Карвонсарой
Таҳлил

Эрон қўлловидаги жангарилар Cурия режимининг қийноқ ва тазйиқларига алоқадор бўлиши мумкин

Карвонсарой

Режим қамоқхонасидан озод қилинган суриялик маҳбус Алеппо жанубидаги Ал-Айс назорат-ўтказиш пунктида мухолифат жангариларига ўз жароҳатларини кўрсатмоқда, 2018 йил, 19 июл. [Omar Haj Kadour/AFP]

Режим қамоқхонасидан озод қилинган суриялик маҳбус Алеппо жанубидаги Ал-Айс назорат-ўтказиш пунктида мухолифат жангариларига ўз жароҳатларини кўрсатмоқда, 2018 йил, 19 июл. [Omar Haj Kadour/AFP]

Эрон ўз экспансиявий режаларини кўзлаб, президент Башар ал-Асад режимини қўллаб-қувватлаш учун Сурияга кўнгилли аскарлар юборган ва режимнинг суриялик тинч фуқароларни ўлдиришига шерик бўлган.

Эрон Сурия можароси бошланганидан бери Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг «Ал-Қудс» кучлари (ИИПК-ҚК) ёрдамида фаолият юритиб келаётган эди. Ушбу бўлинма қўмондони Қосим Сулаймоний 3 январ куни Бағдодда АҚШ зарбаси натижасида ўлдирилган.

Унинг ўлими Теҳроннинг бутун минтақада жанговарлик ва ихтилофларни авж олдиришга қаратилган кўп йиллик кампаниясида бурилиш ясади.

Ҳозирда ИИПК-ҚК Исмоил Қаъний қўмондонлиги остида ҳаракат қилмоқда. Кўпчилик кузатувчиларнинг фикрича, унинг харизмаси ва минтақага оид билимлари Сулаймонийникидек бўлмаса-да, ўз ўтмишдошининг йўлини давом эттириш ниятида.

Идлиб вилоятининг шимоли-ғарбидаги мухолифат назоратида бўлган Дана шаҳрида ИИПКнинг «Қудс» кучлари қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши муносабати билан болаларга ширинликлар таклиф қилаётган суриялик эркак, 3 январ. [Aaref Watad/AFP]

Идлиб вилоятининг шимоли-ғарбидаги мухолифат назоратида бўлган Дана шаҳрида ИИПКнинг «Қудс» кучлари қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши муносабати билан болаларга ширинликлар таклиф қилаётган суриялик эркак, 3 январ. [Aaref Watad/AFP]

Айбланувчи Ийяд аль-Ғариб (чапда) Сурияда давлат ҳомийлигида қўлланилган қийноқларда айбланаётган икки суриялик маҳкум устидан суд жараёни олдидан капюшони билан юзини беркитмоқда. 23 апрел, Ғарбий Германия, Кобленц. [Thomas Lohnes / AFP / POOL]

Айбланувчи Ийяд аль-Ғариб (чапда) Сурияда давлат ҳомийлигида қўлланилган қийноқларда айбланаётган икки суриялик маҳкум устидан суд жараёни олдидан капюшони билан юзини беркитмоқда. 23 апрел, Ғарбий Германия, Кобленц. [Thomas Lohnes / AFP / POOL]

ИИПК-ҚК томонидан тузилган ва бошқариладиган кўнгилли аскарлар, шу жумладан афғон жангариларидан иборат Фотимиюн бўлинмаси ҳам Сурия режимини иқтидорда ушлаб туриш ва унинг рақибларини йўқотишга ҳам яширин, ҳам ошкора аралашган.

Бу можарони кенгайтириш ва мураккаблаштириш билан бир қаторда, Сурия режимига ўз халқига қарши яхши ҳужжатлаштирилган шафқатсизликларни давом эттиришга имкон берди, тинч аҳолига қарши кимёвий ҳужумлар ва қамоқхоналардаги қийноқлар шулар жумласидандир.

Сурия режимини шу ва бошқа жиноятлар учун жавобгарликка тортиш ва чет эл, хусусан Эрон ва Россиянинг аралашувига тўсқинлик қилиш учун АҚШ ҳукумати 2019 йил июнь ойида кучга кирган Сурия фуқароларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Цезарь қонунини қабул қилган.

Қонун 2013 йилда Сурия қамоқхоналаридаги ваҳшийликлар акс этган 55 мингта фотосурат билан чет элга қочган ва АҚШ Конгрессида гувоҳлик берган «Цезарь» тахаллусли суриялик собиқ ҳарбий фотосуратчининг шарафига шундай номланган.

Улар орасида Асад қамоқхоналарининг ичида олинган, пешоналарига рақамлар қўйилган маҳбусларнинг қийноқлар туфайли даҳшатли ҳолга келган жасадлари акс этган фотосуратлар ҳам бор эди.

Шу йилнинг март ойида яна кўрсатма берган Цезар АҚШ ва халқаро ҳамжамиятни Асад режимини қилмишлари учун жавобгарликка тортишга чақирди.

Асад иттифоқчиларига қарши санкциялар

Цезар қонуни кучга кирганидан бери АҚШ Молия вазирлиги режимга яқин шахслар, жумладан, Асаднинг рафиқаси ва ўспирин ёшидаги ўғлига нисбатан қатор санкциялар жорий қилган.

Бу санкциялар Суриянинг нефть сектори, қонун чиқарувчилари ва разведка ходимларига қаратилган. Ноябр ойидаги жазо чоралари эса 2015 йил октябрда Дума шаҳридаги бозор портлашида 70 дан ортиқ тинч фуқаронинг ҳалок бўлиши муносабати билан жорий этилган.

