининг бир қисми сифатида Қосим Сулаймоний фондига ажратилган.

ИИПКнинг ўзи эса етарли даражада молиялаштирилган.

Март ойида Ҳоманаий ИИПКни молиялаштиришни ҳукуматнинг келаси йил учун таклифидан 33 фоиз кўпроққа оширган эди.

Ноўрин сарф-харажатларнинг яна бири ИИПК қўмондонларининг ҳайкаллари ва суратларига сарфланган маблағ бўлиб, улардан бири 19 июн куни Бағдод аэропортига кираверишда Ироқ халқ сафарбарлиги кучлари (ҲСК) томонидан очилган «Ғалаба гўзаллиги» суратидир.

Суратда аэропорт яқинида АҚШ ҳужуми натижасида ҳалок бўлган Сулаймоний ва ҲСК раҳбари ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис ироқликларни олқишлаётгани акс этган.

Коронавирус инқирози вақтида Сулаймоний туғилиб ўсган Керман вилоятидаги Жирофт шаҳрида унинг ҳайкали ўрнатилди. Эрон режимининг ноўрин сарф-харажати ижтимоий тармоқларда яна бир бор кенг омманинг танқидига учради.

Бу орада Эрон қўллаб-қувватлайдиган ва молиялаштирадиган «Ҳизбуллоҳ» Ливан жанубидаги Марун ар-Рас шаҳрида Сулаймонийнинг ҳайкалини барпо этган.

Эрон халқидан пул шилиш

Эронликлар тобора кучайиб бораётган иқтисодий инқироз билан курашаётган бир вақтда, Ҳоманаий ИИПК назорати остида бўлган ва маҳаллий норозиликларни бостириш учун қўлланиладиган «Босиж» сафарбарлик кучларига икки карра кўпроқ маблағ ажратган.

«Босиж» ҳарбийлашган бўлинмалари ноябрь ойида бензин нархининг 200 фоизга оширилиши ортидан юзага келган намойишларни бостиришга сафарбар этилган.

Норозиликларни бостириш чоғида Эрон хавфсизлик кучлари томонидан 304 эркак, аёл ва болалар ўлдирилган, деб хабар беради Amnesty International.

Теҳрон ИИПКнинг намойишларга аралашуви ва уларни бостиришини дори-дармон ва озиқ-овқатдан муҳимроқ деб кўради.

Март ойида Ҳоманаий COVID-19 вирусига қарши курашиш учун Эроннинг миллий тараққиёт жамғармасидан 1 миллиард евро (1,2 миллиард АҚШ доллари) ажратишга ваъда берган, аммо бу маблағнинг бор-йўғи 27 фоизини олган Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларга ойлик маош тўлай олмаяпти, деб хабар берган Эрон ОАВ.

«Фонддан миллиардлаб долларлар олинган, аммо бошқа мақсадлар учун сарфланган», деди парламентнинг соғлиқни-сақлаш қўмитаси раиси Ҳусайн Али Шаҳриёрий маҳаллий ОАВга. «Ҳукумат соғлиқни сақлаш ходимларининг адолатли талабларига очиқчасига жавоб бериши керак.»

Мамлакатда пандемия тарқаган пайт Эрон шифокорларини зарур воситалар, дори-дармонлар билан таъминлаш ўрнига, ИИПК апрел ойида COVID-19 вирусини аниқлайдиган бемаъни қурилмани тақдим этди.

Бу Сулаймонийнинг ўлимидан аввал ва кейинги ҳалокатли хатоларидан сўнг, Эрон режими ИИПКнинг имижини яхшилаш учун мисли кўрилмаган маблағ ва қимматли вақтни сарфлагани билан боғлиқ кўплаб мисоллардан биридир.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500