Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Кремлдаги маросим россиялик ҳарбий блогерлар тарафидан мазах қилинди

Карвонсарой ва AFP

Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлиги, миллий гвардия ва бошқа хавфсизлик хизматлари қўшинларига мурожаат қилиш учун зинапоядан тушиб келмоқда, Кремл, 27 июн. [Сергей ГУНЕЕВ/СПУТНИК/AFP]

Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлиги, миллий гвардия ва бошқа хавфсизлик хизматлари қўшинларига мурожаат қилиш учун зинапоядан тушиб келмоқда, Кремл, 27 июн. [Сергей ГУНЕЕВ/СПУТНИК/AFP]

Россиялик нуфузли ҳарбий блогерлар Москванинг шанба (24 июн) кунги Вагнер гуруҳи исёнига муносабатини савол остига қўйиб, Россия президенти Владимир Путин уюштирган маросимни мазах қилишган.

Ўтган ҳафта юз берган ғайриоддий воқеалар қаторида бир неча ой Украина шарқида жанг қилган Евгений Пригожиннинг Вагнер гуруҳи исён кўтариб, Москвага ҳужум билан таҳдид қилган, аммо бир оз ўтиб ортига қайтган.

Айрим блогерлар кутилмаган юриш ва Кремлнинг исёнчиларни жазоламасликка ваъда беришини заифлик белгиси, деб таърифлаган.

«Москвага қуролланган гуруҳ келаётганида мудофаа вазирлиги раҳбарияти қаерда эди?» деб ёзган мухбир Юрий Котенок.

Исёндан сўнг Путин вазиятни аввалдан назорат қилаётганини кўрсатиш учун халққа бир неча бор мурожаат билан чиққан.

Аммо қизил гилам устида туриб, қўзғолонни бостиришда иштирок этган аскарлар ва полицияга ташаккурнома билдирган Путин сешанба кунидаги маросим интернетда кулгига қолган.

Вагнер жангчилари Москвага юриши давомида бир нечта ҳарбий иншоотларни, жумладан Ростовдаги жанубий ҳарбий округ бошқармасини қўлга олган эди.

«Вагнерчиларнинг шарпасидан қўрқиб бир неча сонияда бинодан қочиб кетган Жанубий ҳарбий округ бошқармаси зобитлари кеча давлат нишонини олиб ўтирибди», деб ёзган 63 минг обуначига эга Battle_Z_Sailor Телеграм канали.

Канал ҳарбий полиция ва махсус кучларни қўзғолон вақтида ғойиб бўлишда ва «ҳарбий хизматга чақирилганларни дарвоза олдида қолдиришда» айблаган.

100 мингга яқин обуначига эга Govorit TopaZ номли яна бир Телеграм канали ҳам маросимга оид муаммоларни ёритган.

«Кремл ҳозир қонсиз низони ҳал қилишда умуман иштирок этмаган одамларни мукофотлаб олқишламоқда», деб ёзади канал.

Канал ҳукуматни «қўзғолонга нима сабаб бўлгани ҳақида лом-мим демагани учун» танқид қилган.

Исёндан бир неча ой аввал Пригожин Россия олий қўмондонлигини Украинада уқувсиз иш олиб бораётганликда айблаган эди.

Ҳисобот: Пригожин Россия генералларини қўлга олишни мақсад қилган

Ўтган ҳафтада юз берган қўзғолон давомида Вагнер гуруҳи етакчиси Россия армияси қўмондонларини қўлга олишни режалаштирган, аммо улар режаланган исёндан эртароқ хабар топишган ва қочиб улгуришган, деб хабар беради Wall Street Journal нашри чоршанба куни.

Нашрда келтирилган Ғарб расмийларининг сўзларига кўра, Пригожин ўзининг энг асосий рақиблари – Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва ҳарбий штаб бошлиғи Валерий Герасимовни улар жанубга ташриф буюрганида қўлга олмоқчи бўлган.

Аммо Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) режадан хабар топган, натижада Шойгу ва Герасимов сафарларини ўзгартиришган, деб хабар беради нашр исми ошкор этилмаган расмий манбаларга таяниб.

Натижада Пригожиннинг ўз режасини ўзгартирган. Шанба куни эрталаб Вагнер кучлари Украина урушидаги муҳим логистика ва қўмондонлик маркази бўлган Жанубий ҳарбий округ бошқармасини эгаллаганлар.

АҚШ расмийлари ОАВга режалаштирилаётган исёндан бир неча кун аввал хабар топганини айтган. Пригожин ўзининг шахсий қуролли кучлари колоннасини Москвага қараб йўналтирган, аммо Путин уларни «сотқинлар» деб атаганидан кейин улар ортга қайтишган эди.

Шунингдек, New York Times нашрининг исми ошкор этилмган АҚШ расмийларига таянган ҳолда хабар беришича, катта генерал Сергей Суровикин Пригожиннинг исён уюштиришини аввалдан билган.

Юқори мансабдор ҳарбийларнинг режадан хабардор бўлгани Пригожин ва Вагнернинг эҳтимолий иттифоқдошларига исёнга қўшилишга тўсқинлик қилиб, унинг муваффақиятсиз якунланишига олиб келган бўлиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳа, Путин ҳаммаси назорат остида эканлигини кўрсатаман деб жони ҳалак. Бир ҳафта аввал тахтдан ағдарилишига сал қолган эди, энди эса тарихни қайта ёзаётган улуғ инсон! Уни қўллаб-қувватлаганлар ҳам устидан кулишяпти. Унинг ҳукмдорлик санъати алоҳида аҳамиятга эга. Қонсиз низони ҳал қилишда умуман иштирок этмаганларни мукофотлаши эса жуда таъсирли. Тасанно Путин, тассанно! «Ҳаммасини назорат қиляпман» номли спектаклинг ҳақиқатда Оскарга лойиқ! Қўзғолонга нима сабаб бўлганр ҳақида лом-мим демаган ҳукуматга ташаккур билдиришни унутма. Уларнинг сукунатисиз сенинг абсурдлар театринг имконсиз бўлар эди.

Жавоб бериш

Қўрқоқ Путиннинг аҳволи ёмон кўринди.

Жавоб бериш