Шунингдек, режимнинг чет эллик воситачилари ҳам санкция остига тушган.

Қонун Асадни жавобгарликка жалб қилиш билан бир қаторда, Эрон ва Россиянинг аралашувига тўсқинлик қилиш ва уларнинг қайта қуришга доир манфаатли шартномалар орқали Сурия халқи эзишдан фойда кўришига йўл қўймаслик мақсадида ишлаб чиқилган.

У Фотимиюн бўлинмаси ва ИИПКга алоқадор бошқа гуруҳларни, шунингдек, Россия томонидан молиялаштириладиган, жумладан мамлакатнинг жанубий қисмида Сурия режимини қўлловчи қуролли кучларга қаратилган.

Фотимиюн бўлинмасининг Цезар қонунига мувофиқ нишонга олиниши «ИИПК ва унинг қуролли кучларига қаттиқ зарба беради», деди Эрон масалалари бўйича мутахассис Шеяр Турко.

Жангари гуруҳ ИИПК билан алоқалари ва террорчилик ҳужумлари учун 2019 йил январидаёқ АҚШ Молия вазирлигининг санкцияларига дучор бўлганди.

Янги санкциялар ИИПКга «экпансиявий мақсадларини амалга ошириш учун» хорижий воситачилардан фойдаланишни тақиқлайди ва Фотимиюн каби жангари гуруҳлар олдига янги тўсиқлар қўяди.

Жангари гуруҳ Суриянинг Дамашқ, Дайр Аз-зор, Ҳалаб ва Палмира сингари стратегик ҳудудларига жойлаштирилгани режимнинг ҳозирга қадар иқтидорда бўлишини таъминлади, деди Турко.

Фотимиюн қўмондонлари ва жангчиларига қарши санкциялар қўллаш орқали уни заифлаштириш, ўз навбатида, ИИПКнинг минтақадаги режаларига зарба беради ва табиийки, режимга кўрсатилувчи ёрдамга чек қўяди.

ИИПК томонидан молиялаштилувчи қуролли гуруҳ Суриядаги можарони авж олдиришда ва уни Асад режимини ҳокимиятда ушлаб туриш учун мазҳаблараро курашга айлантиришда етакчи рол ўйнади, дейди «Аш-Шарқ» минтақавий ва стратегик тадқиқотлар марказининг Эрон масалалари бўйича мутахассиси Фатҳи ал-Саид.

Унинг аралашувисиз Сурия режими бугунги кунга қадар ҳокимият тепасида қолмаган бўларди, деди у қуролли гуруҳларни содир этилган жиноятларга шерик дея таърифлаб.

Режим жиноятларининг янги далиллари

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳисоб-китобларига кўра, режим қамоқхоналаридаги қийноқлар ва мудҳиш шароит натижасида камида 100 минг киши ўлган. 2011 йилдан бери Сурия қамоқхоналарига ярим миллион одам тушган.

Бу орада Сурия режими содир этган жиноятларни тасдиқловчи янгидан-янги далиллар бўй кўрсатмоқда.

Душанба (21 декабр) куни немис прокуратураси Сурияда инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда гумон қилиниб, июн ойида ҳибсга олинган Германияда яшовчи суриялик шифокорга нисбатан қўшимча айбловлар илгари сурилишини эълон қилди.

AFP хабарига кўра, Алаъ М. исмли шахс илк дафъа 2011 йилда Хомс шаҳридаги Сурия разведка хизмати тасарруфидаги қамоқхонада маҳбусларни қийноққа солиш билан боғлиқ икки ҳолатда айбланган.

Аммо прокурорларнинг таъкидлашича, у энди аввалгидан кўпроқ қонунбузарликларда, жумладан, бир кишини ўлдириш ва 18 нафарини қийноққа солишда айбланмоқда.

Алаъ М. бу жиноятларни содир этган вақтда (жумладан, ўсмирнинг жинсий аъзоларига ўт қўйганида) Ҳомс шаҳридаги ҳарбий қамоқхонада шифокор бўлиб ишлаган.

2012 йилда у жароҳатлари оғирлашиб, ҳарбий госпиталга юборилган маҳбусни қидириб топган. Гумон қилинишича, у бошқа икки зобит билан маҳбусни тепиб калтаклаган ва уни ёқиб юборишдан олдин жароҳатларига алангаланувчи суюқлик қуйган. Натижада маҳбус ҳушини йўқотган.

Алаъ М. бу воқеадан бир неча кун ўтгач, маҳбуснинг қамоқхонадаги камерасига боргани ва у ердаги бошқа 20 маҳбусни дўппослаб, тепганликда айбланмоқда.

Маҳбуслардан бири ўзини ҳимоя қилишга уринган.

«Бу воқеадан кўп ўтмай, судланувчи заҳарли модда билан ўзига укол қилиб, бир неча дақиқадан сўнг вафот этган», деб хабар беради прокуратура.

Жабрдийдалар гумонланувчилар ҳақида кўрсатма бергач, апрел ойида Германияда Асад режимининг давлат миқёсидаги қийноқлари бўйича илк суд жараёни бошланган.

Икки айбланувчи – Сурия разведкасининг собиқ зобитлари Анвар Раслан ва Эяд ал-Ғариб хорижий мамлакатга инсониятга қарши жиноят содир этганларни жавобгарликка тортишга имкон берувчи универсал юрисдикция тамойили бўйича судланмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500