Карвонсарой
Хавфсизлик

Сурия ва Россия кимёвий қуроллар туфайли босим остида қолмоқда

Карвонсарой ва AFP

Россия президенти Владимир Путиннинг сурати олдидаги «Новичок чойини» ёзуви, Берлиндаги Россия элчихонаси, 2020 йил 23 сентябр кунги намойиш чоғида олинган сурат. [Одд Андерсен/AFP]

Россия президенти Владимир Путиннинг сурати олдидаги «Новичок чойини» ёзуви, Берлиндаги Россия элчихонаси, 2020 йил 23 сентябр кунги намойиш чоғида олинган сурат. [Одд Андерсен/AFP]

ГААГА – Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) душанба (29 ноябр) куни Гаагада мажлис ўтказар экан, Сурия ва Россия кимёвий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли борасида янги босимга дуч келмоқда.

КҚТТ раҳбари Фернандо Ариасга кўра, Сурия режими кимевий қуроллар ҳақида баёнот бермаган ва инспекторларни мамлакатга киритмаган.

Россияда ҳибсга олинган Кремл танқидчиси Алексей Навалнийни заҳарлаш учун ишлатилган асабни фалажловчи модда дунёда кимёвий қуролланишга қарши чоралар учун «жиддий хавф» туғдиради, деб айтган Ариас.

Заҳарли газ ҳужумларида айбдор деб топилган Сурия апрел ойида КҚТТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Мамлакат кимёвий қуроллари ва қурол ишлаб чиқариш иншоотлари ҳақида тўлиқ маълумот бермагунича, бу тақиқ олиб ташланмайди.

«Ҳозирга қадар Сурия бу талабларнинг биттасини ҳам бажармаган», дейди Ариас. Унинг баёнотларини «аниқ ва тўлиқ деб бўлмайди», деб қўшимча қилган у.

Башар Асаднинг Сурия режими КҚТТнинг қурол бўйича инспекторларига виза бермади, оқибатда ташкилот у ерга ўз жамоасини жойлаштиришдан бош тортди, дейди Ариас.

АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Линда Томас-Гринфилд Сурия режимини «мустақил терговга тўсқинлик қилиш ва КҚТТнинг роли ҳамда ишларига путур етказишда» айблаган.

Шунингдек, у режим иттифоқчилари, айниқса Россияни жавобгарликка тортиш чораларига қаршилик қилиш йўлларини излашда айблаб чиқди.

Жавобсиз қолган саволлар

Россия 2020 йилда Навалнийнинг «Новичок» моддаси билан заҳарланиши ҳолати бўйича саволларга жавоб бермаган, ушбу ҳодисада Кремл айбдор деб кўрилади.

«Россия федерацияси ҳудудида кимёвий қуролларнинг қўлланилиши бу конвенцияга жиддий хавф солади», дейди Ариас.

Москва КҚТТ инспекторларини тергов учун Россияга таклиф қилган, аммо Ариасга кўра, ташриф Россия расмийлари бошқа мамлакатлардагига нисбатан қатъийроқ шартлар қўйгани сабабли амалга ошмаган.

Қурол-яроғ назорати ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Бонни Женкинс йиғилишда берган баёнотида «Биз Россия ва Асад режимини яна бир бор ўз мажбуриятларини бажаришга чақирамиз», деб айтган.

Британиянинг мудофаа масалалари бўйича вазири Аннабел Голдининг айтишича, Россия нафақат Навалний, балки 2018 йилда Солсберида собиқ КГБ агенти Сергей Скрипалнинг «Новичок» билан заҳарланиши ҳақидаги саволларга ҳам жавоб бериши керак.

«Бу заҳарлаш амалиётлари учун Россиянинг иштироки ва жавобгарлигидан бошқа ишонарли изоҳ йўқ», деди Голди.

Москва бу икки ҳодисага алоқадорлигини рад этиб келади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500