Саломатлик

«25 миллион бемор»: COVID-19 бўйича шубҳали рақамлар Эронда ваҳима келтириб чиқарди

Карвонсарой ва AFP

image

Теҳрон кўчаларининг биридан кетаётган юз ниқобидаги эронлик аёл, 2020 йил, 22 июл. [Атта Кенаре/AFP]

ТЕҲРОН – Президент Ҳасан Руҳоний мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи охир-оқибат COVID-19 коронавирусини юқтириши мумкинлиги ҳақида баёнот берар экан, эронликлар қўрқув, ғазаб ва саросима ичида қолишган.

«Ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳозирги кунга қадар 25 миллион эронлик ушбу вирусни юқтириб олган», деди Руҳоний 18 июл куни вирусга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳ мажлисида.

Руҳоний Теҳроннинг Яқин Шарқдаги энг мушҳиш эпидемияни жамоавий иммунитет билан енгишга умид қилаётганини айтар экан, фуқаролар ва соғлиқни сақлаш мутасаддиларини саросимага солиб қўйган.

Руҳоний соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига таяниб, келажакда яна «30-35 миллион киши инфекцияга чалиниши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирган ва Эронда «ҳали жамоавий иммунитет шаклланмаганини» айтган.

image

11 январ куни Теҳрондаги Амир Кабир университети олдидаги намойиш чоғида махсус қўшинлар билан тўқнашган эронлик эркак. [AFP]

Бу рақам мамлакатнинг расмий статистикаси (COVID-19 билан касалланган 291000 дан ортиқ киши) ва дунё бўйича қайд этилган 16 миллион ҳолатдан анча юқори.

Сешанба (28 июн) куни Эронда коронавирусга оид 235 та янги ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, бу мамлакатдаги кунлик рекорд натижа ҳисобланади. Ўлганларнинг умумий сони 16147 тага етган.

Руҳоний бундай бўрттирилган рақамларни эълон қилганидан кейин, уларни бошқа тилга олмаган, асослаб ҳам бермаган.

«Бироз қўрқинчли»

Президентнинг бундай статистикаси Теҳрондагиларнинг кўпчилигини хавотир ва саросимага солган кўринади.

«Жаноб Руҳонийнинг сўзларига кўра, бу деярли бутун Эрон аҳолиси вирусга чалинган ёки чалинишини англатади», дейди ўзини Ашрафий деб таништирган 50 ёшли тадбиркор.

Эрон аҳолиси 80 миллион кишини ташкил қилади.

«Тиббий кўрсатмаларга риоя қилганимиз бефойда бўлдими энди?» деди Ашрафий рақамларни «қўрқинчли» деб атаб.

Ризоий исмли тасвирий санъат ўқитувчиси рақамлар бу қадар катта эканига шубҳа билдирган.

«Шундай бўлган тақдирда ҳам, президент ўзининг аввалги баёнотларини қандай рад этгани ҳисобга олинса, бунга ишониш қийин», деди у.

У феврал ойида Эронда пандемия авж олган илк кунларда Руҳонийнинг «ҳаммаси бир неча кун ичида нормал ҳолатга қайтади» деган гапларини назарда тутган.

20 яшар сартарош Ашкан Далирий рақамларни реал деб ҳисоблаши ва бундан «бироз қўрқувда» эканини айтади.

Унинг айтишича, «одамлар ҳақиқатга тик қараши ва қўрққанларидан тиббий кўрсатмаларга кучлироқ риоя қилишлари учун» шундай баёнот берилган.

Ишончсизлик кучаймоқда

Эронликларнинг ҳукумат идораларига нисбатан ишончсизлиги кучайиб бораётган бир пайтда, Руҳонийнинг кутилмаган баёноти ва ундан кейинги сукути Эрон расмийларини изоҳ беришга мажбур қилган.

25 миллионлик рақам март ойида «13-14 вилоятдаги 10 минг киши орасида» ўтказилган тадқиқотга асосланган тахмин эди, деди Эрон соғлиқни сақлаш вазирининг тадқиқот ва технологиялар бўйича ўринбосари Ризо Малакзода.

«Шу кунга қадар бу одамларнинг иммунитети барқарор эканлиги исботланган, яъни улар эмланган одамлар кабидир», деди у 20 июл куни IRNA давлат ахборот агентлигига.

21 июл куни соғлиқни сақлаш вазирининг бошқа бир ўринбосари Алиризо Раисийнинг айтишича, бу рақам одамда антитаначалар бор-йўқлигини ва унинг нафақат COVID-19, балки коронавируснинг ҳар қандай турига чалинган-чалинмаганини аниқлайдиган серологик тестларга асосланган.

Бу рақамлар ва жамоавий иммунитет ҳақидаги гап-сўзлар одамларни ташвишга солиши мумкин деган тахминга яширин танқид билан жавоб берган Раисий «бундай рақамларни келтириш стратегик хато» деб айтган.

Руҳонийнинг баёноти турли манбалардан пандемияга оид дезинформация оқими келаётган вақтда янгради.

Фаолларнинг айтишича, Теҳрон, Москва ва Пекин мамлакат ичида йирик эпидемиялар ҳақидаги хабарларни цензура қилиб, сохта янгиликлар ёйинлаган ва Ғарб ҳукуматларининг пандемияга қарши чораларини танқид остига олган.

Бу уч ҳукумат COVID-19 пандемиясининг келиб чиқиши ҳақида муқобил гап-сўзларни фаол равишда илгари сурмоқда.

Коронавирус инқирози авжига чиққан маҳал Эрон ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) ниқоблар, тест тўпламлари ва коронавирус дориларини ишлаб чиқариш ҳақида бир нечта шубҳали даъволарни илгари сурган эди – уларнинг бари самарасиз бўлиб чиққан.

Апрел ойида COVID-19 коронавирусини аниқловчи қурилмани намойиш этган ИИПК уни «ажойиб» ва «янги, ноёб илмий ютуқ» деб атаб, Эрон расмийлари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига масхара бўлган эди.

Оммавий тартибсизликлар

Сўнгги бир неча ҳафта ичида Эронда юз берган норозилик намойишларидан шуни англаш мумкинки, оғир иқтисодий вазиятда ҳукуматнинг пандемияга қарши етарлича кураша олмаётгани фуқароларнинг ғазабини кучайтирган.

Намойишчиларга кўра, режим ўз мамлакатига сармоя киритиш ўрнига минтақа бўйлаб, хусусан, Сурия, Ироқ ва Яманда давом этаётган билвосита урушларни қўллаб-қувватлаш билан эронликларнинг иқтисодий ҳолатини янада оғирлаштирмоқда.

COVID-19 коронавирус эпидемияси иқтисодиётнинг вақтинча тўхтаб қолиши туфайли қатор муаммолар келтириб чиқарди, экспорт ҳажмининг қисқариши эса миллий валюта – риёлнинг кескин қадрсизланиши ва инфляциянинг кучайишига олиб келди.

16 июл куни полиция Хузистон вилоятининг Беҳбаҳон шаҳрида шундай норозилик намойишларидан бирини бостиришга уринган, намойишчилар январ ойида бутун мамлакатда бўлгани каби режимга қарши шиорларни кўтариб чиқиб, олий руҳоний Али Хоманаийга қарата «диктаторга ўлим» дея ҳайқирганлар.

Сўнгги норозилик намойишлари Эронда ўтган йилнинг ноябр ойида бензин нархининг ошгани туфайли юз берган қонли норозилик намойишларида қўлга олинган уч нафар эркакка нисбатан ўлим ҳукмини ўз кучидан қолдирганидан бир неча кун ўтиб бошланган.

19 июл куни режим жамоатчилик босими туфайли қатл ижросини кейинга қолдирган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)